Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланилганда, патент эгасига тўланадиган товон миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 26 апрелдаги ПҚ-221-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонунининг 32-моддасида қуйидагилар назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш билан боғлиқ сўнгги зарурат юзага келган тақдирда, саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланилишига уни бу ҳақда энг қисқа муддатда хабардор қилиб, кейинчалик мутаносиб миқдорда унга товон тўлаган ҳолда рухсат бериши мумкинлиги;
товон миқдорини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланилганда, патент эгасига тўланадиган товон миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан (кейинги ўринларда — саноат мулки объекти) патент эгасининг рухсатисиз фойдаланиш тартиби;
саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳажми ва давомийлигини белгилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш;
патент эгасига тўланадиган товон миқдорини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ушбу қарорга 2-илованинг 1-банди 2025 йил 1 январдан кучга киради.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 31 август,
535-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 августдаги 535-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланилганда, патент эгасига тўланадиган товон миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан патент эгасининг розилигисиз ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан (кейинги ўринларда — саноат мулки объекти) фойдаланишга рухсат берилганда, патент эгасига тўланадиган товон миқдорини аниқлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланишга ваколатли орган томонидан давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш билан боғлиқ сўнгги зарурат юзага келганда ҳамда ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун патент эгасининг имкониятлари (ишлаб чиқариш материаллари, ускуналари ва бошқалар) мавжуд бўлмаган тақдирда рухсат этилади.
3. Саноат мулки объектидан фойдаланишга рухсат, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси ички бозорининг эҳтиёжларини таъминлаш учун берилади.
4. Мазкур Низом саноат мулки объектидан мажбурий лицензия асосида фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.
2-боб. Саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланиш.
5. Саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланиш ҳуқуқи ваколатли орган томонидан саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни тайёрлаш, қўллаш, сотишга таклиф этиш имкониятига эга ва хоҳиши бўлган ҳар қандай шахсга берилади.
6. Саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланишга рухсат этилганда, ваколатли орган патент эгасини бир иш куни ичида хабардор қилади.
7. Ваколатли орган томонидан саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳажми, давомийлиги ва мазкур Низомга мувофиқ аниқланадиган патент эгасига тўланадиган тўлов миқдори белгиланади.
8. Саноат мулки объектидан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланиш муддати мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.
9. Саноат мулки объектидан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланиш ҳуқуқи уни бериш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда ёки саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс ташаббусига кўра ваколатли орган томонидан бекор қилинади.
10. Саноат мулки объектидан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс ташаббусига кўра бундай объектдан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишда ваколатли орган камида 10 кун олдин хабардор қилиниши керак.
3-боб. Патент эгасига товон тўлаш
11. Товон миқдори патент эгасининг розилигисиз саноат мулки объектидан фойдаланган ҳолда реализация қилинган товарлардан ва (ёки) бажарилган ишлар ва (ёхуд) кўрсатилган хизматлардан олинган тушумларнинг 0,5 фоизини ташкил этади.
12. Товон бўйича тўловлар ваколатли орган томонидан берилган рухсатнинг амал қилиш мобайнида ҳар ойда тўланади.
Патент эгаси ва саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахснинг ўзаро келишувига асосан товон тўлаш шартлари ва муддатлари ўзгартирилиши мумкин.
13. Товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун бир нечта саноат мулки объектидан фойдаланилганда, товон миқдори ҳуқуқ эгаларига тегишли патентлар сонига тенг равишда тақсимланади.
14. Патент эгасига товон саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс томонидан тўланади.
15. Саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс товон тўлашдан бош тортганда ёки тўловни ўз вақтида тўламаганда, товон тўлиқ ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун шакллантирилган маблағлар ҳисобидан қопланади. Бунда ваколатли орган саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсдан патент эгасига тўланган суммаларни регресс тартибида тўлашни талаб қилишга ҳақли.
4-боб. Якунловчи қоидалар
16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
17. Саноат мулки объектини патент эгасининг розилигисиз фойдаланишга бериш тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 августдаги 535-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 декабрдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган Мадрид битимига доир Баённомага (Мадрид, 1989 йил 27 июнь) мувофиқ белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказишда ундириладиган якка тартибдаги божлар ставкаларининг «Ставкалар (АҚШ доллари)» устунида:
1.1-позициядаги «1200» рақами «320» рақами билан алмаштирилсин;
1.2-позициядаги «120» рақами «130» рақами билан алмаштирилсин;
2.1-позициядаги «1800» рақами «480» рақами билан алмаштирилсин;
2.2-позициядаги «180» рақами «80» рақами билан алмаштирилсин;
3.1-позициядаги «600» рақами «160» рақами билан алмаштирилсин;
3.2-позициядаги «60» рақами «107» рақами билан алмаштирилсин;
4.1-позициядаги «1200» рақами «320» рақами билан алмаштирилсин;
4.2-позициядаги «120» рақами «53» рақами билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг IV бўлими қуйидаги мазмундаги 90-позиция билан тўлдирилсин:
|
« |
|
|
90. |
Патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш |
|
». |
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сонли қарорига асосан 3-банднинг ўз кучини йўқотиш санаси — 2026 йил 26 февраль — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.11.2025 й., 09/25/738/1087-сон)
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомнинг 8-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги «Вазирлик ва Давлат муассасасининг» сўзлари «Вазирликнинг» сўзи билан алмаштирилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 4-илованинг 9-позицияси қуйидаги таҳрирдаги «и» кичик банди билан тўлдирилсин:
«и) I рейтинг гуруҳи ижрочилари томонидан ўзгаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини бузмаслик*».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2024 й., 09/24/535/0679-сон; 25.11.2025 й., 09/25/738/1087-сон)