Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 27 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 28 августда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 28 августда маъқулланган
1-модда. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони таъсис этилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги 176-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-473-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 221-модда; 2019 йил, № 9, 589-модда; 2020 йил, № 3, 200-модда, № 5, 299, 300-моддалар, № 6, 334-модда, № 12, 688-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 8, 790-модда) 7-моддасининг биринчи қисмига куйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги ўттизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор»;
ўттизинчи — ўттиз олтинчи хатбошилар тегишинча ўттиз биринчи — ўттиз еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида»ги 226-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 64-модда; 1997 йил, № 2, 64-модда; 1998 йил, № 5-6, 114-модда, № 9, 164-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 12, 688-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда) куйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 1-модда:
қуйидаги мазмундаги ўттизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор»;
ўттизинчи — ўттиз олтинчи хатбошилари тегишинча ўттиз биринчи — ўттиз еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари тўғрисидаги Низом «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони тўғрисидаги матндан кейин қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони бизнеснинг янги, юқори даромадли йўналишларини йўлга қўйган, соҳага инновацияларни кенг жорий қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек фаолиятида давлат органлари билан ҳамкорликни амалга ошириб, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган, бизнес юритишда катта тажрибага эга бўлган, илғор ва ташаббускор тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига ҳамда таъсисчиларига берилади»;
3) Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларининг кўкрак нишонлари тавсифи «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонининг кўкрак нишонига оид тавсиф матнидан кейин қуйидаги мазмундаги матн билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор»
Кўкрак нишони диаметри 30 миллиметрли доира шаклида бўлади ва 925 пробали кумушдан тайёрланади. Нишоннинг қалинлиги 2,2 миллиметр.
Нишоннинг юз томонида, Ўзбекистон Республикасининг географик харитаси ҳамда қуёш нурлари фонида тадбиркорликнинг жадал ривожланиши ва унинг мамлакатимиз тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасини акс эттирувчи иқтисодий ўсиш белгиси ва тангалар акс эттирилган.
Нишоннинг айланаси бўйлаб пастки ўнг қисмида дафна новдаси ва юқори қисмида «XIZMAT KOʻRSATGAN TADBIRKOR» ёзуви жойлашган.
Нишоннинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
Тасвирлар ва ёзув қабариқ.
Нишоннинг юз ва орқа томонлари чеккалари қабариқ ҳошия билан ўралган.
Кўкрак нишонининг ички қисмига Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
Қадағичнинг бўйи 16 миллиметр, эни 25 миллиметр.
Қадағичнинг орқа томонида нишонни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич тарзидаги мослама мавжуд».
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 август,
ЎРҚ-952-сон
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2024 й., 03/24/952/0678-сон)