Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 5 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 18 майда маъқулланган
Мамлакатимизда хусусий мулк, хусусий мулкка бўлган ҳуқуқ дахлсизлигининг ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат органларининг мулкий муносабатларга қонунга хилоф равишда аралашишини чеклаш, шунингдек табиий офатлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолларда аҳоли пунктларини ва турар жойларни муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигини, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга эса уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланишини белгиловчи норма назарда тутилган. Бундан ташқари Конституцияда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлигининг, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишининг кафолати мустаҳкамланди.
Мазкур конституциявий кафолатларни янада мустаҳкамлаш, уларни қонун ҳужжатларида акс эттириш мақсадида ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни белгиланган тартибда қопланишини, тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуриш тақиқланишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Ушбу Қонун хусусий мулкнинг ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар ҳамда шарт-шароитлар яратишга, шунингдек шаҳарсозлик объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш чогида табиий офатлар хавфи юзага келиши мумкинлиги ҳамда иқлим ўзгариши ҳисобга олинишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган 713-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 1, 4-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; 2004 йил, № 5, 90-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 6, 260-модда; 2007 йил, № 1, 3-модда, № 4, 156-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 12, 470-модда; 2011 йил, № 12/2, 365-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 10, 673, 676-моддалар; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 4, 199-модда, № 11, 792-модда; 2020 йил, № 9, 539-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 973-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда) 11-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
учинчи қисмнинг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади»;
бешинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майда қабул қилинган ЎРҚ-328-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 5, 133-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 384, 385-моддалар; 2018 йил, № 12, 781-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 3, 166-модда, № 12, 886-модда; 2020 йил, № 1, 2-модда, № 11, 652-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 577-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда) 18-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиши, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, кафолатланади. Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмайди»;
тўртинчи қисм бешинчи қисм деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 февралда қабул қилинган ЎРҚ-676-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 2, 145-модда; 2022 йил, № 6, 570, 577-моддалар, № 11, 1061-модда; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 12, 1010-модда) 47-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуриш»;
тўртинчи — еттинчи хатбошилар тегишинча бешинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июнда қабул қилинган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-781-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 6, 576-модда) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 7-модданинг учинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 11-модда:
иккинчи қисмидаги «ўн етти» деган сўзлар «ўн олти» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
тўртинчи хатбошиси «ҳудудий» деган сўздан кейин «иқтисодиёт ва» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
бешинчи хатбошисидаги «Давлат солиқ қўмитаси» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 13-модда:
иккинчи хатбошисидаги «Қурилиш вазирлиги» деган сўзлар «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошисидаги «Давлат солиқ қўмитаси» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «Қурилиш вазирлиги» деган сўзлар «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонуннинг 3-моддаси ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 август,
ЎРҚ-950-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2024 й., 03/24/950/0672-сон)