Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Қишлоқ хўжалигида солиқ тўғрисидаги қонунчилик талабларини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўли билан тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш, мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, туманлар ва шаҳарларни уларнинг шароитлари, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантириш мақсадида:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг:
шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари учун икки баравар миқдорида ер солиғини ҳисоблаш тартибини бекор қилиш;
шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари учун ер солиғини амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб ҳисоблаш тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарордан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 28 август,
ПҚ-304-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 07/24/304/0663-сон)