ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ
Қарори
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларининг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови бўйича муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, сўнгги йилларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (кейинги ўринларда — МЕТҲ) фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори ҳамда 1 та фармойиши қабул қилинган.
Олиб борилган ишлар натижасида МЕТҲ умумий майдони 6,4 млн гектарга етказилди ва улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.
МЕТҲнинг ер майдонлари, ер тоифалари, сувли майдонлари, ўсимлик ва ҳайвон турлари сони тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилган. МЕТҲдаги мавжуд юксак ўсимликларнинг 261 тури, умуртқали ҳайвонларнинг 103 тури ва кенжа тури Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.
Вазирлар Маҳкамаси қўшни давлатларга туташ ҳудудларда ягона экотизимли трансчегаравий МЕТҲ ташкил этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқиб, томонларга тақдим этган.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш бўйича смарт мониторинг тизими жорий этилиб, кадастр маълумотларини тўплаш ҳамда шакллантириш ва таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилган, шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий географик ахборот тизимига интеграция қилинган.
Ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси объектларини сақлаш, улардан фойдаланиш, қайта кўпайтириш ва тиклаш мақсадида МЕТҲда беш йилга (2021 — 2025 йиллар) мўлжалланган бошқариш режалари тасдиқланган.
МЕТҲда Ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, йил мавсумларида ҳайвонлар махсус озиқланадиган жойларни ташкил этиш чоралари кўрилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги «Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 674-сонли қарорига мувофиқ МЕТҲнинг рухсат этилган ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида инвестор ва тадбиркорларни жалб қилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида МЕТҲ махсус транспорт воситалари, лаборатория жиҳозлари, алоқа воситалари, метеостанция, оптик кузатиш ва бошқа зарур техник мосламалар билан таъминланган.
МЕТҲга антропоген омиллар таъсирини камайтириш мақсадида қатор қўриқхоналарга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) зоналар ташкил қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон ва ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда кўпайтириш мақсадида МЕТҲда ихтисослаштирилган парваришхоналар, питомниклар, плантациялар ташкил этилган.
Парламент сўрови жавоби таҳлиллари ва ўтказилган бошқа ўрганишлар айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, МЕТҲда амалга ошириладиган биотехник тадбирлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши лозим бўлса-да, айрим ҳолатларда етарли маблағ ажратилмаяпти.
Ҳудудларнинг хусусиятларини, табиий мажмуаларнинг жойлашуви ҳамда иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда замонавий экологик индикаторларни ишлаб чиқиш лозим.
Ноқонуний чорва моллари боқилиши, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва бошқа салбий омиллар сабабли МЕТҲнинг умумий биомассаси сийраклашиши ҳамон давом этмоқда.
МЕТҲ майдонларини кенгайтиришда ҳам айрим муаммоларга дуч келинмоқда. Танланаётган ерларнинг асосий қисми Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги ҳудудларга тўғри келаётганлиги сабабли ҳозирги кунда МЕТҲ майдонларини кенгайтириш амалга оширилмай қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-171-сонли қарорида 2023 йил 1 июлдан бошлаб МЕТҲ илмий ходимларига Фанлар академияси илмий ташкилотларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилиши белгиланган бўлса-да, ҳудудий молия бўлинмалари томонидан мазкур вазифа ижроси таъминланмаган.
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини ва қонунчиликда белгиланган вазифаларни инобатга олиб, МЕТҲни бошқариш, улардан самарали фойдаланишнинг институционал асосларини такомиллаштириш ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алихановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳудудларнинг хусусиятларини, табиий мажмуаларнинг жойлашуви ҳамда иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда замонавий экологик индикаторларни ишлаб чиқиш;
МЕТҲ майдонларини кенгайтиришнинг самарали тизимини жорий этиш;
МЕТҲ ер майдонларини саноат, ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун ажратишни тақиқлаш;
МЕТҲни бошқариш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, шу жумладан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
МЕТҲга антропоген таъсирни янада камайтириш мақсадида қўриқхоналар ҳамда уларга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) ташкил қилиш ишларини жадаллаштирсин;
МЕТҲда амалга ошириладиган биотехник тадбирлар учун маҳаллий бюджетдан маблағларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминласин;
йил якунига қадар МЕТҲни 14,2 фоизгача кенгайтириш ишларини ташкил этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига ҳудудлардаги МЕТҲнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати бўйича масъул ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси амалга оширилган ишлар юзасидан жорий йилнинг 20 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 10 июль,
СҚ-948-IV-сон