Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 18 декабрдаги ЎРҚ-883-сон Конституциявий Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар, шунингдек уларнинг ишончли вакилларининг сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 5 октябрдаги 950-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 июль,
1345-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1345-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади), халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутатлигига номзодларнинг (бундан буён матнда депутатликка номзод деб юритилади) ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.
2. Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни ва Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугатилади.
3. Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга.
Депутатликка номзод депутат этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати бўйича номзодлар сайланиши учун сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.
4. Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
сайлов комиссиялари аъзоларининг;
диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
5. Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастурини, сиёсий партиянинг дастурини ва сайловолди платформасини ташвиқот қилиш ҳуқуқи берилади. Ташвиқот давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.
6. Сайловолди ташвиқоти:
сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
депутатликка номзод ва сиёсий партия тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш шаклида олиб борилади.
7. Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) чиқишлар, видео ва аудио роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
8. Сайловолди ташвиқоти:
ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали;
босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш;
сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодекси ва ушбу Низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
9. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларининг мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар.
10. Сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагилар ҳисобланади:
депутатликка номзод ва сиёсий партия учун овоз беришга чорловчи босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар;
депутатликка номзодга ва сиёсий партияга оид плакатлар, баннерлар, варақалар;
ОАВда қўйиладиган депутатликка номзод ва сиёсий партия учун овоз беришга чорловчи видео ва аудио роликлар;
Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга мўлжалланган депутатликка номзод ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга чорловчи бошқа материаллар.
Депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва уларнинг сайловолди дастурлари, шунингдек партия рўйхати ва сиёсий партияларнинг дастурлари тўғрисидаги тегишинча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади), ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.
11. Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
12. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини бузиш, нотўғри ахборотни, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни, шунингдек ёлғон (шу жумладан, чалғитадиган ёки адаштириб юборадиган даражадаги), бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказувчи ҳар қандай сайловолди ташвиқоти материалларини, шу жумладан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
13. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.
Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (жумладан, сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун олдин олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.
14. Сайлов комиссиялари аъзолари партия рамзлари туширилган кийим кийиши, тақинчоқ тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши тақиқланади.
15. Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилади. Депутатликка номзодларни ва сиёсий партияларни бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.
16. Депутатликка номзод ва сиёсий партиянинг сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг ҳажми Марказий сайлов комиссияси томонидан тенг улушларда белгиланади ва сиёсий партиянинг тегишли ҳисобварағига ўтказилади.
17. Сайловолди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар ўзининг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини сиёсий партияни ёки унинг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этмаган (чақирмаган) ҳолда ўз маблағлари ҳисобидан, шу жумладан ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин.
2-боб. Оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш
18. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга давлат ОАВдан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
19. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадида ОАВдан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти:
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида — сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг республика органлари фикрини инобатга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан;
халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида — сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг ҳудудий органлари фикрини инобатга олган ҳолда ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан;
халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида — сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг туман ва шаҳар органлари фикрини инобатга олган ҳолда туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади.
20. Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиялари қарорларида қуйидагилар белгилаб берилади:
эфир вақти ёки нашр майдони бепул тақдим этиладиган давлат ОАВ рўйхати;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат (республика ва маҳаллий) теле- ва радиоканалларида бепул тақдим этиладиган эфир вақти ҳажми, шунингдек, улар эфирига узатиладиган вақт;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат (республика ва маҳаллий) нашрларида бепул тақдим этиладиган нашр майдони ҳажми, шунингдек, улар чоп этиладиган кунлар;
сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг ОАВда чиқиш навбати.
Давлат ОАВда бепул тақдим этиладиган эфир вақти ва нашр майдони ҳажми ҳамда вақти тегишли ОАВ билан олдиндан келишиб олинади.
21. Давлат теле- ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга (прайм-таймга) тўғри келиши керак.
22. Бепул эфир вақтидан депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар вакиллари оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод ёки сиёсий партиялар тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти доирасида теле- ва радиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли теле- ва радиоканаллар билан ҳамкорликда сиёсий партиялар ҳамда депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан тайёрланади.
23. Тақдим этилган эфир вақтидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда, агар депутатликка номзодлар бундай тадбирларда қатнашишга рози бўлса, улар ўртасида оммавий дебатлар ва мунозаралар ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.
24. Босма ОАВда чоп этиш учун материаллар депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари уларни тақдим этган шахсларнинг розилигисиз таҳрир қилиниши мумкин эмас.
25. Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар уларга тақдим этилган эфир вақтидан ва нашр майдонидан эркин ва ўз ихтиёрига кўра қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этган ҳолда фойдаланади.
Сиёсий партиялар билан ўзаро келишилган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари ва мазмун-моҳияти бирхиллаштирилиши мумкин.
26. Муайян депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки нашр майдонидан бошқа депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар фойдаланиши мумкин эмас.
Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар бепул тақдим этилган эфир вақтидан ва нашр майдонидан воз кечишга ҳақли.
27. Бепул тақдим этилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида сайловолди ташвиқоти материаллари узатилаётган ҳамда чоп этилаётган вақтда ОАВ улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этади.
28. Сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партиялар вакилларининг бепул тақдим этилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида ОАВда чиқишлари уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига қараб амалга оширилади.
29. ОАВ сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзоднинг ишлаб чиқариш ва хизмат вазифаларига оид фаолиятини ёритишлари мумкин ва бу сайловолди ташвиқоти тусидаги тадбир ҳисобланмайди.
30. Ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформасини ёритиб беришда ОАВ:
тенг шароитлар яратиб бериши, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенг шароитлар яратиб бериши;
материалларни эфирга узатиш ҳамда чоп этишда улар кўпроқ биргаликда берилишига эришиши керак.
31. Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки нашр майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин. Бунда ҳақ тўлаш шартлари ОАВлар томонидан мустақил белгиланади. Бу ҳақдаги ахборот уларнинг расмий веб-сайтларида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилиниши лозим.
Эфир вақти, нашр майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Пулли эфир вақтини ёки нашр майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар ОАВ ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
ОАВ томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак. Бу ҳақда ОАВ эфирда ёки босма нашрда ёхуд расмий веб-сайти орқали хабар бериши ёки бошқача усулларда эълон қилиши лозим.
Мазкур банд талаблари сиёсий партиялар томонидан таъсис этилган босма ва электрон ОАВларга татбиқ этилмайди.
32. ОАВда тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Депутатликка номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.
Номзодлар ва сиёсий партиялар тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш тақиқланади.
33. Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар ОАВда эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.
Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли.
Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак.
Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши, шунингдек раддия веб-сайтда берилган тақдирда, мазкур жавоб берилишига сабаб бўлган материал эълон қилинган саҳифага тегишли ҳавола (гиперҳавола) кўрсатилган ҳолда жойлаштирилиши керак.
ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.
34. ОАВда, шу жумладан ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан амалга оширилади.
Мониторинг натижалари ҳар куни, ёритиш эртасидан кечикмай Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиб борилади.
3-боб. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш
35. Босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиб берилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.
Сайловолди ташвиқоти материалларини, шу жумладан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, тайёрлаш ва тарқатишда қуйидаги талабларга риоя этиш лозим:
ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслиги;
бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек бошқа шахсга доир маълумотларидан фойдаланиб сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатишда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш.
36. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагиларга эга бўлиши керак:
сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот;
сайловолди ташвиқоти материаллари сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган тақдирда, ушбу материаллар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрланганлиги ҳақида маълумот.
37. Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.
Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.
4-боб. Сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб бориш
38. Депутатликка номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партиялар ва уларнинг вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ўтказиш учун тенг шароитлар яратилади.
39. Сайловчилар билан учрашувлар депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади.
Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, бошқа депутатликка номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа депутатликка номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
40. Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳудудий, туман, шаҳар ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилинади.
Депутатликка номзоднинг ва сиёсий партиянинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши тўғрисидаги ахборот маҳаллий ОАВда эълон қилинади.
41. Депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиш, зарур маълумот ва ахборот материаллари билан таъминлашни сўраб давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат бирлашмаларига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилишга ҳақли.
42. Сайловчилар билан учрашувлар чоғида депутатликка номзод, унинг ишончли вакили ва сиёсий партиялар вакиллари маъруза билан сўзга чиқишлари мумкин. Маъруза якунлари бўйича депутатликка номзоднинг келгусидаги фаолияти дастури, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожига доир турли масалаларга муносабати юзасидан муҳокама ва мунозаралар ўтказилади.
43. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши;
зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга ёрдам кўрсатиши;
депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар билан учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиш масаласида уларга кўмаклашиши шарт.
44. Депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг вакиллари сайловчилар билан учрашув вақтида, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радиода нутқ сўзлаш вақтида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолган ҳолда ишлаб чиқариш ёки хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.
45. Депутатликка номзод сайловолди ташвиқоти даврида депутатликка номзод этиб рўйхатга олинган сайлов округи жойлашган ҳудудда барча турдаги давлат йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма қилинадиган рейслари мустасно).
46. Депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловчилар билан учрашувлари очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади, хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлланиладиган чекловлар бундан мустасно.
5-боб. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш
47. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.
Ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссиялари тегишли ҳудудида сайловолди ташвиқотини ўтказиш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.
48. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.