Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 11 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3529]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 июль,
16-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 10 июлдаги 16-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Адлия вазирлиги деб юритилади) томонидан интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса (бундан буён матнда хулоса деб юритилади) бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши процессуал қонунчилик билан тартибга солинадиган фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича мутахассис фикри ва эксперт хулосасини беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ объектлари — фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
саноат мулки объектлари — ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), товар келиб чиққан жой номлари, географик кўрсаткичлар, фирма номлари.
2. Хулоса давлат органларининг инсофсиз рақобатни, интеллектуал мулк объектларининг контрафакт нусхаларини, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатларини аниқлашга қаратилган сўровига асосан Адлия вазирлиги томонидан берилади.
3. Давлат органининг хулоса бериш ҳақидаги сўрови Адлия вазирлигига келиб тушган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда кўриб чиқилади.
2-боб. Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан ўрганиш ўтказиш ва хулосани расмийлаштириш
4. Давлат органи муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ объектлари ҳамда саноат мулки объектлари (бундан буён матнда интеллектуал мулк объектлари деб юритилади) бўйича интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолати мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлигига ёзма ёки электрон шаклда сўров юборади.
Сўровда интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилади.
5. Сўровга қуйидагилар илова қилинади:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (агар мавжуд бўлса);
давлат органи томонидан интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш чораларини кўришда тўпланган ҳужжатлар нусхалари;
ўрганиш объект(лар)ининг намунаси, нусхаси, чизмаси, аудио ёзуви фото ва видео тасвирлари;
муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ объектларининг яратилиш фактини тасдиқловчи материаллар (нусхаси, чизмаси, аудио ёзуви, фото ва видео тасвирлари ҳамда бошқалар);
интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ёки ундан фойдаланиш фактини тасдиқловчи шартнома, суд қарори, мерос гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар;
интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатини тасдиқловчи далиллар (аудио ёзуви, фото ва видео тасвирлари ҳамда бошқалар).
6. Сўров Адлия вазирлигига келиб тушгандан сўнг, интеллектуал мулк объектларига оид қонунчилик талаблари бузилган ёки бузилмаганлигини ўрганиш учун вазирликнинг Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасига юборилади.
7. Давлат органи томонидан мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, Адлия вазирлиги томонидан давлат органига камчиликларни бартараф этиб, қайта сўров юбориш мумкинлиги тўғрисида ушбу сўров келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.
8. Давлат органи томонидан мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотлар тўлиқ тақдим этилган бўлса, Адлия вазирлиги Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасининг масъул ходими томонидан давлат органининг сўрови бўйича қуйидагилар кўриб чиқилади:
ўрганиш объект(лар)ининг қонунчилик ҳужжатлари бўйича интеллектуал мулк объекти сифатида ҳимоя қилиниши ёки қилинмаслиги;
муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқ объектларининг яратилиш фактини тасдиқловчи материаллар (нусхаси, чизмаси, аудио ёзуви, фото ва видео тасвирлари ҳамда бошқалар);
интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ёки ундан фойдаланиш фактини тасдиқловчи шартнома, суд қарори, мерос гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар;
ўрганиш объект(лар)и саноат мулки объекти ҳисобланганда, унинг муҳофазага эга саноат мулки объекти билан айнан бир хил ёки унга адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги;
интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатини тасдиқловчи далиллар (аудио ёзуви, фото ва видео тасвирлари ҳамда бошқалар).
9. Ўрганиш объекти саноат мулки объекти ҳисобланганда, у муҳофазага эга саноат мулки объекти билан тегишли саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш регламентларида белгиланган талаблар асосида таққосланади ва ўрганиб чиқилади.
10. Адлия вазирлиги сўровни кўриб чиқиш жараёнида:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжат ҳамда маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини, шунингдек интеллектуал мулк масалалари бўйича жисмоний шахсларни чақириш, қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;
давлат органларидан ўрганиш объект(лар)ини жойига чиққан ҳолда ўрганишнинг ташкил этилишини сўраш ва жойига чиққан ҳолда ўрганиш;
зарур билим ва малакага эга мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқларига эга.
11. Қуйидаги ҳолларда ўрганиш ўтказилмайди ва хулоса бериш рад этилади:
сўров юборган давлат органининг сўровни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги мурожаати келиб тушганда;
давлат органининг сўровида интеллектуал мулк объекти ҳисобланмайдиган объектлар ёки мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилмаган ҳолатлар бўйича хулоса бериш сўралганда;
фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимлар асосида аниқланадиган масалалар бўйича хулоса бериш сўралганда.
12. Масъул ходим томонидан ўрганиш натижаларига кўра интеллектуал мулк объектларига оид қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ёки бузилмаганлиги юзасидан якуний хулоса тайёрланади.
13. Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
ўрганиш ўтказиш жойи ва вақти;
давлат органининг сўрови тўғрисидаги маълумотлар;
ўрганиш ўтказиш учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган ёки аниқланмаганлиги.
14. Хулоса масъул ходим, таркибий бўлинмалар раҳбари томонидан имзоланади.
15. Адлия вазирлиги томонидан интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан хулоса тақдим этилган ўрганиш объект(лар)и нусхалари (чизмалар, аудио ёзув, фото ва видео тасвирлар ва бошқалар (агар мавжуд бўлса) билан биргаликда давлат органига юборилади.
16. Хулосага тартиб рақам бериш ва уларнинг ҳисобини юритиш Адлия вазирлигининг электрон ахборот алмашинув тизими орқали амалга оширилади.
3-боб. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.07.2024 й., 10/24/3529/0498-сон)