Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Округ сайлов комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 26-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Округ сайлов комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 июнь,
1336-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 5 июндаги 1336-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Округ сайлов комиссияси тўғрисидаги низом
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини (бундан буён матнда округ сайлов комиссияси деб юритилади) тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Округ сайлов комиссиясини тузиш
1. Округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда унинг мажлисида муҳокама қилинади ҳамда тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясига (бундан буён матнда ҳудудий сайлов комиссияси деб юритилади) тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Бунда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори икки иш куни ичида ҳудудий сайлов комиссиясига юборилади.
2. Округ сайлов комиссияси ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
3. Округ сайлов комиссиясининг таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.
2-боб. Округ сайлов комиссияси аъзосига қўйиладиган талаблар
4. Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари округ сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ушбу Низомда назарда тутилган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссиясининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.
5. Қуйидагилар округ сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) аъзоси;
бошқа сайлов комиссиясининг аъзолари;
сиёсий партияларнинг аъзолари ва ваколатли вакиллари;
вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари;
прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари;
номзодлар, номзодларнинг яқин қариндошлари (яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) ва ишончли вакиллари;
номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар;
оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар.
6. Номзодларнинг яқин қариндошлари ёки бевосита номзодларга бўйсунувчи шахслар номзод кўрсатилган сайлов округидан бошқа сайлов округидаги округ сайлов комиссиялари аъзолигига сайланган бўлса, ушбу шахслар тегишли округ сайлов комиссияси таркибида ўз фаолиятларини давом эттиришлари мумкин.
Сайлов кампанияси давомида номзод рўйхатга олингандан сўнг унинг яқин қариндошлари ёки унга бевосита бўйсунувчи шахслар округ сайлов комиссияси таркибига киритилганлиги аниқланса, ушбу шахслар округ сайлов комиссияси таркибидан белгиланган тартибда чиқарилади.
7. Округ сайлов комиссияси аъзоларининг таркибини шакллантиришда мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган талаблар билан бир қаторда қуйидаги фуқаролар орасидан бўлиши тавсия этилади:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари;
ҳуқуқий билим ва малакага эга, шунингдек хорижий тилларни биладиган мутахассислар;
Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (бундан буён матнда СЖБАТ деб юритилади) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (бундан буён матнда СЯЭР деб юритилади) билан ишлаш кўникмасига эга бўлган, рақамли технологиялар соҳасида билим ва амалий кўникмага эга фуқаролар.
Округ сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни, шунингдек ёшлар ҳамда ногиронлиги бўлган ижтимоий фаол фуқароларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. Бунда округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлардаги хотин-қизларнинг улуши камида ўттиз фоиз бўлиши тавсия этилади.
3-боб. Округ сайлов комиссиясига аъзолик
8. Округ сайлов комиссияси аъзоларига мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади.
Округ сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссия аъзоларининг гувоҳномалари ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси томонидан имзоланади ва комиссия муҳри билан тасдиқланади.
Округ сайлов комиссиясининг аъзоларига гувоҳномалар электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали берилиши мумкин. Бунда «E-saylov» ахборот тизими орқали гувоҳнома ҳудудий сайлов комиссияси раиси томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
9. Округ сайлов комиссияси аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Округ сайлов комиссиясининг аъзоси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ҳудудий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.
10. Округ сайлов комиссиясининг аъзолари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
11. Округ сайлов комиссиясининг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзод ёки ишончли вакил этиб рўйхатга олинган аъзоси сайлов комиссияси таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади. Бу ҳақда округ сайлов комиссияси ҳудудий сайлов комиссиясини хабардор этади.
12. Округ сайлов комиссияси аъзосининг ваколатлари ҳудудий сайлов комиссияси томонидан бевосита ёхуд уни аъзоликка тавсия этган органнинг тақдимномасига биноан қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма ариза берганда;
у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
у ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келганда;
қонунга кўра у сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини амалга ошириш билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган лавозимга сайланганда ёки тайинланганда;
у суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанда;
у вафот этганда.
Комиссия аъзосининг ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келганлигига оид ҳолат у аъзо бўлган округ сайлов комиссиясининг далолатномаси билан расмийлаштирилади.
13. Округ сайлов комиссиясининг аъзоси комиссия таркибидан чиқарилган ёки округ сайлов комиссияси аъзоларининг сони кўпайтирилган ҳолларда округ сайлов комиссиясининг янги аъзоси Сайлов кодексида ва мазкур Низомда белгиланган тартибда тасдиқланади.
4-боб. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари
14. Округ сайлов комиссияси:
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этади;
сайлов округи ҳудудида Сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга оширади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди;
участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
депутатликка номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;
сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;
сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва уларни тегишли ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этади;
такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади;
сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.
15. Округ сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли ҳудуддаги давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қўйилган масалани кўпи билан уч кунлик муддатда кўриб чиқиши ва округ сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.
16. Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар округ сайлов комиссиясига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, унинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
5-боб. Округ сайлов комиссиясининг аъзолари
17. Округ сайлов комиссияси раиси:
округ сайлов комиссиясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
округ сайлов комиссияси мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
округ сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш учун давлат органларининг, сиёсий партияларнинг ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларининг, ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этади;
давлат органлари, халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари шу жумладан сиёсий партиялар билан муносабатларда округ сайлов комиссияси номидан иш юритади;
округ сайлов комиссияси жойлашган бинонинг жиҳозланишини ташкил этади;
округ сайлов комиссиясининг баённомаларини, қарорларини ҳамда бошқа ҳужжатларини имзолайди;
жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни комиссия аъзолари ўртасида кўриб чиқиш учун тақсимлайди;
округ сайлов комиссияси аъзоларининг овоз бериш кунидаги вазифаларини белгилайди;
сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари билан комиссия номидан иш олиб боради;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилади;
тегишли округ бўйича сайлов якунлари тўғрисида ҳудудий сайлов комиссиясига ахборот беради;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек округ сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
Округ сайлов комиссияси раиси ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек, раис бўлмаган тақдирда, раиснинг вазифалари раис ўринбосарининг зиммасига юклатилади.
18. Округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари:
округ сайлов комиссияси раиси ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек, раис бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини бажаради;
округ сайлов комиссияси аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
округ сайлов комиссияси аъзоларининг малакасини ошириш ва уларнинг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни ташкил этади;
оммавий ахборот воситалари вакиллари билан алоқалар ўрнатади, уларда комиссия фаолиятини ҳар томонлама ёритилишини ташкиллаштиради;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларни вакилларини қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади;
округ сайлов комиссияси аъзоларини жалб этган ҳолда комиссия қарорлари ижросини таъминлайди;
округ сайлов комиссияси раисининг топшириқларини бажаради;
ўз ваколатлари доирасида округ сайлов комиссиясининг бошқа аъзоларига топшириқлар беради;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек округ сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
19. Округ сайлов комиссияси котиби:
округ сайлов комиссияси мажлисларини ташкиллаштиради, муҳокама этиладиган масалалар бўйича қарор ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;
округ сайлов комиссияси аъзоларини комиссия мажлиси ўтказилиши вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади;
округ сайлов комиссияси қарорлари ва бошқа материаллар комиссия аъзолари ҳамда участка сайлов комиссияларига, шунингдек, заруратга қараб тегишли ҳудуддаги давлат органлари, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга етказилишини таъминлайди ҳамда комиссия мажлислари ҳақидаги хабар ва маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ташкиллаштиради;
округ сайлов комиссияси раиси ва раис ўринбосари топшириқларини бажаради;
округ сайлов комиссиясининг фаолиятига тааллуқли иш ҳужжатларини номенклатура асосида юритиб боради;
округ сайлов комиссиясида СЯЭР ва СЖБАТда иш юритилишини таъминлайди;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек округ сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
20. Округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари, котиби ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек раис ўринбосари, котиб бўлмаган тақдирда, уларнинг вазифалари округ сайлов комиссияси раиси томонидан комиссия аъзолари зиммасига вақтинчалик юклатилиши мумкин.
21. Округ сайлов комиссияси аъзосининг мажбуриятлари:
комиссия муҳокамасига киритилган масалаларни тайёрлашда иштирок этади;
комиссиянинг барча мажлисларида, шу жумладан видеоконференцалоқа тизими орқали шахсан иштирок этади, бошқа тадбирларида қатнашади;
ўзи бириктирилган ҳудудда (сайлов участкасида) сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилишини мувофиқлаштиради;
узрли сабаблар билан (касаллиги, меҳнат таътилида бўлиши ва бошқалар) комиссия мажлисида иштирок эта олмаслиги ҳақида округ сайлов комиссияси раисини ёки комиссия котибини хабардор қилади;
округ сайлов комиссияси раисининг ва раис ўринбосарининг ўз ваколатлари доирасида берган топшириқларини бажаради ҳамда уларнинг бажарилганлиги тўғрисида белгиланган муддатларда ахборот беради;
кўриб чиқиш ўзига юклатилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини таъминлайди;
округ сайлов комиссияси раиси томонидан овоз бериш кунидаги белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, улар тўғрисида дарҳол раис ёки раис ўринбосарини хабардор қилади;
манфаатлар тўқнашуви юзага келганда, шунингдек яқин қариндошлари тегишли округда номзод этиб рўйхатга олинган тақдирда ҳудудий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор қилади;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек округ сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
22. Округ сайлов комиссияси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
округ сайлов комиссияси мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдириш;
округ сайлов комиссияси мажлисида муҳокамада қатнашиш, мажлисда сўзга чиқиш, таклифлар киритиш;
округ сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинган қарори юзасидан алоҳида фикр билдириш;
округ сайлов комиссияси фаолиятига доир материаллар ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиш.
6-боб. Округ сайлов комиссияси ишини ташкил этиш
23. Округ сайлов комиссияси ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади.
24. Округ сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб ўтказиладиган мажлиси ҳисобланади. Округ сайлов комиссиясининг мажлислари у жойлашган бинода, сайёр тарзда ёки видеоконференцалоқа шаклида ўтказилади.
25. Округ сайлов комиссиясининг мажлиси раиснинг ташаббусига кўра ёки комиссия аъзолари умумий таркибининг камида учдан бир қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.
Округ сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Округ сайлов комиссиясининг аъзоси агар мажлисда видеоконференц алоқадан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган бўлса, мажлисда ҳозир бўлган ҳисобланади.
26. Округ сайлов комиссиясининг қарори очиқ овоз бериш йўли орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
27. Округ сайлов комиссияси мажлисларида масалалар очиқ ва ошкора муҳокама этилади.
Округ сайлов комиссияси мажлисида баённома юритилади.
Баённомада мажлиснинг кун тартиби, унда қатнашган округ сайлов комиссияси аъзолари ва бошқа таклиф этилган шахслар ҳақидаги маълумотлар, муҳокамага киритилган масаланинг қисқача мазмуни, сўзга чиққан ва фикр билдирганлар тўғрисида маълумотлар, кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.
Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади ҳамда унга қабул қилинган қарор, тааллуқли ҳужжатлар, шунингдек, округ сайлов комиссияси аъзоларининг муайян масала юзасидан ёзма шаклдаги алоҳида фикрлари (агар бўлса) илова қилинади.
Округ бўйича сайлов натижалари тўғрисидаги баённома округ сайлов комиссиясининг мажлисида иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади.
28. Округ сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори округ ҳудудида жойлашган участка сайлов комиссиялари, шунингдек давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.
29. Округ сайлов комиссияси мажлисларида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибияти ходимлари, ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари, рўйхатга олинган тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партияларнинг кузатувчилари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин.
Мажлисларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари вакиллари ва бошқалар таклиф этилиши мумкин.
30. Округ сайлов комиссияси ҳудудий сайлов комиссияси томонидан тузилганидан сўнг қуйидаги тадбирларни амалга оширади:
округ сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлисини ўтказади;
округ сайлов комиссияси жойлашган бинони белгиланган тартибда жиҳозлашга зарур бўлган ташкилий ишларни амалга оширади.
Округ сайлов комиссияси биринчи ташкилий мажлисида қуйидаги масалалар кўриб чиқади:
округ сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир иш режасини тасдиқлаш;
округ сайлов комиссияси аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
округ сайлов комиссияси аъзолари томонидан фуқароларнинг қабулини ташкил этиш;
округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилигини ташкил қилиш.
Участка сайлов комиссияларининг ишини ташкил қилиш ва биноларни жиҳозлашда амалий ёрдам кўрсатади.
31. Округ сайлов комиссияси 2-иловага мувофиқ тасдиқланган муҳрга эга бўлади.
32. Округ сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари округ сайлов комиссиясига ташриф буюрган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзоднинг ишончли вакиллари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни тегишли ҳужжатлар асосида рўйхатга олади ва қабул қилади.
33. Сайловга оид ахборот тизимларидан фойдаланишни ташкиллаштириш мақсадида округ сайлов комиссияси аъзоларидан бирининг (қоида тариқасида рақамли технологиялар соҳасида маълум кўникмага эга бўлган) зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:
комиссия аъзоларининг ахборот тизимларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш;
ахборот тизимларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида назорат олиб бориш;
участка сайлов комиссиялари томонидан СЖБАТда амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириб бориш.
34. Округ сайлов комиссиясида юритиладиган иш ҳужжатлари:
округ сайлов комиссиясининг қарорлари, баённомалари, далолатномалар дафтари ва йиғмажилди;
Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий ва туман, шаҳар сайлов комиссиясининг қарорлари йиғмажилди;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
кириш, чиқиш ҳужжатларини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтари ва йиғмажилди;
кузатувчиларни рўйхатга олиш дафтари.
35. Марказий сайлов комиссиясининг кўрсатмасига кўра округ сайлов комиссиясида юритиладиган иш ҳужжатлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.
7-боб. Округ сайлов комиссиясининг бинолари ва хоналарини жиҳозлаш
36. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар округ сайлов комиссияси ихтиёрига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган бинолар, мажлис заллари, хоналар ҳамда жиҳозларни бепул бериб туриши шарт.
Округ сайлов комиссиялари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан камида тўртта хонадан иборат бино билан, шунингдек, транспорт, алоқа воситалари ва интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланади.
37. Сайловни ўтказиш даврида округ сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ичида);
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бинонинг ичида);
округ сайлов комиссиясининг тўлиқ номи кўрсатилган пешлавҳа;
қулфланадиган сейф ёки металл шкаф;
зарур мебеллар, кондиционер, оргтехника воситалари (компьютер, ноутбук, принтер, сканер, нусха кўчирувчи ускуна, UPS), телефон, телевизор;
СЖБАТ талабларига жавоб берувчи иккитадан кам бўлмаган компьютер ва уларга керакли бўлган қурилмалар (принтер, сканер, UPS ва бошқалар) ҳамда узлуксиз (симсиз) интернет алоқаси ва ҳ.к.;
муқобил электр-энергияси ишлаб чиқарадиган генератор қурилмаси;
ёнғинга қарши воситалар.
Округ сайлов комиссияси жойлашган бино ва унга олиб борувчи йўлаклар озода ва таъмирланган, ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши керак.
38. Сайловни ўтказиш даврида округ сайлов комиссияси биносида қуйидагилар жойлаштирилади:
сайлов санасига бағишланган плакат;
округ сайлов комиссиясининг таркиби, манзили ва телефон рақамлари;
тегишли округ бўйича рўйхатга олинган халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларнинг таржимаи ҳоли ҳамда дастурининг асосий йўналишлари;
Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссиясининг, тегишли туман ёки шаҳар суди, прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг ишонч телефонлари рақамлари.
39. Округ сайлов комиссияси хонасида қуйидагилар бўлиши лозим:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари тўплами;
округ сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби ҳақида маълумот;
округ сайлов комиссиясининг иш режаси ва навбатчилик жадвали.
40. Стендларда жойлаштириладиган материалларда сайловолди ташвиқотига оид нишон ва аломатлар бўлмаслиги керак.
41. Округ сайлов комиссияси биносига олиб борувчи йўлларда сайлов округининг кўрсаткичлари кўринарли жойларга жойлаштирилган бўлиши керак.
42. Округ сайлов комиссияси биносига кириш жойида ногиронлиги бўлган шахслар учун ўриндиқли аравачаларга мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) бўлиши ва улар белгиланган талабларга мос бўлиши керак.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда тегишли туман, шаҳар ҳокимликлари округ сайлов комиссияси жойлашган бинони таъмирлайди ва сайлов жиҳозлари билан таъминлашга кўмаклашади.
43. Округ сайлов комиссияси компьютерларини интернет тармоғига улаш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлигининг ҳудудий бошқармалари кўмагида амалга оширилади.
8-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш
45. Келиб тушган мурожаатлар округ сайлов комиссияси раиси томонидан комиссия аъзолари ўртасида кўриб чиқиш учун тақсимланади.
Мурожаатга жавоб хати округ сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан имзоланади.
46. Мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал қилиш округ сайлов комиссияси ваколатига кирмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга юборилади.
47. Округ сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекси талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади.
Ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказилиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар берилиши, сайловга олти кундан кам вақт қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиб, жавоб қайтарилиши шарт. Бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.
Зарур ҳолларда округ сайлов комиссияси мурожаатларни кўриб чиқиш учун тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузиши мумкин.
9-боб. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
48. Сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
49. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
10-боб. Сайловга оид ҳужжатларни ва муҳрни сақлаш
50. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланадиган тегишли ҳужжатга мувофиқ сақлаш учун тайёрланади, топширилади ҳамда (ёки) йўқ қилинади.
51. Округ сайлов комиссияси сайлов жараёнида фойдаланилган комиссия муҳрини ҳудудий сайлов комиссиясига топширади.
11-боб. Якуний қоида
52. Округ сайлов комиссияси тегишли сайлов округидан сайланган депутатлар ҳудудий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан, ўз фойдаланишида бўлган жиҳозларни, округ сайлов комиссияси фаолиятига оид ҳужжатларни белгиланган тартибда масъул шахсларга ёки архивга топширганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.
Округ сайлов комиссияси тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА


Изоҳ: Округ сайлов комиссиясининг аъзоларига гувоҳномалар электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали берилиши мумкин. Бунда «E-saylov» ахборот тизими орқали гувоҳнома ҳудудий сайлов комиссияси раиси томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Округ сайлов комиссияси тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Округ сайлов комиссиясининг гербли резина муҳри
НАМУНАСИ

Округ сайлов комиссиясининг гербли резина муҳри диаметри 35 мм айлана шаклда бўлиб, марказдан 18,5 мм узоқликда асосий айлана ва ундан 1 мм масофада яна бир айлана ўтказилган. Иккинчи айлана тагида айлана бўйича «________________» OKRUG SAYLOV KOMISSIYASI» * ёзуви бор. Ушбу матннинг тагидан яна бир ички айлана ўтказилган бўлиб, айлананинг ичида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
* Тегишли округ сайлов комиссиясининг рақами ва номи кўрсатилади.