Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 26-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 май,
1330-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 майдаги 1330-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияларини (бундан буён матнда ҳудудий сайлов комиссияси деб юритилади) тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Ҳудудий сайлов комиссиясини тузиш
1. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда унинг мажлисида муҳокама қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Бунда халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори икки иш куни ичида Марказий сайлов комиссиясига юборилади.
Ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тасдиқлаш учун Марказий сайлов комиссиясига тавсия этиш жараёнлари «E-saylov» ахборот тизими орқали амалга оширилиши мумкин.
2. Ҳудудий сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг ўн икки — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда беш йил муддатга тузилади.
3. Ҳудудий сайлов комиссиясининг таркиби ва жойлашган манзили Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
4. Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда ҳудудий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) тавсиясига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида олтмиш кун қолганида тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.
5. Ҳудудий сайлов комиссияси расмий веб-сайтида ва матбуот нашрларида ўз таркиби, манзили ва комиссиянинг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.
2-боб. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзосига қўйиладиган талаблар
6. Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
7. Қуйидагилар ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутати, Сенат аъзоси;
бошқа сайлов комиссиясининг аъзолари;
сиёсий партияларнинг аъзолари ва ваколатли вакиллари;
вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари;
прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари;
номзодлар, номзодларнинг яқин қариндошлари (яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) ва ишончли вакиллари;
номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар;
оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар.
8. Номзодларнинг яқин қариндошлари ёки бевосита номзодларга бўйсунувчи шахслар номзод кўрсатилган ҳудуддан бошқа ҳудудда ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолигига сайланган бўлса, ушбу шахслар тегишли ҳудудий сайлов комиссияси таркибида ўз фаолиятларини давом эттиришлари мумкин.
Сайлов кампанияси давомида номзод рўйхатга олингандан сўнг унинг яқин қариндошлари ёки унга бевосита бўйсунувчи шахслар ҳудудий сайлов комиссияси таркибига киритилганлиги аниқланса, ушбу шахслар ҳудудий сайлов комиссияси таркибидан белгиланган тартибда чиқарилади.
9. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг таркибини шакллантиришда мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган талабларни инобатга олган ҳолда қуйидагилар орасидан бўлиши тавсия этилади:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари;
ҳуқуқий билим ва малакага эга, шунингдек хорижий тилларни биладиган мутахассислар;
Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (бундан буён матнда СЖБАТ деб юритилади) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (бундан буён матнда СЯЭР деб юритилади) билан ишлаш кўникмасига эга бўлган, рақамли технологиялар соҳасида билим ва амалий кўникмага эга фуқаролар.
Ҳудудий сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни, шунингдек ёшлар ҳамда ногиронлиги бўлган ижтимоий фаол фуқароларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. Бунда ҳудудий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлардаги хотин-қизларнинг улуши камида ўттиз фоиз бўлиши тавсия этилади.
3-боб. Ҳудудий сайлов комиссиясига аъзолик
10. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларига мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади.
Ҳудудий сайлов комиссияси раисининг, раис ўринбосарининг, комиссия котиби ва комиссия аъзоларининг гувоҳномалари Марказий сайлов комиссиясининг Раиси томонидан имзоланади ва Марказий сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади.
11. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан ҳудудий сайлов комиссиясининг уч нафаргача аъзоси комиссияда доимий асосда ишлайди.
Ҳудудий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
12. Ҳудудий сайлов комиссиясининг жамоатчилик асосида ишловчи аъзоси сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорига биноан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.
13. Ҳудудий сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.
14. Ҳудудий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзод ёки ишончли вакил этиб рўйхатга олинган аъзоси сайлов комиссияси таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади.
Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси референдумда фуқаролар ташаббускор гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
15. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан бевосита ёхуд уни аъзоликка тавсия этган органнинг тақдимномасига биноан қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма ариза берганда;
у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
у ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келганда;
қонунга кўра у сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини амалга ошириш билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган лавозимга сайланганда ёки тайинланганда;
у суднинг қонуний кучга кирган қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанда;
у вафот этганда.
Комиссия аъзосининг ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келганлигига оид ҳолат у аъзо бўлган ҳудудий сайлов комиссиясининг далолатномаси билан расмийлаштирилади.
16. Ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзоси комиссия таркибидан чиқарилган ёки ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг сони кўпайтирилган ҳолларда ҳудудий сайлов комиссиясининг янги аъзоси Сайлов кодексида ва мазкур Низомда белгиланган тартибда тасдиқланади.
4-боб. Ҳудудий сайлов комиссиясининг ваколатлари
17. Ҳудудий сайлов комиссияси:
тегишли вилоят, Тошкент шаҳри ҳудудида (бундан буён матнда тегишли ҳудуд деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этади;
тегишли ҳудудда Сайлов кодексининг, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди ҳамда сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради, чегараларини, сайловчилар сони, сайлов округларининг рўйхатини эълон қилади;
туман, шаҳар сайлов комиссияларини, шунингдек халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини (бундан буён матнда округ сайлов комиссиялари деб юритилади) тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссиялари (бундан буён матнда қуйи сайлов комиссиялари деб юритилади) фаолиятига раҳбарлик қилади;
янги ташкил этилган туманнинг, шаҳарнинг халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади;
сайлов (референдум) участкаларини тузади, ҳудуд (округ) бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;
сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади;
участка сайлов комиссияларини ва референдум ўтказувчи участка комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган манзили, телефон рақами тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини ташкил этади;
рўйхатга олинган халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларга гувоҳномалар беради;
номзодлар ва сиёсий партияларга сайлов кампаниясида иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;
Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;
депутатликка номзод этиб рўйхатга олинганларнинг таржимаи ҳоли ва дастурларининг асосий йўналишларини чоп этиш ҳамда участкаларга етказиб беришни таъминлайди;
сайловларни ва референдумни вилоят, Тошкент шаҳри миқёсида ёритувчи маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказади ва тегишли гувоҳнома беради;
сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ва референдумдаги фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг кузатувчиларига Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги мандатни беради;
пул маблағларини тегишли сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, қуйи сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, тегишли ҳудудда сайлов ва референдумни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг, ўз муҳрининг, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлайди;
сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;
референдумга қўйилган масаланинг мазмунини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда оммавий ахборот воситаларига кўмаклашади;
овоз берувчи фуқароларнинг ҳамда сайловчиларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;
участка сайлов комиссияларини туман, шаҳар сайлов комиссиялари орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси ҳамда тегишли вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенлари билан таъминлайди;
референдум ўтказувчи участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлайди;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига ўтказилган сайлов якунларини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, сайлов якунлари тўғрисидаги маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилади;
депутатларга вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутати гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;
Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳамда вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг такрорий сайлови, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади;
сайловчиларнинг (овоз берувчи фуқароларнинг) ва сайлов жараёни (референдум) бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан сайлов комиссияларининг ёки референдум ўтказувчи участка комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;
Сайлов кодексининг ва «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;
сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивларга ва идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида тегишли ҳудуд (округ) бўйича сайлов натижаларини ҳамда референдумда тегишли ҳудуд бўйича овоз бериш якунларини аниқлайди ва уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов якунлари тўғрисида тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига ахборот беради;
маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот беради;
тегишли ҳудудда СЖБАТ ҳамда СЯЭРдан фойдаланиш фаолияти бўйича умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади ҳамда ҳудуддаги сайлов участкалари ва сайловчилар сони ҳақидаги маълумотларни СЖБАТда долзарблаштириш ишларини мувофиқлаштириб боради;
сайлов участкалари кесимида сайловчилар рўйхати иловасига киритилган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ҳамда мазкур сайловчиларни асосий рўйхатга киритилмаганлиги сабабларини ўрганган ҳолда Марказий сайлов комиссиясига ахборот киритади;
сайланган вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони ҳисобини юритади;
маҳаллий Кенгашлар депутатларининг мониторингини олиб боради, шунингдек, бўшаб қолган ўринлар бўйича маълумотларни шакллантиради ҳамда бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказиш юзасидан Марказий сайлов комиссиясига таклифлар киритади;
тегишли туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан бўшаб қолган ўринга туман, шаҳар Кенгаши депутати сайловини ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларини мувофиқлаштиради;
зарур бўлган ҳолларда, янги сайлов участкаларини ташкил этиш, қайта тузиш ва амалдаги сайлов участкаларининг чегаралари ўзгартирилиши ёки тугатилиши ҳақидаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасини кўриб чиқади;
сайлов (референдум) участкаларининг сайлов жиҳозлари билан таъминланганлиги бўйича мониторингни юритади ва бу ҳақида СЖБАТга тегишли маълумотларни киритади;
сайлов жиҳозларининг сифатли ва яроқли ҳолда сақланишини хатловдан ўтказади ва Марказий сайлов комиссиясига ахборот киритади;
сайлов участкаларининг дислокациялари асосида сайлов участкаларига тегишли ҳудуд чегаралари бўйича сайлов округлари ва участкаларининг геолокацияли электрон харитаси тузилишини таъминлайди;
сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар захирасини шакллантиради;
участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш учун номзод таклиф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлар, муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатади;
сайловлар ва референдумлар ҳақида аҳолининг электорал маданиятини ошириш масалалари бўйича давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
Марказий сайлов комиссиясидан юборилган ёки бевосита ҳудудий сайлов комиссиясига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини (шу жумладан, жойига чиққан ҳолда мурожаат этувчилар, мутасадди ташкилотлар ва масъул шахслар иштирокида) қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилишини таъминлайди;
сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни (ўқув машғулотлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари ва ҳоказоларни) ташкил этади;
Марказий сайлов комиссиясининг иш режаларида белгиланган ҳудудий сайлов комиссияларига тааллуқли бандларнинг ва ҳудудий сайлов комиссиясининг иш режаларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлайди;
сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш юзасидан Марказий сайлов комиссиясига таклифлар (сайлов жараёнлари юзасидан услубий қўлланмалар лойиҳаларини) киритади;
ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот бериб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ушбу Низомда назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссиясининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.
18. Ҳудудий сайлов комиссияси сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли ҳудуддаги давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қўйилган масалани кўпи билан уч кунлик муддатда кўриб чиқиши ва ҳудудий сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.
19. Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳудудий сайлов комиссиясига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, унинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
5-боб. Ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзолари
20. Ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси:
ҳудудий сайлов комиссиясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш учун давлат органларининг, сиёсий партияларнинг ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларининг, ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этади;
давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, шу жумладан сиёсий партиялар билан муносабатларда ҳудудий сайлов комиссияси номидан иш юритади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов якунлари тўғрисида тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига ахборот беради;
ҳудудий сайлов комиссиясининг баённомаларини, қарорларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;
ҳудудий сайлов комиссияси қарорлари ижроси устидан назоратни амалга оширади;
фуқароларни бевосита қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади;
қуйи сайлов комиссиялари аъзолари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари гувоҳномаларини, номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари, референдумдаги фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг кузатувчилари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари мандатларини имзолайди;
сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқбузарликка оид материалларни тўплаб судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилади;
тегишли ҳудуд бўйича сайлов ҳамда референдумда овоз бериш жараёни ва якунлари тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот беради;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
Ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек раис бўлмаган тақдирда, раиснинг вазифалари раис ўринбосари томонидан амалга оширилади.
21. Ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари:
ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек раис бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажаради;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
тегишли ҳудудда СЯЭРдан фойдаланиш ва СЖБАТни юритиш масалаларини мувофиқлаштиради;
ҳудудий ва қуйи сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва уларнинг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш ишларни мувофиқлаштиради;
оммавий ахборот воситалари вакиллари билан алоқалар ўрнатади, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан ижтимоий тармоқларда комиссия фаолиятини ҳар томонлама ёритилишини ташкиллаштиради;
сиёсий партияларнинг кузатувчиларини, ваколатли вакилларини, оммавий ахборот воситалари вакилларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, референдумдаги фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни тегишли сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар асосида рўйхатга олишни ташкиллаштиради;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларни вакилларини қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларини жалб этган ҳолда комиссия қарорлари ижросини таъминлайди;
ташкилий, таҳлилий ишларни ва ҳудудий сайлов комиссияси моддий-техник таъминоти (хизмат кўрсатиш) масалаларини назорат қилади;
ҳудудий сайлов комиссияси раисининг топшириқларини бажаради;
ўз ваколатлари доирасида ҳудудий сайлов комиссиясининг бошқа аъзоларига топшириқлар беради;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
Ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек раис ўринбосари бўлмаган тақдирда, унинг вазифалари вақтинчалик ҳудудий сайлов комиссияси котиби томонидан амалга оширилади.
22. Ҳудудий сайлов комиссиясининг котиби:
ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари ўз ваколатларини бажариш имкони бўлмаганда, шунингдек раис ўринбосари бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажаради;
ҳудудий сайлов комиссияси мажлисларини ташкиллаштиради, муҳокама этиладиган масалалар бўйича қарор ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларини комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилади;
ҳудудий сайлов комиссияси қарорлари ва бошқа материаллар комиссия аъзолари ҳамда қуйи сайлов комиссияларига, шунингдек, заруратга қараб тегишли ҳудуддаги давлат органлари, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга етказилишини таъминлайди ҳамда комиссия мажлислари ҳақидаги хабар ва маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ташкиллаштиради;
ҳудудий сайлов комиссияси мажлисларининг, бошқа тадбирларнинг баённомалари юритилишини ташкил этади ҳамда раислик қилувчи билан бирга уларни имзолайди;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилганлигини кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинган шахсларнинг рўйхатини ва улар ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ташкиллаштиради;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари билан ҳамкорликда сайлов қонунчилигини ва амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
қуйи сайлов комиссияси аъзоларининг СЯЭР ва СЖБАТни юритиш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
ҳудудий сайлов комиссияси раиси ва раис ўринбосари топшириқларини бажаради;
ҳудудий сайлов комиссиясининг фаолиятига тааллуқли иш ҳужжатларини номенклатура асосида юритиб боради;
«E-saylov» ахборот тизимида иш юритилишини таъминлайди;
ҳудудий сайлов комиссиясининг истиқболдаги ва жорий ишларни режалаштиришни ташкил қилади ҳамда режалаштирилган тадбирларнинг ижросини назорат қилади;
ҳудудий сайлов комиссияси қарорлари бажарилиши тўғрисида комиссия раисига доимий маълумот киритиб боради;
ҳудудий сайлов комиссияси муҳрини, расмий бланкасини сақлайди;
бўшаб қолган ўринларга халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий ишларни амалга оширади;
қуйи сайлов комиссиялари аъзолари таркибининг электрон базасини мувофиқлаштириб боради;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
Ҳудудий сайлов комиссияси котиби ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек котиб бўлмаган тақдирда, унинг вазифалари вақтинчалик ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари томонидан амалга оширилади.
23. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзосининг мажбуриятлари:
комиссия муҳокамасига киритилган масалаларни тайёрлашда иштирок этади;
комиссиянинг барча мажлисларида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали шахсан иштирок этади, бошқа тадбирларида қатнашади;
ўзи бириктирилган ҳудудда (округда) сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилишини мувофиқлаштиради;
узрли сабаблар билан (касаллиги, меҳнат таътилида бўлиши ва бошқалар) комиссия мажлисида иштирок эта олмаслиги ҳақида ҳудудий сайлов комиссияси раисини ёки комиссия котибини хабардор қилади;
ҳудудий сайлов комиссияси раисининг ва раис ўринбосарининг ўз ваколатлари доирасида берган топшириқларини бажаради ҳамда уларнинг бажарилганлиги тўғрисида белгиланган муддатларда ахборот беради;
кўриб чиқиш ўзига юклатилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди;
ҳудудий сайлов комиссияси раиси томонидан овоз бериш кунидаги белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;
сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, улар тўғрисида дарҳол раис ёки раис ўринбосарини хабардор қилади;
қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимотида назарда тутилган ўз зиммасидаги бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
24. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳудудий сайлов комиссияси мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдириш;
ҳудудий сайлов комиссияси мажлисида муҳокамада қатнашиш, мажлисда сўзга чиқиш, таклифлар киритиш, ўз таклифларини овозга қўйиш масаласини кўтариш;
мажлис иштирокчиларига ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинган қарори юзасидан алоҳида фикр билдириш;
ҳудудий сайлов комиссияси фаолиятига доир материаллар ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиш.
25. Ҳудудий сайлов комиссиясининг барча аъзолари одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этади, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олади, манфаатлар тўқнашуви юзага келганда, шунингдек яқин қариндошлари тегишли ҳудудда номзод этиб рўйхатга олинган тақдирда, Марказий сайлов комиссиясини дарҳол хабардор қилади.
6-боб. Ҳудудий сайлов комиссияси ишини ташкил этиш
26. Ҳудудий сайлов комиссияси ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади.
27. Ҳудудий сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб ўтказиладиган мажлиси ҳисобланади. Ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлислари у жойлашган бинода, сайёр тарзда ёки видеоконференцалоқа шаклида ўтказилади.
28. Ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлиси раиснинг ташаббусига кўра ёки комиссия аъзолари умумий таркибининг камида учдан бир қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.
Ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Ҳудудий сайлов комиссиясининг аъзоси агар мажлисда видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган бўлса, мажлисда ҳозир бўлган ҳисобланади.
29. Ҳудудий сайлов комиссиясининг қарори очиқ овоз бериш йўли орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
30. Ҳудудий сайлов комиссияси мажлисларида масалалар очиқ ва ошкора муҳокама этилади.
Ҳудудий сайлов комиссияси мажлисида баённома юритилади.
Баённомада мажлиснинг кун тартиби, унда қатнашган ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ва бошқа таклиф этилган шахслар ҳақидаги маълумотлар, муҳокамага киритилган масаланинг қисқача мазмуни, сўзга чиққан ва фикр билдирганлар тўғрисида маълумотлар, кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.
Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади ҳамда унга қабул қилинган қарор, тааллуқли ҳужжатлар, шунингдек, ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг муайян масала юзасидан ёзма шаклдаги алоҳида фикрлари (агар бўлса) илова қилинади.
Ҳудуд (округ) бўйича сайлов (овоз бериш) натижалари тўғрисидаги баённома ҳудудий сайлов комиссиясининг мажлисида иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади.
31. Ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорлари электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали қабул қилиниши мумкин. Бунда мажлисда қабул қилинган қарорнинг матни «E-saylov» ахборот тизимига ҳудудий сайлов комиссияси котиби томонидан юкланади ва комиссия раисига (мажлисда раислик қилувчи) имзолаш учун тақдим этилади. Бунда ҳудудий сайлов комиссияси мажлисида маъқулланган тузатишлар (ўзгартириш, қўшимчалар) қарор матнига киритилади.
32. Қарорлар ҳудудий сайлов комиссияси раиси (мажлисда раислик қилувчи) томонидан имзоланади.
«E-saylov» ахборот тизими орқали қабул қилинадиган қарорлар ҳудудий сайлов комиссияси раиси (мажлисда раислик қилувчи) томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
33. Ҳудудий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.
34. Ҳудудий сайлов комиссияси мажлисларида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ходимлари, рўйхатга олинган номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, референдумда фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин.
Мажлисларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари вакиллари ва бошқалар таклиф этилиши мумкин.
35. Ҳудудий сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилганидан сўнг қуйидаги тадбирларни амалга оширади:
ҳудудий сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлисини ўтказади;
ҳудудий сайлов комиссияси жойлашган бинони белгиланган тартибда жиҳозлашга зарур бўлган ташкилий ишларни амалга оширади.
Ҳудудий сайлов комиссияси биринчи ташкилий мажлисида қуйидаги масалаларни кўриб чиқади:
ҳудудий сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир иш режасини тасдиқлаш;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари томонидан фуқароларнинг қабулини ташкил этиш;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилигини ташкил қилиш.
36. Ҳудудий сайлов комиссияси 2-иловага мувофиқ тасдиқланган муҳрга эга бўлади.
37. Ҳудудий сайлов комиссияси комиссияга ажратилган Давлат бюджети маблағлари ёки қонунда таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шартнома асосида ёки жамоатчилик асосида ҳудудий сайлов комиссияси фаолиятига кўмаклашиш учун мутахассисларни жалб қилиши мумкин.
Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ҳудудий сайлов комиссиясининг котибияти ташкил этилиши мумкин.
Ҳудудий сайлов комиссияси котибиятига жалб этилган мутахассислар ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилинади.
38. Ҳудудий сайлов комиссияси раиси ёки раис ўринбосари ҳудудий сайлов комиссиясига ташриф буюрган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, референдумда фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларни тегишли ҳужжатлар асосида рўйхатга олади ва қабул қилади.
39. Ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ёки котиби овоз бериш кунида тегишли ҳудудда овоз бериш жараёнининг бориши ҳақида ҳар соатда, муддатидан олдин овоз бериш кунларида эса, ҳар кунлик овоз бериш натижаси ҳақида Марказий сайлов комиссиясига хабар бериб боради.
40. Сайловга ва референдумга оид ахборот тизимларидан фойдаланишни ташкиллаштириш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларидан бирининг (қоида тариқасида рақамли технологиялар соҳасида маълум кўникмага эга бўлган) зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:
комиссия аъзоларининг ахборот тизимларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш;
қуйи сайлов комиссияси аъзоларига СЖБАТга кириш учун тегишли маълумотларни бериш;
ахборот тизимларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида назорат олиб бориш;
қуйи сайлов комиссиялари томонидан СЖБАТда амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириб бориш.
41. Ҳудудий сайлов комиссиясида юритиладиган иш ҳужжатлари:
ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорлари, баённомалари, далолатномалар дафтари ва йиғмажилди;
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, фармойишлари йиғмажилди;
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари сайловига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
туман, шаҳар сайлов комиссиялари ҳақидаги маълумотларга оид ҳужжатлар йиғмажилди;
сайлов участкалари ва участка сайлов комиссияларига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
референдум ўтказилишига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
кириш, чиқиш ҳужжатларини рўйхатга олиш дафтари ва йиғмажилди;
молиявий ҳужжатлар ва сайлов жиҳозлари ҳисобига оид ҳужжатлар йиғмажилди;
СЯЭР ва СЖБАТга оид ҳужжатлар йиғмажилди;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтари ва йиғмажилди;
кузатувчиларни рўйхатга олиш дафтари.
42. Марказий сайлов комиссиясининг кўрсатмасига асосан ҳудудий сайлов комиссиясида юритиладиган иш ҳужжатлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.
7-боб. Ҳудудий сайлов комиссиясининг биноси ва хоналарини жиҳозлаш
43. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий сайлов комиссиясини ўз фаолиятини доимий олиб бориши учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган талаблар асосида қоида тариқасида тегишли ҳудуд марказидан, аҳоли қатнови учун қулай бўлган жойдан алоҳида бино билан таъминлайди.
44. Сайловни ҳамда референдумни ўтказиш даврида ҳудудий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан камида саккизта хонадан иборат бино билан, шунингдек, транспорт, алоқа воситалари ва қўшимча интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланади. Бунда, тегишли ҳудудда тузилган Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округлари сонидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир сайлов округи бўйича бириктирилган комиссия аъзоси иш юритиши учун етарли шароит яратилиши керак.
45. Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳудудий сайлов комиссияси ихтиёрига сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган бинолар, мажлис заллари, хоналар ҳамда жиҳозларни бепул бериб туриши шарт.
46. Ҳудудий сайлов комиссияси биносига кириш жойида ногиронлиги бўлган шахслар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ШНҚ 2.07.02-22 «Қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мос бўлиши лозим.
47. Ҳудудий сайлов комиссияси компьютерларини интернет тармоғига улаш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари кўмагида амалга оширилади.
48. Сайловни ҳамда референдумни ўтказиш даврида ҳудудий сайлов комиссияси жойлашган бино тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ичида);
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бинонинг ичида);
ҳудудий сайлов комиссиясининг тўлиқ номи кўрсатилган пешлавҳа;
қулфланадиган сейф ёки металл шкаф;
зарур мебеллар, кондиционер, оргтехника воситалари (компьютер, ноутбук, принтер, сканер, нусха кўчирувчи ускуна, UPS), телефон, телевизор;
СЖБАТ ва «E-saylov» ахборот тизими талабларига жавоб берувчи тўрттадан кам бўлмаган компьютер ва уларга керакли бўлган қурилмалар (принтер, сканер, UPS ва бошқалар) ҳамда узлуксиз (симсиз) интернет алоқаси ва ҳ.к.;
видеоконференцалоқа учун видеомонитор, микрофон ва акустик қурилмалар;
муқобил электр-энергияси ишлаб чиқарадиган генератор қурилмаси;
ёнғинга қарши воситалар.
Ҳудудий сайлов комиссияси жойлашган бино ва унга олиб борувчи йўлаклар озода ва таъмирланган, ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши керак.
49. Сайловни ҳамда референдумни ўтказиш даврида ҳудудий сайлов комиссияси биносида қуйидагилар жойлаштирилади:
сайлов, референдум санасига бағишланган плакатлар;
ҳудудий сайлов комиссиясининг таркиби, манзили ва телефон рақамлари;
Марказий сайлов комиссияси, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар суди, прокуратураси ва ички ишлар бошқармасининг ишонч телефонлари рақамлари.
50. Ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг хонасида қуйидагилар бўлиши лозим:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни, сайловга ва референдумга оид қонунчилик ҳужжатлари;
ҳудудий сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби ҳақида маълумот;
иш режаси ва навбатчилик жадвали.
51. Стендларда жойлаштириладиган материалларда сайловолди ташвиқотига оид нишон ва аломатлар бўлмаслиги керак.
8-боб. Ҳудудий сайлов комиссияси фаолиятини молиялаштириш
52. Ҳудудий сайлов комиссиясининг фаолиятини молиялаштириш Марказий сайлов комиссиясига ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан марказлашган тартибда амалга оширилади.
53. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, референдумига, Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларига, шу жумладан бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
54. Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳар йили қабул қилинадиган маҳаллий бюджетларнинг харажатлари қисмида назарда тутилади.
55. Чет давлатларнинг, улар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш тақиқланади.
56. Сайловларга, шунингдек референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан амалга оширилади.
9-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш
57. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳудудий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлари Сайлов кодекси, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
58. Келиб тушган мурожаатлар ҳудудий сайлов комиссияси раиси томонидан комиссия аъзолари ўртасида кўриб чиқиш учун тақсимланади.
Мурожаатга жавоб хати ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан имзоланади.
59. Мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал қилиш ҳудудий сайлов комиссияси ваколатига кирмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга юборилади.
60. Ҳудудий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ҳамда референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекси ҳамда референдум қонунчилиги талаблари бузилганлиги ёки сайловни (референдумни) ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади.
Ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказилиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар берилиши, сайловга (референдумга) олти кундан кам вақт қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиб, жавоб қайтарилиши шарт. Бундан сайлов комиссияларининг ёки референдум ўтказувчи участка комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.
Зарур ҳолларда ҳудудий сайлов комиссияси мурожаатларни кўриб чиқиш учун тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузиши мумкин.
61. Ҳудудий сайлов комиссияси ваколатига доир мурожаатлар ҳудудий сайлов комиссияси раисининг кўрсатмасига асосан кўриб чиқиш учун комиссия мажлиси кун тартибига киритилади.
Кун тартибига киритилган мурожаатлар ҳудудий сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
62. Мурожаатни кўриб чиққан ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ёки қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.
63. Номзодлар кўрсатган сиёсий партия органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин.
10-боб. Сайлов ёки референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
64. Сайлов ёки референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
65. Сайлов ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
11-боб. Сайловга ҳамда референдумга оид ҳужжатларни ва муҳрларни сақлаш
66. Сайловга ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланадиган тегишли ҳужжатга мувофиқ сақлаш учун тайёрланади, топширилади ҳамда (ёки) йўқ қилинади.
67. Ҳудудий сайлов комиссияси қуйи сайлов комиссиялари ўз фаолиятини тугатганидан сўнг уларнинг муҳрлари белгиланган тартибда қабул қилинишини ва сақланишини таъминлайди.
Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА




Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ҳудудий сайлов комиссиясининг гербли резина муҳри
НАМУНАСИ

Ҳудудий сайлов комиссиясининг гербли резина муҳри диаметри 35 мм айлана шаклда бўлиб, марказдан 18,5 мм узоқликда асосий айлана ва ундан 1 мм масофада яна бир айлана ўтказилган. Иккинчи айлана тагида айлана бўйича «TOSНKENT SНAНAR НUDUDIY SAYLOV KOMISSIYASI»* ёзуви бор. Ушбу матннинг тагидан яна бир ички айлана ўтказилган бўлиб, айлананинг ичида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
* Тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси номи кўрсатилади.