Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш ишларининг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш ишларининг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек соҳада рақамлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сув хўжалигини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва комплекс тадбирларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинди. Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалигини бошқариш бўйича яхлит республика ижро этувчи ҳокимият органи тизими шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармонларида сувдан фойдаланишда самарадорликни ошириш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сув хўжалиги соҳасида энергияни тежовчи ускуналардан фойдаланиш, айниқса, рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли Қарори билан сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
2023 йилда 190 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган ҳамда 959,9 млрд. сўм маблағ сарфланиб, белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилган.
Жумладан, ирригация йўналишида 392,9 км. канал, 57,7 км. лоток, 19 та гидротехника иншооти, 4,6 км. босимли қувурлар, 2 та кўприк ва 60 та суғориш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 9,1 км. сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида қирғоқ ҳимоя ишлари бажарилган.
Бундан ташқари мелиорация йўналишида 230,3 км. очиқ, 156,0 км. ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 6 та вертикал дренаж қудуғи, 59 та гидротехник иншоот, 58 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.
Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ирригация ва мелиорация объектларининг техник ҳолати яхшиланиб, 207,6 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 105,7 минг гектар суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилган.
Ирригация тизимини рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказиш мақсадида 2023 йилда 7 339 та «Ақлли сув», 2 578 та «Дайвер» ва 271 та насос қурилмалари ўрнатилиб, 21 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилган. Бунда сув истеъмолчилари кесимида сувнинг ҳисобини ва ҳисоботини юритиш, шунингдек улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш учун мўлжалланган «Сув ҳисоби» ахборот тизими яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2024 йилда 215 та объектда 1 880,0 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг буюртмаси бўйича ҳамда Халқаро молия институтлари иштирокидаги 3 та лойиҳа учун 385,8 млрд. сўм, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Нукус филиали буюртмаси бўйича 1 та ирригация объекти учун 25 млрд. сўм ажратилиб, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга таҳлиллар соҳада айрим камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш йўналишларига ажратилган маблағларни ўзлаштириш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти. Ажратилган маблағлар Хоразм, Фарғона ва Навоий вилоятларида бор-йўғи 15 — 25 фоизга ўзлаштирилган, холос.
Сув хўжалиги объектларида «Ақлли сув» қурилмалари, дайвер ва насос қурилмалари ҳамда автоматлаштириш ишлари учун зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмаган. Бунинг натижасида 2022-2023 йилларда сув ўлчаш постларида «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш бўйича ишлар 49 фоизга амалга оширилган, холос.
Қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилган 6 та ирригация объекти ўз вақтида фойдаланишга топширилмаган. Бу эса ҳудудларда 145,0 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини, шу жумладан 105,9 минг гектар суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имкониятини чекламоқда.
Ҳудудларда сув хўжалиги объектларида ўрнатилган рақамли қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий сервер қурилмасига улаш орқали масофадан бошқариш ёки кузатиб бориш, қурилмаларга масофадан техник хизмат кўрсатиш тизимини самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек соҳада давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳам етарли деб бўлмайди. Бундан ташқари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида сув хўжалиги объектларини хусусий секторга бериш ҳамда инвестициявий мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш ва соҳадаги мавжуд барча ахборот тизимлари маълумотларини йиғиш, умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш имконини берувчи ахборот тизимини яратиш зарурати мавжуд.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш ишларининг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев):
ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш;
ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш йўналишларига ажратилган маблағларни ўз вақтида ва мақсадли ўзлаштириш;
ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилишда ишларни белгиланган норма ва талаблар доирасида ташкил этиш ҳамда уларнинг ўз муддатида ишга туширилишини таъминлаш;
ҳудудларда сув хўжалиги объектларида ўрнатилган рақамли қурилмаларни масофадан бошқариш, кузатиб бориш, масофадан техник хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобидан сув иншоотларини модернизация қилиш, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш;
сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолига сувни тежовчи технологиялар самарадорлиги ҳақида тушунтириш ва тарғибот ишларини самарали йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш доирасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 май,
4336-IV-сон