Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 30 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 30 мартда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда заргарлик саноатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, заргарлик буюмлари экспортини оширишга, шунингдек туризм соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ҳар томонлама имкониятлар яратишга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда заргарлик тармоғини саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг хомашёга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шу билан бирга туризмни янада ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг самарали фаолиятни амалга ошириши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси фойда солиғидан озод қилиниши тўғрисидаги норма билан тўлдириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Ушбу Қонун маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлашга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда) 483-моддаси қуйидаги мазмундаги қирқ тўққизинчи ва эллигинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғидан озод қилинади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 июлда қабул қилинган «Туризм тўғрисида»ги ЎРҚ-549-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 7, 387-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда) 21-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
биринчи қисм қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Жойлаштириш воситалари, тоғ чанғиси трассалари ва пляжлар мажбурий равишда сертификатлаштирилиши лозим, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари жойлаштириш воситалари сифатида мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилади»;
иккинчи — бешинчи қисмлар тегишинча учинчи — олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси иккинчи хатбошисининг қоидалари 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 май,
ЎРҚ-926-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.05.2024 й., 03/24/926/0344-сон)