Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимларнинг ҳисоб регистри тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 16 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1919-9]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2009 йил 4 мартдаги 2009-18-сон буйруғи (рўйхат рақами 1919, 2009 йил 9 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 10-11-сон, 126-модда) билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимларнинг ҳисоб регистри тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 апрель,
38-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 4 апрелдаги 38-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимларининг ҳисоб регистри тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу Низом уюшмаган биржадан ташқари қимматли қоғозлар бозорида амалга оширилган қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимларнинг ҳисоб регистрини юритиш ҳамда уларнинг қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан рўйхатга олиниши тартибини белгилайди.
Мазкур Низомнинг талаблари акциялар, корпоратив ва инфратузилма облигациялар, шунингдек қимматли қоғозларнинг ҳосилалари билан биржадан ташқари битимларга татбиқ этилади.».
2. 1-бандда:
ўн биринчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги таҳрирдаги ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари — фонд биржаси ва фонд бўлимини ташкил этган валюта биржаси;»;
ўн учинчи хатбоши ўн тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
3. 2-бандда:
биринчи хатбошидаги «Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимлар ёзма» деган сўзлардан кейин «ёки электрон» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
иккинчи ва учинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қимматли қоғозлар тегишли шартномаларни тузиш йўли билан биринчи эгаларига бегоналаштирилганда, бундан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчисининг майдончаларида тузилган битимлар мустасно;
акциядорларнинг талабига кўра акциядорлик жамияти томонидан ўз акциялари сотиб олинганда, бундан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчисининг майдончаларида тузилган битимлар мустасно;».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2024 й., 10/24/1919-9/0281-сон)