Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2024 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси (Б. Алихонов) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2024 йилнинг 1 июлига қадар Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 30 март,
СҚ-890-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2024 йил 30 мартдаги СҚ-890-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан)
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (кейинги ўринларда — МЕТҲ) ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биохилмахилликни сақлаш, уларни қайта тиклаш, экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишнинг асосий табиий манбаларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланиб, соҳани бошқарувчи ва тартибга солувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида республикада МЕТҲ умумий майдони 6,321 млн гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.
МЕТҲ тизимига ҳозирда 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 12 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси (шундан 10 таси юридик шахс мақомига эга эмас.), 1 та Жайрон махсус питомниги киради.
Мамлакатимиз биохилма-хиллиги ўзига хос ранг-баранг ва ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига эга бўлиб, ҳозирда республикамиз ҳудудида 4400 дан ортиқ олий ўсимлик ва 15 000 дан зиёд ҳайвонот турлари аниқланган.
МЕТҲда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.
Шу билан бирга, МЕТҲда биохилмахилликни асраш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари кадастри юритилиши соҳасида айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолмоқда.
Аҳоли томонидан чорва молларини боқилиши ва бошқа салбий омиллар натижасида МЕТҲнинг умумий биомассаси сийраклашмоқда.
Турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва ўсимлик олами турларининг сони камайиб, яшаш муҳитларидаги шарт-шароит янада кескинлашмоқда.
Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш ва чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши ортиб бормоқда.
Ўсимлик ва ҳайвонот олами вакилларини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги оқибатида ноёб ва эндемик турлар сони камайиб бормоқда. 2009 йилда нашр этилган икки жилдли Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига 184 та ҳайвон тури ва 304 та ўсимлик турлари киритилган бўлса, 2019 йилда чоп этилган Қизил китобга мос равишда 206 турдаги ҳайвонлар ва 314 турдаги ўсимлик ҳамда замбуруғлар киритилган.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кадастр маълумотларини тўплаш ва шакллантириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган ҳамда кадастр юритишнинг замонавий методологияси ишлаб чиқилмаган.
Бир нечта МЕТҲда ўрнатилган тартиб-қоидалар (режим) бузилиши ҳолатлари рўй бермоқда. Жумладан, ушбу ҳудудларда браконерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда аҳоли томонидан чорва молларининг боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларга зарар етказилмоқда.
МЕТҲдан фойдаланиш ва бошқариш соҳасида халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб борилаётган ишлар етарли даражада эмас.
МЕТҲнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари ва уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти.
Аксарият МЕТҲларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти.
«Зарафшон» миллий табиат боғида ноқонуний равишда дарахтлар кесилишига, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан турли бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилган. Ўтган йилнинг ёз мавсумида содир бўлган ёнғин, ҳудуд биохилма-хиллигига катта зарар етказган.
«Чотқол» биосфера қўриқхонаси ва бошқа МЕТҲларда чорва молларини ноқонуний боқиш сурункали давом этмоқда.
Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги боис малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган.
Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва унга зиён етказмасдан фойдаланишда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш тизимли йўлга қўйилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1. Тузилиши ва мазмунига кўра ташкил этилган маҳаллий ва республика даражасидаги МЕТҲ сони, ер майдонлари, шу жумладан, улардаги ер-сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг умумий ҳолати.
2. Биологик хилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда МЕТҲ майдонларини янада кенгайтириш.
3. Қўшни давлатларга туташ ҳудудларда ягона экотизимли трансчегаравий МЕТҲ ташкил қилиш.
4. Браконерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ўсимлик дунёси турларининг ноқонуний кесилиши, табиатдан қонунга зид равишда олинган маҳсулотларга бўлган талаб ва таклифга оид муаммоларни ҳал қилиш.
5. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда биологик хилма-хилликнинг замонавий индикаторларини ишлаб чиқиш.
6. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кадастр маълумотларини тўплаш ва шакллантириш ҳамда уларнинг таҳлили. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилиши:
ўрмон фонди ерларида ёввойи ҳайвонларни, шу жумладан ўрмон хўжалиги зараркунандалари бўлган ҳайвонларни ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ҳисобга олиш (фототутқичлар ўрнатиш) бўйича;
тасарруфида МЕТҲ, овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжаликлари бўлган ҳар бир юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонлар турлари бўйича;
балиқ овлаш ташкилотлари томонидан фойдаланиш учун бириктирилган сув объектларида ёки уларнинг қисмларида ҳайвонот дунёси объектлари бўйича;
МЕТҲнинг барча тоифаларидаги ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг барча турлари бўйича.
7. Ҳайвонот дунёси объектларини давлат кадастри, ҳисобга олиш ва бошқа маълумотларни рақамлаштириш, соҳани илмий-методик таъминлаш.
8. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини сақлаш, улардан фойдаланиш, қайта кўпайтириш ва тиклаш, шунингдек, МЕТҲни бошқариш бўйича режа-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда ижроси.
9. МЕТҲда давлат назоратини кучайтириш, ноқонуний фаолият, хусусан, ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштириш, чорва молларини боқиш каби ҳуқуқбузарликка чек қўйиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, йилнинг мавсумларида ҳайвонлар махсус озиқланадиган жойларни ташкил этиш.
10. МЕТҲ ер фондидан самарали фойдаланиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик қоидалари ва тартиб-таомилларини жорий этиш.
11. МЕТҲда илмий-тадқиқотлар олиб боришни қўллаб-қувватлаш, замонавий лаборатория ва шарт-шароитларни яратиш, мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш.
12. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига антропоген таъсирларни янада камайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш мақсадида қўриқхоналар ҳамда уларга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) зоналар ташкил қилиш.
13. МЕТҲда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш ва такрор кўпайтириш (етиштириш) бўйича амалга оширилаётган ишлар.
14. Халқаро мажбуриятлар доирасида амалга оширилаётган илмий-амалий ишлар, соҳага халқаро молия институтларининг техник кўмаги ва грант маблағларини жалб этиш.
15. Соҳада содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларни олдини олиш ҳамда қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ва унга берилган жавоб Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиб, унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.