Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКАДА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИНГ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ВА УНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 2 октябрдаги 221-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида» 2008 йил 22 июлдаги ЎРҚ-163-сон Қонуни)»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини бажариш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар мажмуини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар вазирликлар, идоралар, давлат бошқаруви маҳаллий органлари, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг фуқаролари томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси ходимларининг чекланган сони, бунга унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳам киради, хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари, 85 нафардан (шу жумладан, қимматли қоғозлар бозори бошқармаси ходимлари — 28 нафар, уларнинг 15 нафари қўшимча равишда ажратилади) иборат этиб белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, Давлат комиссиясининг раиси — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари ҳисобланади. Давлат комиссияси раисининг ўринбосари — Молия вазирлиги қимматли қоғозлар бозори бошқармасининг бошлиғи, ҳудудий бўлинмаларнинг раислари Давлат комиссияси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари татбиқ этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси:
эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларининг масъулиятини тартибга солуви стандартлар ҳамда қоидаларни;
зарурат бўлганда мустақил аудитор ташкилотларнинг эксперт хулосаларидан фойдаланган ҳолда қимматли қоғозларнинг бошланғич нархларини, уларнинг ликвидлилик даражасини аниқлаш учун қимматли қоғозлар эмитентларининг молиявий аҳволини баҳолаш механизмини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5.Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
давлат корхоналарини қайта ташкил қилиш йўли билан барпо этилган акционерлик жамиятларининг рўйхатларини республика матбуотида йилнинг ҳар чорагида албатта эълон қилинишини таъминласин;
акцияларини биржа савдолари орқали ва биржадан ташқари бозорда сотиш юзасидан шартнома-топшириқномалар тузищда инвестиция муассасалари билан ишлаш тартибини белгиласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқадиган солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда манфаатдор вазирликлар ва идораларга етказсин;
Давлат комиссиясини таъминлашга, шунингдек унинг моддий-техника базасини яратишга белгиланган тартибда зарур маблағлар ажратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Давлат комиссиясини ва унинг ҳудудий бўлинмаларини, шунингдек «Тошкент» Республика фонд биржасини ҳамда «Вақт» миллий депозитарийсини биржа савдоларининг электрон тизимини ташкил этиш, ҳудудий бўлинмалар ва вилоятлар депозитар тузилмалари билан ахборотлар алмашиш учун алоқанинг умумдавлат воситалари билан, шунингдек инвесторларнинг қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссиясининг эмитентлар тўғрисидаги маълумотлари банкидан фойдаланиши тизимини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 1996-1997 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида қимматли қоғозлар бозори соҳаси мутахассисларини тайёрлашни назарда тутсин.
9. «Ўздавтелерадио» компанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамда қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси билан биргаликда акционерлаштириш, қимматли қоғозларнинг ҳар хил турларини чиқариш хусусиятлари, Давлат комиссияси, фонд биржаси Миллий депозитарий ва қимматли қоғозлар бозорининг бошқа муассасалари фаолияти билан боғлиқ масалаларни аҳолига мунтазам тушунтириб боришни таъминласинлар.
10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссиясининг ишчи аппаратини Мустақиллик майдони, 5-уйдаги 20 қаватли маъмурий бинога жойлаштирсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Давлат комиссиясининг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш учун зарур жойлар ажратилишини таъминласинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б. С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 7 сентябрь,
351-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси тўғрисида
низом
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг буйруқлари, йўриқномалари ва кўрсатмаларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
3. Комиссиянинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви барча органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, фонд биржалари (биржаларнинг фонд бўлимлари), инвестиция муассасалари ва малака аттестатига эга бўлган, жойлардаги давлат ҳокимияти органларида рўйхатдан ўтган ҳамда белгиланган тартибда банкда ҳисоб-китоб счёти очган жисмоний шахслар (кейинги ўринларда қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари деб аталади) томонидан бажарилиши мажбурийдир.
4. Комиссия юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб-китоб ва валюта счётларига эга бўлади.
II. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари
5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
республикада қимматли қоғозлар бозорини шаклантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;
ўзбекистонлик ва хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларини чиқариш ҳамда уларнинг қимматли қоғозлар миллий ва халқаро бозорларида самарали муомалада бўлиши учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни таъминлайдиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишини, уларнинг рўйхатга олинишини ва қимматли қоғозлар, шу жумладан хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлар бозорига киритилишини тартибга солиб бориш;
қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширувчи ҳам юридик, ҳам жисмоний шахс сифатидаги инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
давлат қимматли қоғозларининг чиқаришни, уларга хизмат кўрсатишни ва уларни тўлашни ташкил этиш;
тегишли давлат органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфраструктурасини барпо этишда қатнашиш;
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, маҳаллий бошқарув органларининг ва бевосита қатнашчиларнинг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
республикада рўйхатга олинган қимматли қоғозлар чиқаришнинг, шунингдек инвестиция муассасалари сифатида фаолият кўрсатишга лицензия олган юридик ва жисмоний шахсларнинг ягона реестрларини юритиш;
қимматли қоғозлар эмиссияси ва уларнинг муомалада бўлиши масалаларига доир қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш;
ҳисобга олиш ва ҳисоботни юритиш, қимматли қоғозлар бозорини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича маълумотлар банкини шакллантириш, инвесторлар ва жамоатчиликни кенг хабардор қилиш.
6. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
республикада қимматли қоғозлар бозорини шаклантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиб бориш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирларини кўриш;
«Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда қимматли қоғозлар эмиссияси ва муомаласига, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятига таалуқли бошқа қонунчилик ва норматив ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг тегишли органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозори ва унинг қатнашчилари фаолиятини шакллантириш ва тартибга солиш, ўзбекистонлик ва хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларини чиқариш ҳамда қимматли қоғозларнинг миллий ва халқаро бозорларида самарали муомалада бўлиши учун ҳуқуқий шарт-шароитларни таъминлаш масалалари бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва такомиллаштиришда қатнашиш;
қимматли қоғозлар бозори ва унинг инфраструктурасини шакллантириш, ривожлантириш моделлари, дастурлари ва механизмларини ишлаб чиқиш;
ўзбекистонлик ва хорижий эмитентлар қимматли қоғозларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлишини тартибга солиб бориш;
қимматли қоғозлар ва уларнинг ҳосилалари эмиссиясини (чиқарилишини), эмитентларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида (дастлабки эмиссиясида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда) қимматли қоғозлар эмиссиясини амалга оширувчи хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлари эмиссияси проспектлари рўйхатга олишни амалга ошириш;
инвестиция муассасалари сифатида қимматли қоғозлар бозорида фаолият кўрсатишга, лотерея ўйинлари ўтказишга, қиморхоналар ташкил этишга лицензия беришни амалга ошириш;
инвесторлар-акционерларнинг корхонани (акциянерлик жамиятини) бошқаришдаги қатнашишдаги, дивидендлар ва эмитентларнинг фаолияти тўғрисида ишончли ахборот олишдаги ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
тегишли давлат органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфраструктурасини ташкил этишда қатнашиш;
қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, қимматли қоғозлар билан малакали фаолиятни амалга ошириш қоидаларига нисбатан ягона талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилиши устидан назоратни ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини назорат қилишни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган хорижий эмитентлар қимматли қоғозларининг Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорида муомалада бўлишига рухсат бериш қоидалари ва квоталарига риоя қилиш устидан назоратни амалга ошириш ҳамда ушбу қоидалар ва квоталарни бузувчиларга нисбатан амалдаги қонунчиликда назарда тутилган чораларни қўллаш;
қимматли қоғозлар билан битишувларни амалга ошириш низомларини, қоидаларини ишлаб чиқиш, фонд биржалари уставларини (биржанинг фонд бўлими тўғрисидаги низомларни) кўриб чиқиш;
қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларига қўйиладиган малака талабларини белгилаш, уларни аттестациядан ўтказиш, гувоҳномалар бериш;
қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритишга доир мажбурий талабларни белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорида акционерлик-тижорат банклари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
вазирликлар, идоралар ва давлат бошқаруви бошқа органларининг, шунингдек жамоат бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотларнинг қонунчилик ва норматив ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилиш, қимматли қоғозларни чиқариш, киритиш, муомалага қўйиш ва сақлашни бирхиллаштириш, қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш ҳисоби ва ҳисоботи, акционерлик жамиятлари ва қимматли қоғозлар бозори бошқа қатнашчиларининг ишини назорат қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
қимматли қоғозлар билан операциялар, уларни чиқариш, ҳисобга олиш, сақлаш, ҳисобот ва инвесторларга ахборотлар бериш бўйича бирхиллаштирилган стандартлар ва қоидаларни белгилаш;
республикада рўйхатга олинган қимматли қоғозларнинг, шунингдек, инвестиция муассасалари сифатида фаолиятни амалга оширишга лицензия олган юридик ва жисмоний шахсларнинг Ягона давлат реестрларини юритиш ҳамда уларнинг рўйхатини эълон қилиш;
турлари бўйича рўйхатга олинган қимматли қоғозларнинг миқдорлари тўғрисида йилнинг ҳар чорагида ҳисоботлар тузиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиш;
қимматли қоғозлар бозорини ташкил этиш ва ривожлантиришга тааллуқли маълумотлар банкини белгиланган тартибда шакллантириш ва инвесторлар ва жамоатчиликни кенг хабардор қилишни таъминлаш;
қимматли қоғозлар билан бажариладиган ишларнинг ахборот тизимини яратиш, уларни автоматлаштириш ва компьютерлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
қимматли қоғозлар бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар бажарилишини назорат қилиш, қимматли қоғозлар ички ва ташқи бозорларида қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишни бирхиллаштириш, уларнинг қатнашчилари фаолиятини назорат қилиш бўйича биргаликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш соҳасида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи халқаро ва хорижий органлар билан ҳамкорлик қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ Комиссиянинг вазифалари ва ваколатларидан келиб чиқувчи бошқа функцияларни бажариш.
III. Ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
7. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
барча эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари томонидан ахборотларни бериш ва эълон қилиш қоидаларини белгилаш;
ўзининг қимматли қоғозларини оммавий сотиш учун бораётган исталган эмитентдан, қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатишини профессионал таъминловчи ҳар қандай шахсдан, шунингдек, фонд биржаларидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тузиш ва эълон қилиш учун мажбурий бўлган қоидалар, уставлар, иш тартиблари, йўриқномалар, намунавий ҳужжатларининг нусхаларини тақдим этишни талаб қилиш;
эмитентларнинг ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг бухгалтерия ҳужжатларини қимматли қоғозлар ва улар бўйича бажарилган операциялар тўғрисида эълон қилинган ахборотнинг ишончлилиги юзасидан, шунингдек, қонунчилик ва норматив ҳужжатларнинг бузилганлиги ёки бузилиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тушганда текшириш ўтказиш;
инвесторларнинг, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг қимматли қоғозлар чиқаришга, уларнинг муомалада бўлишига, улар билан операциялар ўтказишга тааллуқли қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши юзасидан шикоятларини кўриб чиқиш;
эмитентларнинг рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этган ҳужжатларини текшириш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ва норматив ҳужжатларига мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишини талаб қилиш;
қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиши ва ривожланиши соҳасида халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш;
хорижий ва мамлакатимизнинг юқори малакали мутахассисларини контракт асосида маслаҳатчи ва экспертлар сифатида ишга таклиф этиш;
фонд биржаларининг биржа кенгашлари, бошқа биржаларнинг фонд бўлимлари мажлисларида қатнашиш, биржа фаолияти устидан назоратни амалга ошириш учун Комиссиянинг вакиллари сифатида давлат биржа инспекторларини тайинлаш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари бўлган уюшмаларнинг ва улар аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари бўлган уюшмаларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини бажариш шарти билан унинг аъзолари фаолияти ўзлари тартибга солиш ҳуқуқини бериш;
қимматли қоғозлар бўйича қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни бузувчиларга нисбатан ваколатлари доирасида қуйидаги санкцияларни қўллаш:
а) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари кўриб чиқиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;
б) фонд биржаларидан (ёки бошқа биржаларнинг фонд бўлимларидан) уларнинг аъзолари томонидан қимматли қоғозлар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Комиссия талаблари бузилган тақдирда улар аъзоларининг биттасини ёки бир нечтасини аъзоликдан чиқариш ёки фаолиятдан четлаштиришни талаб қилиш;
в) эмитентлардан қимматли қоғозлар эмиссияси проспекти белгиланган тартибда тасдиқланмасдан қимматли қоғозларни очиқ сотишни таклиф этиш бўйича ўтказилаётган реклама компаниясини тўхтатишни талаб қилиш;
г) эмитентлар томонидан амалдаги қонунчилик бузилган тақдирда уларнинг қимматли қоғозлари эмиссиясини ва муомалада бўлиниши тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш;
д) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунчилиги бир неча марта ёки қўпол равишда бузилган тақдирда инвестиция муассасалари ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари сифатида қимматли қоғозлар билан фаолият юритишга берилган лицензияларни тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
е) қимматли қоғозлар тўғрисида қонунчиликнинг бузилишлари бўйича аниқланган фактлар бўйича материалларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ошириш;
ж) Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Комиссия талаблари бузилган тақдирда эмитентларнинг, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида суд органларига илтимоснома киритиш;
з) фуқароларга қимматли қоғозлар бўйича профессионал фаолиятни юритиш ҳуқуқлари берувчи малака аттестатлари бериш, шунингдек, улар амалдаги қонунчиликни бузган тақдирда уларнинг аттестатлари амал қилишини тўхтатиб қўйиш ёки улардан маҳрум қилиш;
и) биржалар иши ва қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш қоидалари бузилган тақдирда фонд биржасида операцияларни тўхтатиб қўйиш ва операциялар бўйича клиринг ва ҳисоб-китобларни муайян даврга тўхтатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ қарор қабул қилиш;
к) республика қонунчилиги талаблари бузилган тақдирда Комиссия томонидан аниқланган акционерлик жамиятлари таъсис этилишини содир бўлмаган деб тан олишга тааллуқли маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда вакил қилинган давлат органларига тақдим этиш;
л) белгиланган тартиб бузилган ва ҳужжатлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш.
8. Комиссия мажбуриятларига қуйидагилар киради:
ўз фаолиятида халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги нормаларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларидан ҳам шуни талаб этиш;
Комиссияга юкланган вазифалар ва функцияларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
ўзининг барча мажлисларининг зарур тартибда сақланиши керак бўлган баёнларини юритиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган тартибда йиллик ҳисоботлар тақдим этиш, бу ҳисоботларга Комиссияси фаолияти натижалари, қимматли қоғозлар бозори ривожланиши таҳлили ва прогнози, ҳуқуқни бузишлар статистикаси ва қонуни бузувчиларга нисбатан кўрилган чоралар, қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатиши ва ривожланишини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ўз аксини топиши керак;
қимматли қоғозлар тўғрисидаги ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг фаолияти, текширишлар ва суриштиришлар натижалари ҳақидаги ахборотнинг ошкоралигини ва ишончлилигини таъминлаш;
қимматли қоғозлар ва инвестиция муассасалари Ягона давлат реестрларига киритилган қимматли қоғозлар ва инвестиция муассасалари рўйхатини эълон қилиш;
қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишнинг белгиланган қоидаларига риоя этилишни назорат қилиш.
IV. Тузилмаси ва бошқарув органлари
9. Комиссия фаолияти Қимматли қоғозлар бозори бошқармаси ва Комиссиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмаларидан иборат ишчи аппарати томонидан таъминланади.
Марказий ижро этувчи аппарат функционал таркибий бўлинмалардан иборат бўлади, уларнинг таркиби, тузилмаси ва ваколатлари Комиссия бошқаруви томонидан белгиланади ва тасдиқланади.
Бўлинмалар бевосита Комиссияга бўйсунадилар, юридик шахслар ҳисобланадилар, банкда ўз ҳисоб-китоб счётига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.
10. Комиссиянинг раиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади. Комиссия бошқаруви аъзолари Комиссия раисининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадилар.
Комиссия бўлинмаларининг раислари ва уларнинг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
Комиссия раиси:
Комиссияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради, Комиссиянинг ва унинг жойларидаги бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этади, Комиссия ходимларининг вазифаларини тақсимлайди ва уларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди, Комиссия ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади ҳамда бошқа ваколатларни амалга оширади;
ўз ваколати доирасида ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги асосида буйруқлар, йўриқномалар ва қарорлар чиқаради, кўрсатмалар беради ҳамда уларнинг бажарилишини текширади, Комиссиянинг таркибий бўлинмалари тўғрисида Низомни тасдиқлайди;
Комиссиянинг тасдиқланган тузилмасига, ходимлари сони ва улар меҳнатига ҳақ тўлашга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритишга ҳақлидир;
ўзига қонунчилик ва мазкур Низом билан берилган бошқа функцияларни бажаради.
11. Комиссия раиси бошқарадиган Мувофиқлаштирувчи кенгаш Комиссиянинг юқори органи ҳисобланади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланади.
Қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга концептуал ёндашиш, фонд бозорини давлат томонидан тартибга солиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
V. Комиссия фаолиятини маблағ билан таъминлаш
12. Комиссиянинг ва унинг минтақавий бўлинмаларининг фаолияти республика бюджетидан маблағ билан таъминланади.
13. Комиссия қимматли қоғозлар чиқариш рўйхатга олинганлиги (хўжалик юритувчи субъектлар акцияларидан ташқари), қимматли қоғозлар бўйича профессионал фаолиятни юритиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар ва гувоҳномалар (малака аттестатлари) берилганлиги учун комиссион йиғимларни ҳамда бошқа йиғимларни ўз ваколати доирасида белгиланган тартибда ундиради.
14. Комиссия материалларни пулли чоп этишга ва қимматли қоғозлар бозори масалалари бўйича пулли хизматлар кўрсатишга ҳақлидир. Олинган маблағлар реклама, эълонлар, ахборот материалларини чоп этишга, лицензиялар, гувоҳномалрни, рўйхатга олиш карталарини тайёрлашга ҳамда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Комиссия томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ ижтимоий масалаларни ҳал этишга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
VI. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича бошқа бошқарув органлари билан ўзаро муносабатлар
15. Комиссияга юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда Комиссия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси ва давлат бошқаруви бошқа органларининг тегишли таркибий бўлинмалари билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссиясининг ташкилий тузилмаси
Изоҳлар:
1. Давлат комиссиясининг ишчи аппарати Молия вазирлигининг Қимматли қоғозлар бозори бошқармаси ва ҳудудий бўлинмалардан иборат бўлади.
2. Давлат комиссияси ходимларининг умумий сони — 85 киши.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари бўйича давлат комиссияси ҳудудий бўлинмаларининг
намунавий тузилмаси
Бўлинма раиси
Қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини назорат қилиш бўлими (гуруҳи)
Рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялар бериш бўлими (гуруҳи)
Кейинги таҳрирга қаранг.