Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 19 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3497]
Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турларини тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 23 апрелдаги 7-сон буйруғи (рўйхат рақами 2581, 2014 йил 7 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 19-сон, 219-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 январь,
1-сон
Келишилди:
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ
2023 йил 19 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. МУСАЕВ
2023 йил 28 декабрь
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2024 йил 10 январдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари
РЎЙХАТИ
1. Одам қони ва (ёки) унинг таркибий қисмларини тайёрлаш, қайта ишлов бериш ҳамда гемотрансфузия билан боғлиқ касблар.
2. Барча турдаги жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ касблар.
3. Туғруқ билан боғлиқ касблар.
4. Қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар:
диализ;
венесекция;
катетеризация.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 10/24/3497/0135-сон)