Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
1997 йил 18 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси фуқароларининг визасиз сафар қилишлари тўғрисидаги Битимга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 4520-AZ-2023 (2)-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари фуқароларининг ўзаро сафар қилишларини тартибга солишга бўлган интилишни ифода этиб,
1997 йил 18 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси фуқароларининг визасиз сафар қилишлари тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда — Битим) 7-моддасига асосланган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 2-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«2. Бир Томон давлатининг бошқа Томон давлатининг ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқаролари, башарти уларнинг бўлиб туриш муддати Томонлар давлатларининг Давлат чегарасини мазкур Битимнинг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида кесиб ўтган пайтдан бошлаб 15 (ўн беш) календарь кундан ошмаса, ўзлари бўлиб турган Томон давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (ҳисобга қўйиш) мажбуриятидан озод этиладилар.
3. Агар бир Томон давлатининг фуқароси бошқа Томон давлатининг ҳудудида 15 (ўн беш) календарь кундан ортиқ бўлиб турган тақдирда, ушбу фуқаро ўзи бўлиб турган Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ унинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиши (ҳисобда туриши) лозим».
2-модда
Битимнинг 1 ва 2-иловалари мазкур Баённоманинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ янги таҳрирда баён этилсин.
3-модда
Мазкур Баённома кучга кирган санадан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси фуқароларининг визасиз сафар қилишлари тўғрисида 1997 йил 18 июндаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 2010 йил 27 сентябрда Тошкент шаҳрида имзоланган Баённома ўз кучини йўқотади.
4-модда
Мазкур Баённома Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарилганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма билдиришнома олган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Баённома Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва Битимнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан ўз кучини йўқотади.
Боку шаҳрида 2023 йил 22 августда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Баённоманинг матнлари ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладидар.
(имзолар)
1-илова
Озарбайжон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришлари, ундан чиқишлари ва ҳаракатланишлари учун ҳужжатлар
РУЙХАТИ
1. Озарбайжон Республикаси умумий фуқаро паспорти;
2. Озарбайжон Республикаси хизмат паспорти;
3. Озарбайжон Республикаси дипломатик паспорти;
4. Озарбайжон Республикаси денгизчиси гувоҳномаси (кема экипажи рўйхати ёки кўчирмаси билан);
5. Ҳаво кемаси экипажи аъзосининг гувоҳномаси (парвоз топшириғида тегишли ёзув бўлганда);
6. Озарбайжон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома (фақат Озарбайжон Республикасига қайтиш учун).
2-илова
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Озарбайжон Республикаси ҳудудига киришлари, ундан чиқишлари ва ҳаракатланишлари учун ҳужжатлар
РУЙХАТИ
1. Фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун Ўзбекистон Республикаси биометрик бўлмаган намунадаги фуқаро паспорти;
2. Қуйидагилар учун берилган Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорти:
а) чет элда доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан рўйхатдан чиқарилган фуқаролар;
б) Ўзбекистон Республикасига қайтишда барча фуқаролар.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
4. Ўзбекистон Республикаси биометрик дипломатик паспорти;
5. Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун);
6. Ҳаво кемаси экипаж аъзосининг гувоҳномаси (экипаж таркибида парвоз қилиш вақтида);
7. Ҳукуматлараро фельдъегер хизмати ходимининг шахсни тасдиқловчи гувоҳномаси.