Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Греция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Амалдаги дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 20 октабрда 4526-GR-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатларининг икки томонлама муносабатларини фаоллаштириш истагида,
мавжуд дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини ҳисобга олиб, бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорт эгалари бўлган фуқароларининг бошқа Томон давлати ҳудудига саёҳатини осонлаштириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
(1) Амалдаги Греция дипломатик паспортларига эга бўлган, Греция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаларига тайинланмаган ёхуд Ўзбекистон Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлардаги Греция Республикасининг вакили бўлмаган Греция Республикаси фуқаролари ҳар қандай бир юз саксон (180) кунлик муддат ичида тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, транзит ўтиш, унда бўлиш ва ундан чиқиб кетиш учун виза талабларидан озод қилинади.
(2) Амалдаги Ўзбекистон дипломатик паспортларига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасининг Греция Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаларига тайинланмаган ёхуд Греция Республикасида жойлашган халқаро ташкилотлардаги Ўзбекистон Республикасининг вакили бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳар қандай бир юз саксон (180) кунлик муддат ичида тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатга Греция Республикаси ҳудудига кириш, транзит орқали ўтиш, унда бўлиш ва ундан чиқиб кетиш учун виза талабларидан озод қилинади.
(3) Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ишлаш учун рухсатнома талаб қилинадиган ҳақ тўланадиган фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
2-модда
(1) Мазкур Битим ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган ушбу Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудидаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаларига тайинланган ёки ушбу Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлардаги вакиллари ҳисобланган фуқароларини қабул қилувчи давлат ҳудудига келишидан олдин аккредитация қилиш учун виза олиш талабидан озод қилмайди.
(2) Мазкур Битим (1)-бандда кўрсатилган шахсларнинг оила аъзолари бўлган, уларнинг уй хўжаликларининг бир қисми ҳисобланган ва амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган аъзоларини қабул қилувчи давлат томонидан уларнинг ҳудудига келишидан олдин виза олиш талабидан озод қилмайди.
(3) Қабул қилувчи давлат мазкур модданинг (1) ва (2)-бандларда кўрсатилган визаларни миллий қонунчилигига мувофиқ расмийлаштиради.
3-модда
Мазкур Битимнинг (1) ва (2)-моддаларида қайд этилган шахслар бошқа Томон давлати ҳудудига халқаро йўловчи ташиш учун очиқ бўлган барча чегара пунктлари орқали кириш, транзит ўтиш ва ундан чиқиб кетишлари мумкин.
4-модда
Мазкур Битим юқоридаги 1 ва 2-моддаларда қайд этилган шахсларнинг қабул қилувчи давлат қонунларини ҳурмат қилиш мажбуриятига дахл қилмайди.
5-модда
Мазкур Битим Томон давлатларидан бирининг ваколатли органларининг ўз давлатлари ҳудудига кириш ва яшаш учун номақбул деб топилган ёки амалдаги шартларга жавоб бермаган шахсларга киришни рад этиш ёки унда бўлиб туришларини тақиқлаш ҳуқуқига дахл қилмайди.
6-модда
(1) Томонлар дипломатик каналлар орқали ўзларининг дипломатик паспортлари намуналарини бир Томон бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали 10-моддага мувофиқ ўзининг тегишли ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида охирги ёзма хабарномани олган кундан сўнг ўттиз (30) кун ичида алмашадилар.
(2) Томонлардан бири дипломатик паспортларга ўзгартиришлар киритган тақдирда, ушбу Томон бошқа Томонни ўзгартирилган паспорт намуналарини улар жорий этилишидан камида ўттиз (30) кун олдин юборган ҳолда дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилади. Томонлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан тавсия этилган машина ўқийдиган биометрик йўл ҳужжатлари учун стандартларни қўллайдилар.
(3) Томонлар дипломатик паспортлар бериш бўйича миллий қонунчилигидаги ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини кечиктирмасдан хабардор қиладилар.
(4) Томонлар ўз давлатлари фуқароларининг дипломатик паспортларини йўқотиш, ўғирлаш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали бир-бирларини кечиктирмасдан хабардор қиладилар.
7-модда
(1) Ҳар бир Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан ушбу Битимнинг бажарилишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиши мумкин.
(2) Мазкур Битимнинг бажарилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган Томон бошқа Томонни бундай тўхтатиб туриш тўғрисида дипломатик каналлар орқали бундай чора кучга киришидан камида ўн беш (15) календар куни олдин ёзма равишда хабардор қилади.
(3) Мазкур Битимнинг бажарилишини тўхтатиб туриш ушбу Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган ҳар қандай Томон фуқароларининг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
(4) Мазкур Битимни бажарилишини тўхтатиб туришни тугатиш тўғрисида бошқа Томон дипломатик каналлар орқали бундай чора кучга киришидан камида етмиш икки (72) соат олдин ёзма равишда хабардор қилинади.
8-модда
Мазкур Битим Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартирилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартиришлар ушбу Битимнинг кучга кириши учун 10-моддада назарда тутилган тартибда кучга киради.
9-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай келишмовчиликлар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали ҳал қилинади.
10-модда
Мазкур Битим Томонлардан бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали тегишли давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида хабардор қилган охирги ёзма хабарнома олинган кундан сўнг ўттиз (30) кун ўтгач кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга амал қилади. Томонлардан ҳар бири исталган вақтда дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали уни тугатиши мумкин. Тугатиш бошқа Томон бундай хабарномани олган кундан бошлаб тўқсон (90) кун ичида кучга киради.
Нъю-Йорк шаҳрида 2023 йил 18 сентябрда икки нусхада, ҳар бири инглиз тилида тузилди, бунда иккала матн тенг аутентикдир.
(имзолар)