Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида
Битим
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорлик Томонлар давлатларининг фаровонлиги ва хавфсизлигига кўмаклашишини эътироф этиб,
Томонлар давлатлари учун фавқулодда вазиятлар келтириб чиқарадиган хавфни англаган холда,
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги илмий-техникавий маълумот алмашинуви Томонлар давлатлари учун фойдали эканлигини инобатга олиб,
Томонлар давлатларидан бирининг куч ва воситалари билан бартараф этиб бўлмайдиган фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш эҳтимолини ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида бу билан келиб чиқувчи иккала давлатнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига бўлган эҳтиёжни эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги ўрнини инобатга олиб,
ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойилларига асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимда қўлланиладиган атамалар
Мазкур Битимда қўлланиладиган атамалар
Мазкур Битимда қўлланиладиган атамалар қуйидаги маъноларга эга:
сўровчи Томон — бошқа Томонга ёрдам кўрсатиш гуруҳларини, жиҳозлар ва таъминот материалларини юбориш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилувчи Томон;
тақдим этувчи Томон — бошқа Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳларини, жиҳозларини ва таъминот материалларини юбориш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирувчи Томон;
фавқулодда вазият — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиги ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитларни издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;
фавқулодда вазиятнинг олдини олиш — олдиндан Томонлар тарафидан ўтказиладиган ва фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфини имкон қадар камайтиришга, шунингдек, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда, одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва уларнинг соғлиғини сақлашга, моддий ва маданий бойликларга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарарлар ва моддий талофатларнинг ҳажмини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи;
қутқарув ишлари — фавқулодда вазиятлар зонасида инсонлар ҳаётини қутқариш ва соғлигини сақлаш, моддий ва маданий бойликларни, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини асраш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва уларга хос бўлган хавфли омиллар таъсирини йўқотиш ёки имкон қадар камайтиришга қаратилган ҳаракатлар;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш — фавқулодда вазиятлар рўй берганда инсонларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш, атроф табиий муҳитга зарарлар ва моддий талофатларнинг миқдорини камайтиришга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ва хавфли омилларнинг ҳаракатини тугатишга қаратилган комплекс қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар;
фавқулодда вазият зонаси — фавқулодда вазият юзага келган Томон давлатининг ҳудуди;
ёрдам кўрсатиш гуруҳи — фавқулодда вазиятлар зонасида ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар билан етарли даражада таъминланган, тақдим этувчи Томон мутахассисларининг (зарурат ҳолларда, хизмат итлари билан) уюшган гуруҳи;
жиҳоз — ёрдам кўрсатиш гуруҳининг материаллари, техник, ультра қисқа тўлқин (УҚТ) ва қисқа тўлқин (ҚТ) диапазонларида ишлайдиган кўчар (мобиль) ёки стационар алоқа воситалари, транспорт воситалари, жиҳоз ва аслаҳа-анжом, шу жумладан, гуруҳ аъзоларининг шахсий буюмлари ва аслаҳа-анжоми, дори-дармонлар ва тиббий жиҳоз;
таъминот материаллари — фавқулодда вазият оқибатида жабрланган аҳоли ўртасида бепул тақсимлаш учун мўлжалланган моддий воситалар.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Томонлар мазкур Битимни бажариш учун қуйидаги ваколатли органларни тайинлайдилар:
Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан — Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Томонлар бошқа ваколатли органлар тайинланган ёки мавжуд ваколатли органларнинг номлари ўзгарган тақдирда, бир-бирларини бу тўғрисида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Мазкур Битимга мувофиқ, барча фаолият Томонлар давлатларининг қонунчилиги асосида амалга оширилади ҳамда ҳар бир Томоннинг зарур маблағлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда олиб борилади.
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидагиларни назарда тутади:
хавфли техноген ва экологик жараёнлар, табиий ҳодисалар мониторингини ташкил этиш, олиб бориш ва башорат қилиш, шунингдек, саноат авариялари, фалокатлар ва табиий офатлар натижасидаги эҳтимолий ифлосланишлар билан боғлиқ бўлган атроф табиий муҳит ва аҳоли учун хавф-хатарни баҳолаш;
Томонларнинг сўровига кўра, собиқ уран ишлаб чиқариш объектларидаги (хом ашё чиқиндихоналари, ағдармалар ва бошқалар) радиоэкологик ҳолат тўғрисида маълумот алмашиш;
хавф ва фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, радиациявий авариялар келиб чиқиши ва уларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича қабул қилинган чоралар тўғрисида маълумот алмашиш;
Томонлар давлатларининг чегара олди ҳудудларида фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда, Томонларнинг ҳамкорликдаги қидирув-қутқарув операцияларини ўтказиш жараёнида ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
аҳолини фавқулодда вазиятлардаги, шу жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатларга тайёрлашни ташкил этишда тажриба алмашиш;
Томонлар давлатларнинг трансчегаравий ҳудудларида юзага келган зилзила оқибатларини биргаликда макросейсмик тадқиқ қилишни ташкил этиш ва ўтказиш;
фавқулодда вазиятларни бартараф этишда тегишли давлат органларининг ҳамкорлигини ташкил этиш;
табиий офатларни олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, аҳоли пунктлари ва ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш;
фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ўзаро кўмак кўрсатиш;
ҳамкорликнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасида келишиладиган бошқа шакллари.
4-модда
Ташкилотлар ва муассасалараро ҳамкорлик
Ташкилотлар ва муассасалараро ҳамкорлик
Томонлар, зарур ҳолларда, ўз давлатларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида фаолият юритадиган давлат ташкилотлари ва муассасалари, юридик ва жисмоний шахслари ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар вакилларини қабул қилиш шартлари
Томонлар вакилларини қабул қилиш шартлари
Томонлар, башарти ўзгача келишувга эришмаган бўлсалар, мазкур Битимнинг 3-моддасида белгиланган тўғридан-тўғри фавқулодда вазиятларни бартараф этишда кўмак кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятда иштирок этишда ўз вакилларининг белгиланган манзилгача бориб-келиш, яшаш ва овқатланиш бўйича харажатларини қоплайдилар.
Томонлар, башарти ўзгача келишувга эришмаган бўлсалар, қабул қилувчи Томон қўшма конференциялар, семинарлар, ишчи йиғилишлар, ўқув машғулотлари ва машқларни ташкил этиш, шунингдек, ўз давлати ҳудудида тақдим этувчи Томон вакилларининг ҳаракатланиши бўйича харажатларини қоплайди.
6-модда
Ёрдам кўрсатиш
Ёрдам кўрсатиш
Ёрдам кўрсатиш сўровчи Томоннинг зарур ёрдам кўрсатиш турлари, ҳажми, жойи ва муддатлари кўрсатилган фавқулодда вазият хусусияти тўғрисидаги маълумот тақдим қилинадиган ёзма сўровномасига асосан амалга оширилади.
Тақдим этувчи Томон қисқа муддатларда сўровномани кўриб чиқади ва ёрдам кўрсатишнинг имконияти, ҳажми ва шартлари ёки ёрдам кўрсатиш имкониятининг мавжуд эмаслиги тўғрисида сўровчи Томонни хабардор қилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларига раҳбарлик қилиш сўровчи Томон давлатининг ваколатли органлари тарафидан ушбу гуруҳлар раҳбарлари орқали амалга оширилади.
7-модда
Ёрдам турлари
Ёрдам турлари
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам тегишли жиҳоз, таъминот материалларини ўз ичига олган ёрдам кўрсатиш гуруҳларини юбориш орқали ёки бошқа сўралаётган шаклда кўрсатилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари фавқулодда вазият зонасида авария-қутқарув ишларини бажарадилар.
Сўровчи Томон тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг раҳбарларини фавқулодда вазият зонасида ва аниқ иш участкаларида юзага келган вазият бўйича хабардор қилади, зарур ҳолларда, ушбу гуруҳларни таржимонлар ва алоқа воситалари, шунингдек, хавфсизлик ва бепул тиббий хизмат билан таъминлайди, уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари фавқулодда вазият зонасида 72 соат давомида мустақил ҳаракат қилишлари учун етарли даражада жиҳозланган бўлиши лозим.
Башарти Томонлар қўшимча тарзда бошқача келишмаган бўлсалар, захира жиҳозлари тугаганда, сўровчи Томон ушбу гуруҳларни улар кейинги ишни давом эттиришлари учун зарур воситалар билан таъминлайди.
8-модда
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари ва уларнинг сўровчи Томон давлати ҳудудида бўлиб туриш режими
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари ва уларнинг сўровчи Томон давлати ҳудудида бўлиб туриш режими
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари сўровчи Томон давлатининг Давлат чегарасини халқаро қатнов учун очиқ бўлган ўтказиш пунктлари орқали Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларда ҳамда сўровчи Томон давлати қонунчилигида белгиланган тартибга кўра, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида кесиб ўтадилар.
Гуруҳ раҳбари ёрдам кўрсатиш гуруҳ аъзоларининг рўйхати ҳамда тақдим этувчи Томон давлатининг ваколатли органи томонидан берилган унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши лозим.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари сўровчи Томон давлатининг ҳудудида бўлган вақтларида ушбу давлат қонунчилигига риоя қилишлари лозим. Бунда улар тақдим этувчи Томон давлатнинг меҳнат ҳуқуқий муносабатлари ва ижтимоий-иқтисодий кафолатлар қисмига оид юрисдикцияси остида бўладилар.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳи таркибига кирувчи ҳарбий хизматчига нисбатан тақдим этувчи Томон давлатининг ҳарбий хизматчилар мақомини тартибга солувчи қонунчилигининг меҳнат ҳуқуқий муносабатларига ва ижтимоий-иқтисодий кафолатларга оид қисми қўлланилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг ҳаракатланиши, уларнинг жиҳозлари ва таъминот материалларини ташиш автомобиль ёки ҳаво транспорти орқали амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш учун қайд этилган транспорт турларидан фойдаланиш тартиби Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга мувофиқ белгиланади.
9-модда
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун жиҳоз ва таъминот материалларини олиб кириш ҳамда олиб чиқиш
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун жиҳоз ва таъминот материалларини олиб кириш ҳамда олиб чиқиш
Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун сўровчи Томон давлатининг ҳудудига олиб кириладиган ва тақдим этувчи Томон давлати ҳудудидан олиб чиқиладиган жиҳоз ва таъминот материаллари божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод этилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳининг таркиби, олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган жиҳоз ва таъминот материалларининг рўйхати кўрсатиладиган, Томонлар давлатларининг ваколатли органлари тарафидан бериладиган хабарномаларга мувофиқ, жиҳоз ва таъминот материалларининг божхона расмийлаштируви соддалаштирилган шаклда ва устувор тартибда амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш гуруҳларига сўровчи Томон давлат ҳудудига фақатгина мазкур модданинг иккинчи хатбошисида қайд этилган рўйхатлардаги жиҳоз ва таъминот материалларини олиб киришга рухсат берилади.
Жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда, сўровчи Томон давлат ҳудудига зарур миқдорда таркибида гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситалари бўлган тиббий препаратлар сўровчи Томон билан келишган ҳолда ҳамда унинг давлати қонунчилигига мувофиқ олиб кирилиши мумкин. Бундай ҳолатда, ёрдам кўрсатиш гуруҳи раҳбари гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситалари бўлган тиббий препаратлар мавжудлиги тўғрисида, уларнинг номенклатура ва миқдорини кўрсатган ҳолда, декларацияни тақдим қилувчи Томоннинг тасдиқланган қоидаларига мувофиқ Томонлар давлатларининг божхона органларига тақдим этади.
Таркибида гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситалари бўлган тиббий препаратлардан фақатгина тақдим қилувчи Томон давлатининг малакали тиббиёт ходими фойдаланишга ҳақлидир. Таркибида гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситалари бўлган ушбу тиббий препаратлардан фойдаланиш ва уларни сақлашни назорат қилишга сўровчи Томоннинг тегишли мансабдор шахслари ҳақлидирлар.
Таркибида гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситалари бўлган фойдаланилмаган тиббий препаратлар сўровчи Томон давлати ҳудудидан ушбу препаратларнинг номенклатураси ва миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида олиб чиқилиши лозим.
Таркибида гиёҳвандлик ва психотроп моддалари бўлган фойдаланилган тиббий препаратлар бўйича сўровчи Томон давлатининг божхона органларига уларнинг ишлатилганлиги тўғрисида ёрдам кўрсатиш гуруҳи раҳбари ва шифокори имзолаган ҳамда сўровчи Томоннинг вакили тасдиқлаган далолатнома тақдим этилади.
Ёрдам кўрсатиш ишлари якунланганидан сўнг, сўровчи Томон давлати ҳудудига олиб кирилган жиҳоз (тўлиқ фойдаланилган ёки йўқ қилинган жиҳоздан ташқари) тақдим этувчи Томон давлати ҳудудига олиб чиқилиши лозим. Башарти юзага келган алоҳида ҳолатлар туфайли жиҳозни олиб чиқиб кетишнинг имконияти бўлмаса, келишилган шартлари асосида сўровчи Томон давлатининг ваколатли органига ёрдам сифатида беғараз тарзда берилиши мумкин. Бундай ҳолатда, тақдим этувчи Томон давлатининг ваколатли органлари ўзаро келишувга кўра, бериладиган жиҳознинг турлари, миқдори ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда, сўровчи Томон давлатининг божхона ва бошқа ваколатли органларини хабардор қиладилар.
Жиҳозларнинг йўқ қилинганлиги ёки тўлиқ ишлатилганлиги ҳамда жабрланган аҳоли ўртасида таъминот материалларининг тақсимланганлиги факти ҳужжатлар асосида тасдиқланиши лозим.
10-модда
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
Тақдим этувчи Томон давлатининг ваколатли органи ёрдам бериш учун сўровчи Томон давлатининг ваколатли органини ҳаво кемаларининг тури ва танитувчи белгилари, йўналиши, экипаж аъзоларининг сони, юк хусусияти, парвоз қилиш, қўниш жойи ва вақтини кўрсатган ҳолда, ҳаво кемаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарори ҳақида хабардор қилади.
Сўровчи Томон ўз давлати ҳудудининг белгиланган манзилигача учиб боришга рухсат беради.
Тезкор кўмак кўрсатиш ва бир давлат ҳудудидан бошқа давлат ҳудудидаги белгиланган пунктга куч ва воситаларни ваколатли орган ҳаво кемалари орқали тезкор тарзда юбориш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ ўрнатилган тартибда, ҳаво кемаларидан фойдаланиш имконияти тўғрисида қўшимча йўриқнома ва устувор тартибда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ҳаво кемаларининг давлат чегараларини кесиб ўтиш тартибини соддалаштириш масалаларида давлат органлари вакилларининг (чегара, божхона, фитосанитар, карантин хизматлари) ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқадилар ва келишадилар.
Парвозлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ва Томонлар давлатлари тарафидан ўрнатилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
11-модда
Харажатларни қоплаш
Харажатларни қоплаш
Башарти Томонлар ўзгача келишувга эришмаган бўлсалар, тақдим этувчи Томонга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари сўровчи Томон тарафидан ундирилади.
Сўровчи Томон ўзининг ёрдам бериш тўғрисидаги сўровномасини исталган вақтда бекор қилиши мумкин. Бундай ҳолатда, тақдим этувчи Томон сарфланган харажатлари учун товон олишга ҳақлидир.
Башарти Томонлар ўзгача келишувга эришмаган бўлсалар, харажатлар тақдим этувчи Томоннинг талабномаси келиб тушгач, 30 иш куни мобайнида қопланади.
Тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзоларининг суғурта қилинишини таъминлайди. Суғурталашни расмийлаштириш бўйича харажатлар тақдим этувчи Томон ҳисобидан қопланади.
Тақдим этувчи Томон ҳаво кемаларининг учиб ўтиши, қўниши, аэродромда тўхтаб туриши ва ундан парвоз қилиши, шунингдек, аэронавигация хизматлари учун тўловлардан озод қилинади.
Тақдим этувчи Томон ҳаво кемаларига ёнилғи ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш масалалари ҳар бир аниқ ҳолатда алоҳида ҳал этилади.
Башарти ҳар бир аниқ ҳолатда ўзгача тартиб келишилмаган бўлса, Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш жараёнида келиб чиқадиган харажатларни ўз давлатларининг қонунчилигида назарда тутилган маблағлар доирасида мустақил равишда қоплайдилар.
12-модда
Зарарни қоплаш
Зарарни қоплаш
Сўровчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзолари вафот этганда ёки жароҳатланганда, шунингдек, ушбу Томоннинг жиҳози ёки бошқа мулки йўқ қилинган ёки зарар етказилган тақдирда, башарти бундай зарар мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларни бажариш жараёнида етказилган бўлса, тақдим этувчи Томонга компенсация тўлайди. Компенсация миқдорлари ҳар бир аниқ ҳолатда алоҳида келишиб олинади.
Сўровчи Томон давлати ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятлар натижасида тақдим этувчи Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси тарафидан жисмоний ёки юридик шахсга етказилган зарарни тақдим этувчи Томон қоплайди.
Башарти тақдим этувчи Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларни бажариши жараёнида сўровчи Томон давлати ҳудудида жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказса, ушбу зарар сўровчи Томон тарафидан унинг давлати қонунчилигига мувофиқ қопланади.
Тақдим этувчи Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзосининг қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлиги туфайли етказилган зарар тақдим этувчи Томон тарафидан қопланади.
13-модда
Маълумотдан фойдаланиш
Маълумотдан фойдаланиш
Мазкур Битим доирасида олиб борилаётган фаолият натижасида олинган маълумот, Томонлар давлатлари қонунчилигига мувофиқ ошкор этилмайдиган маълумот бундан мустасно, башарти Томонлар ёзма шаклда ўзгача келишмаган бўлсалар, ҳар бир Томоннинг кундалик амалиёт ва кўрсатмаларига мувофиқ эълон қилинади ва ундан фойдаланилади.
14-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва (ёки) қўллаш юзасидан келиб чиқадиган низо ва келишмовчиликлар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
15-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
16-модда
Якунловчи қоидалар
Якунловчи қоидалар
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали бошқа Томоннинг мазкур Битим амал қилиш муддатини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб олти ой ўтгунга қадар амал қилади.
Башарти Томонлар ўзгача тарзда келишмаган бўлсалар, мазкур Битим амал қилиш муддатининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиш тугатилгунга қадар якунланмаган фаолият бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Бишкек шаҳрида 2023 йил 27 январда ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)