Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти давлат корхонасини давлат муассасаси сифатида қайта ташкил этиш тўғрисида
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти давлат корхонасини давлат муассасаси сифатида қайта ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги «Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни қайта ташкил этиш ва тугатишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган ҳолда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат муассасаси сифатида қайта ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар:
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат муассасасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат муассасаси тўғрисидаги низом 2-иловага* мувофиқ;
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат муассасасининг таҳрир ҳайъати 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1 — 3-иловалар берилмайди.
4. Белгилаб қўйилсинки:
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат муассасаси (бундан буён матнда Таҳририят деб юритилади) ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
Таҳририят ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 25 фоизи миқдорида белгиланади.
5. Таҳририятни ташкил этиш учун шакллантирилган 21 млн. сўм миқдоридаги устав фонди Таҳририят балансида қолдирилсин.
6. Таҳририят бош муҳаррири (Ў. Раҳматов) Таҳририятнинг белгиланган тартибда қайта давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Таҳририятни Тошкент шаҳри, Миробод тумани Матбуотчилар кўчаси, 32-уйга (ушбу манзилдаги реконструкция ишлари якунлангунга қадар вақтинча Чилонзор тумани И. Каримов кўчаси, 55-уйга) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш юзасидан зарур чоралар кўрсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Таҳририятнинг ҳудудлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини тегишинча Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги зарур шарт-шароитларга эга бўлган бинолардан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида хона (бино) билан таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Таҳририят балансидаги моддий ва маънан эскирган 22 та енгил хизмат автотранспорт воситасини қонунчиликда белгиланган тартибда «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сотишга ҳамда янги енгил хизмат автотранспорт воситаларини сотиб олишга розилик берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 27 февралдаги «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти» давлат корхонаси фаолиятини ташкил этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 150-IV/КҚ-17-IV-сонли Қўшма қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 2, 194-модда) 2-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таҳририят ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун зарур маблағларни 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан ажратиш чораларини кўрсин.
12. Мазкур Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
13. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 28 декабрь,
3870-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 28 декабрь,
КҚ-649-IV-сон