Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, гендер тенглигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Хотин-қизларнинг раҳбар лавозимлардаги улуши 35 фоизга етди, биргина 2022-2023 йилларда 398 минг нафарининг бандлиги таъминланди, 100 минг нафари имтиёзли асосларда олийгоҳларга қабул қилинди, 170 минг нафарига таҳсил олаётган олийгоҳларининг шартнома тўловлари учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилди, 14 минг нафари магистратурада бепул ўқитилмоқда, 198 минг нафари касбга ўқитилди.
Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 225 мингдан зиёд лойиҳаларга 4,4 триллион сўмга яқин кредит, 40 мингга яқин хотин-қизларга жами 179,1 миллиард сўм субсидия ажратилди.
2020 йилдан бошлаб йўлга қўйилган «Аёллар дафтари» тизими орқали қарийб 2,5 миллиондан ортиқ хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш учун 5,1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
11 мингдан ортиқ зўравонликка учраган хотин-қизларга тиббий, психологик ва моддий ёрдамлар кўрсатилиб, улар реабилитация марказларида ижтимоий ҳаётга мослаштирилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида марказий ва қуйи ташкилотлар ўртасида тузилмавий алоқалардаги камчиликлар, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятида ўзаро ҳамкорликнинг етарли эмаслиги соҳада қатор камчиликлар вужудга келишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, хотин-қизларни фан, таълим ва илмий-ижодий фаолиятга кенг жалб этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, ишлаш истагидаги хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда раҳбар лавозимлардаги улушини ошириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда фаолият юритишларига кўмаклашиш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қуйи ташкилотларининг жойларда ишини тўғри йўлга қўйиш мақсадида:
1. Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилсин.
2. Қуйидагилар Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифодалаш;
эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат хизмати, таълим, илм-фан ва инновация, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
хотин-қизларнинг касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, тадбиркорлигини ривожлантириш;
оила аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ижтимоий ходим ва бошқа давлат хизматчилари билан ҳамкорликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш;
оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш;
оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш;
миграциядан қайтган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига, улар билан манзилли ишлаш орқали зарур ёрдамлар олишларига кўмаклашиш;
кейс менежмент қўллаган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлаш;
ўзига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун давлат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш.
3. Қўмита фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
а) Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида мавжуд Бош вазир ўринбосари штати негизида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими жорий этилсин;
б) Қўмита раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари — вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозими;
туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари — туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозими киритилсин;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари тугатилсин;
г) илмий ва амалий тадқиқотлар натижалари асосида эркаклар ва хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жамиятда қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлаш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, натижалари бўйича муаммолар ечими юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари учун тавсиялар ишлаб чиқиш ва киритиш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот ишлари учун услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар, социологик сўров, илмий конференциялар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
олимлар ва илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларида илмий тадқиқот ўтказаётган изланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ишланмалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашиш;
оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб бориш;
д) Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ҳамда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Қўмита тузилмасига ўтказилсин.
4. Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки:
а) маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ўз фаолиятида Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бўйсунади ҳамда улар олдида ҳисобдор бўлади;
б) Қўмитанинг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 582 нафар, шу жумладан раис ўринбосари сони 2 нафар этиб белгиланади;
в) Қўмитага ажратиладиган штат бирликларининг:
152 таси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг амалдаги штатлари;
222 таси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари штатлари;
208 таси туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларидаги оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис штатларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига, Қўмитанинг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларига 1 тадан шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилади;
д) Қўмитанинг туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари орқали марказлашган тарзда молиялаштирилади.
6. Қўмита ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари қуйидагича белгилансин:
Қўмита марказий аппарати ходимлари — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг марказий аппарати ходимлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари раҳбарлари — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари;
туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари — туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари ходимлари — Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ходимлари;
туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ходимларига туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарларига тенглаштирилади.
7. Қўмита уч ой муддатда Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ҳамда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 21 декабрь,
ПФ-208-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-208-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ташкилий тузилмаси
|
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти |
Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси |
Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Республика ва ҳудудий «Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» |
Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
«Саодат» журнали, «Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила» халқаро илмий журнали таҳририяти |
Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
«Олима аёллар» жамияти |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2023 й., 06/23/208/0960-сон)