Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Тошқуловга «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Тошқуловга «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Мазкур Қарор ва парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Тошқуловга юборилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 ноябрь,
3689-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири
А. Тошқуловга
Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
Ҳурматли Акбар Джурабаевич,
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз ривожланишининг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши норма ижодкорлиги жараёни сифатига ҳам боғлиқ.
Ўтган даврда тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштиришда муҳим бўлган норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
«Ақлли тартибга солиш» модели, «пакет» принципи жорий этилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши, гендер-ҳуқуқий, илмий ва лингвистик экспертизадан ўтказиш йўлга қўйилди.
2023 йил 8 августда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Шунингдек, ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш ҳамда амалда ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2019 йил 1 январдан 2023 йил 1 сентябрга қадар жами 1 634 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилган. Натижада яхлит идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони 1 500 тадан 1 128 тага ёки 25 фоизга қисқартирилган.
Шу билан бирга «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида вазирлик ва идоралар, агар уларга қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ваколатлар берилган бўлсагина, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиши мумкинлиги тўғрисидаги талаб мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ҳамда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида киритилиши, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилиб, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали киритиш имконияти яратилди.
Норма ижодкорлиги соҳасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам бор.
Жумладан, қонун лойиҳаларини вазирликлар ва идораларнинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳанузгача сифатсиз амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йилда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган 2 121 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 1025 таси, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган 822 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 386 таси, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва юридик техника қоидаларига зид эканлиги, коррупциявий омиллар мавжудлиги боис норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга ёки лойиҳани тайёрлашни амалга оширувчи ташкилотга қайтарилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 24 таси, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 16 таси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 20 таси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 13 таси қонунчилик ҳужжатлари ва юридик техника қоидаларига зид эканлиги, коррупциявий омиллар мавжудлиги ва бошқа эътирозлар билан қайтарилган.
2022 йилда вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 344 та лойиҳаларда 534 та, 2023 йилнинг I ярим йиллигида эса лойиҳаларнинг 150 тасида 228 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланган.
Маълумки, 2021 йилдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими жорий этилди, бунда тартибга солиш таъсири баҳолашдан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тоифалари белгилаб қўйилди.
Бироқ, масъул вазирлик ва идоралар томонидан 2022 йил ва 2023 йил биринчи ярим йиллигида 243 та шундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилмаган.
Шу билан бир қаторда, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолияти бўйича қилинган таҳлиллар бу борада эътибор кучайтирилиши лозим бўлган айрим жиҳатлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, Қонунчилик палатасига айрим қонун лойиҳаларини киритиш бўйича кўрсатилган муддатлардан кечикиб киритилиши ҳолатлари мавжуд. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-244-сонли Фармонида назарда тутилган тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилишига қаратилган нормаларнинг қонун ҳужжатларида акс эттирилишини назарда тутувчи «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси (ҚЛ-1050-сон) кечикиб, яъни 2023 йил 23 августда Қонунчилик палатасига киритилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги фармонида қонун лойиҳасида назарда тутилган тартиблар 2023 йил 1 мартдан эътиборан амалиётга жорий қилиниши белгиланган.
Иккинчидан, қонун лойиҳалари билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли қонунларни бошқа нормаларига зид эканлиги ёки тегишли модда, қисмлар нотўғри кўрсатилганлиги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг Ягона услубиёти қоидаларига биноан расмийлаштирилмаган ҳолда киритилаётган ҳолатлар мавжуд.
Учинчидан, Қонунчилик палатасига келиб тушаётган айрим қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қайтадан тайёрланмоқда. Лойиҳалардаги камчиликларни бартараф этиш жараёни халқ вакилларининг қонун ижодкорлиги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 75 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилган бўлиб, лойиҳаларни такомилига етказиш жараёнида қонун лойиҳаларига қўмиталар томонидан ҳуқуқий, таҳририй тусдаги ўзгартиришлар киритилиб, қонун лойиҳасининг дастлабки матни 2 фоиздан 50 фоизгача ўзгартирилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Рақобат тўғрисида»ги ҚЛ-936-сонли қонун лойиҳасига масъул қўмита томонидан 60 та ҳуқуқий, 206 та таҳририй тусдаги ўзгартиришлар киритилиб, дастлабки матни 40 фоизга ўзгартирилган.
Тўртинчидан, парламент назорати давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 октябрдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5263-сонли Қарори билан қатор қонунларда коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш режалари белгиланган бўлсада, ҳанузгача улар ўзгаришсиз қолмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида экспертлар, олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг иштирокини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Бу мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда қонун лойиҳаларининг ҳар томонлама пухта ва халқчил бўлишига ёрдам беради.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солувчи миллий қонунчилик амалиётида янги институтларнинг жорий қилинаётганлиги қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини яхшилаш бўйича ишларни янада кучайтиришни, қонун ташаббускорлиги субъектларидан амалдаги барча кодексларни, қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияга мослаштириш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо қилмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Сиздан 10 кун муддатда ёзма равишда қуйидаги масалалар юзасидан 2021 — 2023 йиллар кесимида асослантирилган тушунтириш беришингизни сўраймиз:
1. Қонун лойиҳаларини вазирликлар ва идораларнинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш самарадорлиги.
2. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этишга қаратилган ишлар.
3. Қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ҳамда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида киритилиши, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили.
4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси амалиётини мувофиқлаштириш борасида олиб борилган ишлар.
5. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизми ва бу борада амалга оширилган ишлар ҳолати.
6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини алоҳида қонун билан тартибга солишнинг зарурияти.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси