ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН ФРАНЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
«Самарқанд Франсуз алянси»ни таъсис этиш ва унинг фаолияти шартлари тўғрисида
Битим
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 14 ноябрда 4532-FR-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Ўзбек томони» деб аталувчи, ва Франция Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Француз томони» деб аталувчи, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон ва Франция ўртасида мавжуд маданий, таълим, илмий ва техникавий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагини билдириб,
1993 йил 27 октябрда Париж шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий, илмий ва техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга мувофиқ икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш истагини билдириб,
2022 йил 22 ноябрда Париж шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Франция Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ўртасида Ўзбекистонда француз тили таълими ва ўқитилиши тўғрисидаги Аҳдлашув Декларациясига мувофиқ Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий муносабатларни ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш истагини билдириб,
Суверен тенглик, ўзаро манфаатдорлик ва Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигини ҳурмат қилиш тамойилларига риоя қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Томонлар икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда француз тилини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида «Самарқанд Француз Алянси» нодавлат нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда «Самарқанд Француз Алянси») таъсис этилишини қўллаб-қувватлайдилар.
2. Мазкур Битимнинг мақсади Самарқанд Француз Алянсининг қуйидаги асосий мақсадлари ва фаолиятини амалга оширишга рухсат беришдан иборат:
Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи бошқа қизиқувчи шахсларга француз тилини ўргатиш;
Ўзбекистон Республикаси мутасадди вазирлик ва идораларига Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари учун француз тили бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
халқаро стандартларга мувофиқ француз тили имтиҳонларини ўтказиш;
француз тили бўйича ўзбек мутахассислари ва ўқитувчиларининг малакасини оширишда кўмаклашиш;
Ўзбекистонда маданият, таълим, фан ва техника соҳаларида конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, машғулотлар, малака ошириш курслари ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;
Мазкур Битим мақсадларига зид бўлмаган ҳамда Самарқанд Француз Алянсининг Уставига мос келувчи бошқа фаолият турлари.
2-модда
1. Томонлар Самарқанд Француз Алянси Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилот сифатида «жамоат бирлашмаси» ташкилий-ҳуқуқий шаклида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишини тан оладилар.
2. Самарқанд Француз Алянси фаолияти унинг Устави, мазкур Битим қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
3. Самарқанд Француз Алянсининг фаолияти Ўзбекистон Республикасида лицензия олишни талаб этмайди.
3-модда
1. Самарқанд Француз Алянси директори, унинг ўринбосари/лари ва уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари (ота-онаси, эри/хотини, улар билан бирга яшайдиган фарзандлари) аккредитациядан ўтиш учун зарур бўлган тегишли тўловлар тўламаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтадилар. Самарқанд Француз Алянси директори ёки унинг ўринбосари этиб дипломатик иммунитетга эга бўлган шахслар тайинлана олмайдилар
2. Дарс бериш учун жалб қилинган (уларнинг мутахассислигини тасдиқловчи тегишли ўқув муассасани тамомлаганлиги тўғрисида дипломни тақдим этиш шарти билан) Самарқанд Француз Алянсининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган чет эллик ходимлари, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзолари (ота-онаси, эри/хотини, улар билан бирга яшайдиган фарзандлари) Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтадилар.
3. Самарқанд Француз Алянсининг Уставида белгиланган фаолиятини амалга оширишни таъминлаш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ўқув материаллари ва моддий-техник жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилади.
4. Мазкур модданинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар божхона чегарасидан товарларни олиб ўтишнинг ўрнатилган тартибига риоя қилган ҳолда божхона йиғимларидан ташқари, божхона тўловларидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикасига ўзларининг шахсий фойдаланишига мўлжалланган товарларни, жумладан рўзғорни бир қадар бутлаб олишга зарур бўлган товарларни олиб киришлари мумкин.
5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкка ёки мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкасига эга бўлган Самарқанд Француз Алянсининг чет эллик ходимлари мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.
6. Самарқанд Француз Алянси ўзининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини тугатишга қарор қилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги доирасида барча тугатиш жараёнларига амал қилганидан сўнг ўзига тегишли бўлган мулкни олиб чиқиб кетиши мумкин.
4-модда
1. Томонлар Самарқанд Француз Алянси ўз фаолиятини амалга оширишда даромад олишни мақсад қилиб қўймаслигини тан оладилар.
2. Айни вақтда Самарқанд Француз Алянси ўз фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида, ўз Устави ва ушбу Битим қоидаларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ:
Самарқанд Француз Алянси томонидан ташкил этиладиган француз тили дарсларига ва тадбирларга ёзилиш ва иштирок этишдан тушадиган даромадларни олиш;
каталоглар, плакатлар, дастурлар, китоблар, пластинкалар, маълумотни ёзиш усулидан қатъий назар аудиовизуал ва дидактик материаллар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ у томонидан ташкиллаштирилаётган тадбирлар билан бевосита боғлиқ бошқа предметларни одатий савдо фаолияти қоидаларига путур етказмаган ҳолда сотиши мумкин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Самарқанд Француз Алянси фаолиятини таъминлаш мақсадида мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган у томонидан олинган даромадларни солиқ ҳамда бошқа бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўланадиган мажбурий тўловларни тўлашдан озод этади.
4. Мазкур модданинг 3-бандида назарда тутилган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва/ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи бошқа шахсларни ишга ёллаш ҳамда уларга ойлик маош тўлаш билан боғлиқ мажбурий тўловларга татбиқ этилмайди.
5-модда
1. Самарқанд Француз Алянси ишга қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва/ёки унинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар орасидан Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ ходимларни ёллаши мумкин.
2. Самарқанд Француз Алянси ўз ходимларининг белгиланган сони, амалга оширилаётган дастур ва лойиҳалари, 1993 йил 27 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий, илмий ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида Битим қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилиб, режалаштирилган тадбирларнинг (конференциялар, семинарлар, машғулотлар ва бошқалар) вақти, жойи, тартиби ва кун тартибини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишади.
3. Самарқанд Француз Алянси қилинган ишлар тўғрисида йиллик ҳисоботларни ҳамда ўзининг фаолияти тўғрисида сўралаётган бошқа маълумотни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.
4. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги миллий қонунчиликка мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.
5. Самарқанд Француз Алянси фаолияти доирасида низо юзага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Франция Республикаси Ҳукуматидан ҳар қандай зарур ҳужжат ва маълумотларни тақдим этишни сўраши мумкин.
6. Мазкур модданинг 4-бандига асосан қўлланиладиган ҳар қандай эҳтимолий чоралар ҳақида Француз томони зудлик билан хабардор қилинади.
6-модда
1. Ўзбек томони 2023 йил 25 октябрда Самарқанд шаҳри билан имзоланган ижара шартномасида белгиланган шартларга мувофиқ, Самарқанд шаҳар, Темир Малик кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган бинони Самарқанд Француз Алянси ихтиёрига беради. Зарурат туғилганда, кўчмас мулк билан боғлиқ масалалар Томонлар тайинлаган ваколатли идоралар ўртасидаги алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
2. Томонлар Самарқанд Француз Алянсига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигининг Ўзбекистон Республикаси солиқ ва рўйхатга олиш органлари вакиллари томонидан назорат ўтказиш бўйича талабларига мувофиқ бўлган тадбирларни ташкил этишига рухсат берадилар.
3. Ўзбек томони Самарқанд Француз Алянси томонидан ташкил этилган тадбирларга жамоатчиликнинг эркин иштирок этишини таъминлайди.
7-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган низолар Томонлар ўртасида ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Битимга исталган вақтда дипломатик каналлар орқали ёзма равишда юбориладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Мазкур ўзгартишлар Томонлар белгилаган кундан кучга киради ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
9-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан кучга киради ҳамда Томонлардан бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали Битимни тугатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилгунига қадар амал қилади. Бу ҳолатда мазкур Битим юқорида қайд этилган ёзма хабар олинганидан олти ой ўтганидан кейин ўз кучини йўқотади.
Мазкур Битимнинг тугатилиши Битимни амалга ошириш доирасида бошланган ҳамда унинг тугатилишига қадар ниҳоясига етмаган дастур ва лойиҳаларнинг давом этишига таъсир қилмайди.
Самарқанд шаҳрида 2023 йил 2 ноябрь куни икки асл нусхада, ўзбек ва француз тилларида тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)