Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг
буйруғи
Автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати ва техника хизмати тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 19 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1936-2]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги 738-сон «Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 2009 йил 3 мартдаги 19-сон буйруғи (рўйхат рақами 1936, 2009 йил 6 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 15-сон, 192-модда) билан тасдиқланган Автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати ва техника хизмати тўғрисида низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. МАХКАМОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 июнь,
15-сон
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2023 йил 26 июндаги 15-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати ва техника хизмати тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом автотранспорт воситасида йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи мустақил хўжалик юритувчи субъектларнинг фойдаланиш хизмати ҳамда техника хизматига оид вазифаларни белгилайди.»;
2. 6-банднинг «д» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий транспорт бошқармаларига янги йўналишлар очиш ва/ёки мавжудларини ўзгартириш, ҳаракат йўналиши, йўналиш масофаси ва ҳаракатланиш жадвалига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар беради;».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.07.2023 й., 10/23/1936-2/0495-сон)