Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 12 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3446]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 февралдаги ПҚ-128-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. КУДБИЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 20 июнь,
36-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
2023 йил 1 июнь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2023 йил 5 июнь
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. ЗАКИРОВ
2023 йил 16 июнь
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 20 июндаги 36-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари (бундан буён матнда бюджет тизими бюджетлари деб юритилади) маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда (бундан буён матнда қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектлар деб юритилади) назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчадан фойдаланилади:
буюртмачи ташкилот — қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилган юридик шахс;
назорат ўлчови — қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида объект фойдаланишга топширилгандан ва/ёки қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг ўтказиладиган жараён;
назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотлари — назорат ўлчовини ўтказиш учун шаҳарсозлик соҳасида сертификатланган мутахассисларни жалб қилган, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича лицензияга эга бўлган ва қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун аккредитация қилинган, шаҳарсозлик соҳасида камида уч йиллик тажрибага эга бўлган юридик шахслар, тижорат банклари ҳамда бошқа ваколатли органлар;
эълон — давлат харидларини амалга ошириш усули, талаблари ва шартлари, таклифларни тақдим этиш муддатлари ҳамда тартиби кўрсатилган, махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига давлат буюртмачиси томонидан жойлаштириладиган бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги ахборот.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси (бундан буён матнда Инспекция деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 6 майдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3831, 06.05.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 10/26/3831/0463-сон)
3. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун Инспекцияга мурожаат қилиниши мумкин.
2-боб. Назорат ўлчовини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни режалаштириш
4. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан Инспекциянинг келгуси йил учун харажатлар сметасида назарда тутилади.
5. Инспекция келгуси йил учун харажатлар сметасини тузишда назорат ўлчовини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар юзасидан тегишли ҳисоб-китобларни жорий молия йилининг 1 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.
6. Келгуси йил учун назорат ўлчовини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳар йили тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида назарда тутилган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектлар умумий қийматининг (марказлашган капитал қўйилмалар лимити) 0,3 фоизидан ошмаган миқдорида белгиланган маблағлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
7. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчови ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Инспекциянинг бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифининг тегишли харажатлар моддаси орқали бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари кесимида режалаштирилади.
8. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчови ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Инспекция учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан очиладиган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақда акс эттирилади.
9. Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига ўзгартириш киритилган тақдирда жорий молия йилида қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун режалаштирилган маблағлар доирасида харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритилади.
10. Молия йили якуни бўйича фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтарилади.
3-боб. Назорат ўлчовини ўтказиш учун жалб қилинадиган тижорат ташкилотларини танлаш, уларнинг хизмат ҳақини аниқлаш ва тўлаш
11. Буюртмачи ташкилот объект фойдаланишга топширилгандан ва/ёки қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг назорат ўлчови ўтказиладиган қурилиш объектлари рўйхатини ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечиктирмасдан Инспекциянинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади.
12. Инспекция буюртмачи ташкилот томонидан тақдим қилинган фойдаланишга топширилгандан ва/ёки қурилиш-монтаж ишлари якунланган қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектлар рўйхатига асосан ушбу объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун тижорат ташкилотларини жалб қилиш бўйича эълон ҳар ойнинг йигирманчи санасига қадар берилади.
13. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун эълон бериш ва тижорат ташкилотларини танлаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.
14. Инспекция томонидан қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиши учун тижорат ташкилотларига ушбу қурилиш объекти умумий қийматининг 0,3 фоизидан ошмаган миқдордаги хизмат ҳақи харид қилиш тартиб-таомилларига мувофиқ тузилган шартнома асосида тўлаб берилади.
15. Қурилиш қиймати 10 млрд сўмгача бўлган объектларда назорат ўлчовини ўтказиш учун тижорат ташкилотларини аниқлаш натижалари бўйича танланган тижорат ташкилоти билан Инспекция ўртасида шартнома тузилади.
16. Назорат ўлчовини ўтказиш шартнома асосида 15 фоиз аванс маблағлари ўтказилгандан сўнг бошланади.
Қолган 85 фоиз маблағлар назорат ўлчови натижаси бўйича расмийлаштирилган далолатноманинг бир нусхаси Инспекцияга тақдим этилгандан сўнг тўлаб берилади.
4-боб. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.07.2023 й., 10/23/3446/0464-сон; 07.05.2026 й., 10/26/3831/0463-сон)