Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси олдида турган устувор вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-67-сонли Фармонидан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш ва тушунтириш, шунингдек парламент фаолиятига доир қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-67-сонли Фармони қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда парламент фаолиятига доир қонунчиликни мувофиқлаштириш бўйича «Йўл-харитаси» (бундан буён матнда «Йўл-харитаси» деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Йўл-харитаси»да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, қўмиталари раислари, Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан сайлов округларидаги фаолияти давомида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш;
маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда партияларнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев ва Девони раҳбари К. Эрназаров «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳамда ўтказиладиган тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлими (Ж. Жумаев) «Йўл-харитаси»нинг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
7. «Йўл-харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. ТОЖИЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 15 май,
3166-IV-сон