Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Қатар Давлати фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қатар Давлати ўртасида маданий, илмий ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, шунингдек, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган халқаро муносабатларни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
1. Қатар Давлати фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 5 июнь,
ПФ-86-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 5 июндаги ПФ-86-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинадиган мамлакатлар рўйхатининг 9-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармони билан тасдиқланган 2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатининг 9-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6165-сон Фармонининг 6-бандидан «Қатар Давлати» сўзлари чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 06/23/86/0329-сон)