Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг (бундан буён матнда Омбудсман деб юритилади) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиб, бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, юридик шахслар, жамоат ташкилотлари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманларидан келиб тушган мурожаатлар сони жами 17 761 тани ташкил этиб, 2021 йилга (18 738 та) нисбатан 977 тага ёки 5 фоизга камайган.
Такрорий мурожаатлар сони 2022 йилда 3 921 тани (2021 йилда 4 655 та) ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 734 тага ёки 15,8 фоизга пасайган.
2022 йилда Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида 3 219 та мурожаат назоратга олиниб, уларнинг 892 таси ижобий ҳал этилган.
Бунинг натижасида фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига ундирилган ҳамда ундирилиши белгиланган маблағлар 2 млрд 372 млн сўмни ташкил этган.
Ҳисобот йилида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига 134 та таъсир чораси (20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та ариза ва даъво аризаси) киритилган бўлиб, уларнинг сони 2021 йилга нисбатан 43 фоизга (94 та) ошган. Ушбу ҳужжатларнинг 98 таси (73 фоизи) ижобий ҳал этилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган 381 та мониторинг ташрифи доирасида 6 мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ва 1 657 нафар маҳкум билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилган.
Сенат қўмитаси билан биргаликда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган давра суҳбатларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида «Омбудсман мактаби» лойиҳаси ташкил этилиб, лойиҳа доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилган.
2022 йилда оммавий ахборот воситаларида Омбудсман фаолиятига оид 3 732 та чиқиш ташкил этилиб, ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан салкам 3 бараварга (2021 йилда 1 326 та) ошган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
2022 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилга нисбатан камайган бўлса-да, ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар жами мурожаатларнинг 31,4 фоизини ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан ошган.
Шунингдек, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилояти (2 297 та), Тошкент шаҳри (2 079 та), Сурхондарё вилояти (1 582 та) ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг 2-ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича Омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган.
Хусусан, мазкур платформа орқали 103 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан мурожаатларнинг 22 фоизи ўз вақтида кўриб чиқилмаган бўлса, 32 фоизи такрорий мурожаатларни ташкил этган.
Омбудсманнинг минтақавий вакиллари 2022 йил 1 январдан бошлаб доимий асосда фаолият юритиб келаётган бўлса-да, йил давомида республика бўйича минтақавий вакилларга жами 1 512 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар сони Омбудсманга келиб тушган жами мурожаатларнинг 8,5 фоизини ташкил этган холос.
Минтақавий вакилларга тўғридан-тўғри келиб тушган мурожаатлар сони Омбудсманга келиб тушган мурожаатларнинг атиги 3,6 фоизини (637 та) ташкил қилган.
Ушбу ҳолатлар Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятига аҳолининг ишончи етарли даражада эмаслигидан ёки жойларда минтақавий вакилларнинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлигидан далолат беради.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган «Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлса-да, айрим ҳудудларнинг қамраб олиниши етарли эмаслиги қайд этилган.
Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган 36 та хулосадан 24 таси ҳамда 20 та тақдимномадан 8 таси қаноатлантирилмаган.
Жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар томонидан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги бўйича «Омбудсман қутиси»га йўлланган 189 та мурожаатнинг 74 фоизи ўз исботини топмаган.
Шунингдек, ҳисоботда Омбудсман инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 39 та қонун лойиҳаси, 2 та Президент фармони ва қарори лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 9 та қарори лойиҳасига таклифлар берилганлиги қайд этилган бўлса-да, ушбу таклифларнинг инобатга олинганлиги тўғрисида маълумотлар ҳисоботда етарлича акс эттирилмаган.
Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолият юритиш учун зарур бўлган бино ва техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган. Бугунги кунда Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили бино ва хизмат автомашинаси билан, Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги минтақавий вакиллари эса хизмат автомашинаси билан таъминланмаган, Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили биносида таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.
2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 11 549 нафар боладан 11 162 нафари оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилган бўлса, 387 нафари жойлаштирилмасдан қолган.
Уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар етим бола ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланмаган бўлса-да, Болалар омбудсмани томонидан масъул давлат органлари ва идораларига нисбатан етарлича чоралар кўрилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6312-сонли Фармони 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг охирида Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва тизимлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши устидан назорат қилишни таъминловчи Ягона ахборот тизими ишга туширилган. Аммо мазкур тизимнинг тўлақонли ишлаши учун Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тегишли ишлар якунига етказилмаган, тизим дастури тўлиқ тугалланмаган ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари тизимига интеграция қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 324-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 14 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида»ги 2958-IV-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман):
фуқароларнинг мурожаатларини ҳар томонлама ва ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда муаллифларга асосли жавоб хати бериш орқали такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чораларини кўрсин;
энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилиб, мурожаатларни камайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиласин;
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдалансин;
«Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтирсин;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратсин;
минтақавий вакиллар фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўрсин. Бунда:
минтақавий вакилларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга, аҳоли муаммоларига тезкорлик билан муносабат билдирилишига ҳамда муаммолар ҳудудларнинг ўзида ҳал қилинишига;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан доимий ҳамкорликнинг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани):
болалар ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва тарбия колониялари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш тадбирларини кучайтирсин;
етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан биргаликда оилаларга берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда
Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва тизимлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши устидан назорат қилишни таъминловчи «Ягона ахборот тизими»нинг (edo.ijro.uz) тўлиқ ишга туширилишини ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари ушбу тизимга интеграция қилинишини таъминласин.
5. Андижон, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари икки ой муддатда минтақавий вакилни вилоят марказларида жойлашган давлат органларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш, шунингдек, уни зарур мебел, алоқа ва техник воситалар ҳамда хизмат автомашинаси билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги Омбудсман билан биргаликда икки ой муддатда
жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида ўрнатилган «Омбудсман қутиси» билан бир қаторда «Омбудсман электрон қутиси»ни жорий этиш масаласини ўрганиб чиқсин ва таклифлар тайёрлаб, Олий Мажлис Сенатига киритсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши ҳолати бўйича Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан тақдим этиладиган маърузаларни кенг муҳокама қилиш ва унда кўтарилган масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мазкур Қарорнинг 2- ва 3-бандлари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича жорий йилнинг 10 июль кунига қадар Сенатга умумлаштирилган ахборот тақдим қилсин.
9. Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари Болалар омбудсмани билан биргаликда оилавий болалар уйларида тарбияланаётган болаларнинг аҳволи ҳамда уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиб, натижаси бўйича ишлаб чиқилган таклифларни жорий йилнинг 15 июль кунига қадар Сенат Кенгашига киритсин.
10. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 7 апрель,
СҚ-717-IV-сон