Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик Томонлар давлатларининг ҳудудларида миграция жараёнларини тартибга солишнинг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигини англаган ҳолда,
ноқонуний миграцияга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида,
ноқонуний миграция ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамкорликнинг муҳим ўрнини эътироф этиб,
ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича қўшма чораларни амалга ошириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Битим доирасида уз давлатларининг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
1. Томонлар мазкур Битим доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) статистик, илмий-методик ва бошқа ўзаро манфаатларни ифода этувчи, жумладан, қуйидагилар юзасидан маълумотлар билан алмашиш:
аниқланган ноқонуний миграция каналлари;
ноқонуний миграцияни ташкил қилиш ва амалга оширишга алоқадор бўлган Томонлар давлатларининг ҳудудларида фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахслар;
ноқонуний миграцияни ташкил қилиш ва амалга оширишда қўлланиладиган жўнатиш ва келиш пунктлари, йўналишлари, ташувчилар ва транспорт воситалари;
ноқонуний миграция мақсадида қўлланиладиган кириш визалари ва бошқа ҳужжатларни олиш ва улардан фойдаланиш усуллари;
фуқаролик тақдим қилиш тартиби;
ноқонуний миграциянинг олдини олишга қаратилган тажриба ва тадбирлар тўғрисида;
ташқи миграцияни тартибга солиш услублари;
Томонлар давлатларининг қонунчилигида ўрнатилган қоидаларни бузган ҳолда, сохта ёки тақдим қилинган Томонлар давлатлари фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;
Томонлар давлатларининг фуқаролигини қабул қилган шахслар, шунингдек, Томонлар давлатларининг фуқаролигига тегишлилиги бўлган шахслар;
Томонлар давлатларининг миграция соҳасидаги қонунчилиги, жумладан, миграция жараёнларни тартибга солиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, шунингдек, Томонлар давлатлари қонунчилигининг кўрсатилган соҳаларидаги ўзгаришлар;
учинчи давлатлар билан тузилган миграция масалалари бўйича халқаро шартномалар;
бошқа Томон давлатининг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бир Томон давлатининг фуқаролари тўғрисида;
бошқа Томон давлатининг ҳудудида бир Томон давлатининг фуқароларини ишга жойлаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар-лицензиатлар;
б) мансабдор шахс томонидан муҳрланган ва ваколатли орган томонидан тасдиқланган сўровга фуқароларнинг ўз шахсий маълумотларини трансчегаравий топширишга розилик бериш тўғрисидаги ёзма аризалари илова қилинган ҳолларда собиқ СССР паспортларининг 1974 йилдаги намунаси берилганлигини тасдиқлаш;
в) бошқа Томон давлатининг ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахсларни аниқлаш ва ҳисобга олиш;
г) бошқа Томон давлати ҳудудида топилган ёхуд ўлим билан боғлиқ холда олиб қўйилган бир Томон давлати фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тўғридан-тўғри Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналарига юбориш;
д) Томонлар давлатлари фуқароларининг турар (яшаш) жойи бўйича миграцион ҳисобга қўйиш ёки рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;
2. Мазкур Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган шартларга амал қилган ҳолда бошқа ўзаро маъқул йўналишларни ишлаб чиқиш ва ривожлантиришда мазкур Битим Томонларга тўсқинлик қилмайди.
3-модда
Томонлар мазкур Битим доирасида куйидаги шаклларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
1) ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида маълумот алмашиш;
2) ноқонуний миграцияни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тажрибалар билан алмашиш;
3) миграция масалалари бўйича шуғулланадиган Томонлар ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, хусусан, мазкур соҳада семинар ва стажировкаларни ташкил қилиш қўшган ҳолда;
4) ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида илмий изланишларни амалга ошириш.
4-модда
1. Мазкур Битим доирасида ҳамкорлик манфаатдор Томоннинг кўмак бериш тўғрисидаги сўровномалари асосида амалга оширилади (кейинги ўринларда — сўровнома). Ҳар бир Томон ўзида мавжуд бўлган миграция масалалари бўйича маълумотларни бошқа Томонга, башарти ушбу маълумот бошқа Томон учун манфаатли деб ҳисобласа, сўровномасиз жўнатиши мумкин.
2. Сўровнома ёзма равишда рус тилида, хусусан, матн узатишнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилади. Сўровноманинг ҳақиқийлиги ёки унинг матни юзасидан шубҳа уйғонган тақдирда, қўшимча тасдиқлов талаб қилиниши мумкин.
3. Сўровномада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
сўраётган ва сўралаётган органнинг номи;
сўровноманинг мазмуни, унинг мақсади ва асоси;
сўровноманинг лозим даражада ижро этилиши учун фойдаланиш мумкин бўлган ҳар қандай бошқа маълумот.
4. Сўровнома сўраётган Томоннинг расмий идора бланкида расмийлаштирилади ва ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланади. Мазкур Битим кучга кирганидан сўнг (45) қирқ беш кун мобайнида Томонлар сўровномани имзолашга ваколатли мансабдор шахслар рўйхати, шунингдек, идоравий бланкалар намуналари билан алмашадилар.
5. Мазкур модданинг 4-бандида кўрсатилган, сўровномаларни имзолаш ваколатига эга мансабдор шахсларнинг рўйхати ўзгарган тақдирда, Томонлар дарҳол бу ҳақида бир-бирларини хабардор этадилар.
5-модда
1. Сўралаётган Томон (30) ўттиз календарь кун мобайнида сўровномани тез ва иложи борича тўлиқ бажарилиши учун барча зарур чораларни кўради. Сўралаётган Томонга сўровноманинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ёки унинг ижросини жиддий равишда қийинлаштирадиган ҳолатлар тўғрисида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
2. Сўралаётган Томон, ўзининг фикрига кўра сўровноманинг лозим даражада бажарилиши учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни ҳам сўраш ҳуқуқига эга.
3. Сўровноманинг ижроси сўралаётган Томон давлатининг қонунчилиги асосида амалга оширилади.
4. Башарти сўралаётган Томон сўровномани бажариш ўз давлатининг ҳудудида олиб борилаётган жиноий ишга тааллуқли бўлган қидирув ёки бошқа ишларга халақит бериши мумкин деб ҳисобласа, у сўровноманинг бажарилишини кечиктириши ёки унинг бажарилишини сўраётган Томон билан маслаҳатлашувлар натижасида белгиланган зарурий шартлар билан боғлаш ҳуқуқига эга.
Башарти сураётган Томон таклиф қилинган шартларда унга кўмак кўрсатилишига розилик билдирса, у ушбу шартларга риоя қилиши шарт.
5. Сўралаётган Томон имкон қадар қисқа муддатларда сўровноманинг бажарилиши натижалари тўғрисида сўраётган Томонни хабардор қилади.
6-модда
1. Башарти сўралаётган Томон сўровномани бажариш ўз давлатининг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёхуд қонунчилиги ёки халқаро мажбуриятларига зид деб ҳисобласа, сўровномани бажаришни қисман ёки тўлиқ рад этиши мумкин.
2. Сўраётган Томон сўровноманинг бажарилишини қисман ёки тўлиқ рад этганлик тўғрисида мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.
7-модда
1. Мазкур Битимни амалга ошириш учун қуйидагилар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Озарбайжон томони тарафидан — Озарбайжон Республикаси Давлат миграция хизмати.
Ўзбек томони тарафидан — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
2. Башарти юқорида кўрсатилган ваколатли органларнинг расмий номи ва вазифаси ўзгарган тақдирда, Томонлар бир-бирларини дипломатик каналлар орқали дарҳол хабардор қиладилар.
8-модда
1. Сўралаётган Томон, сўраётган Томоннинг илтимосига кўра, сўров келиб тушганлиги, унинг мазмуни ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар, шунингдек, мазкур Битим доирасида кўмак берганлик фактининг махфийлигини таъминлаш учун зарурий чораларни кўради.
Башарти сўровни махфийликни сақлаган ҳолда бажаришнинг имкони бўлмаса, сўралаётган Томон бу ҳақда сўровни бундай шароитда бажариш мумкинлигини ҳал қилувчи сўраётган Томонни хабардор қилади.
2. Сўровлар ижросининг натижалари уни тақдим этган Томоннинг розилигисиз сўралган ва тақдим этилган мақсадлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.
3. Мазкур Битим асосида бир Томон орқали олинган маълумотларни учинчи томонга бериш учун бундай маълумотларни тақдим этган Томоннинг олдиндан розилиги талаб қилинади.
4. Томонлар мазкур Битим асосида, шунингдек, Томонлар давлатларининг қонунчилиги ва улар иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ юбориладиган ва бажариладиган сўровлар доирасида алмашинадиган жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Томонлар, шунингдек, жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотларининг тасодифий йўқолиши, рухсатсиз фойдаланилиши, ўзгартирилиши ёки тарқатилишидан ҳимоялашни таъминлайдилар.
5. Мазкур Битимнинг амал қилиши тугатилган тақдирда, мазкур модданинг сўров келиб тушганлиги, унинг мазмуни ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар, шунингдек, кўмак берганлик фактининг махфийлигини таъминлаш учун зарурий чораларни кўришга доир қоидалари Томонлар учун амал қилишда давом этади.
9-модда
1. Томонлар ўзаро келишувга кўра мазкур Битим доирасида миграция соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2. Томонлар мазкур Битим қоидаларининг янада самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳлар тузиши, экспертлар учрашувларини ўтказишлари мумкин.
10-модда
Томонлар, башарти ҳар бир муайян ҳолатда бошқача тартиб келишилган бўлмаса, мазкур Битимни амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган харажатларни ўз давлатларининг миллий қонунчилигига асосан ўзлари мустақил қоплайдилар.
11-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонлар давлатлари иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
12-модда
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликда Томонлар рус тилидан фойдаланадилар. Давлат тилидан фойдаланилган ҳолларда унга рус тилидаги тасдиқланган таржима илова қилиниши лозим.
13-модда
Томонлар мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган баҳсли масалаларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал қиладилар.
14-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битим 15-моддасининг 1-бандида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
15-модда
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб 30 (ўттиз) календарь кун ўтгач кучга киради.
2. Томонлардан ҳар бири мазкур Битимнинг амал қилишини дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин.
Бундай ҳолда, мазкур Битимнинг амал қилиши бундай хабарнома олинган санадан 60 (олтмиш) календарь кун ўтгач тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 21 июнда, икки нусхада ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)