Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг
буйруғи
Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 13 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2238-4]
Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги ҳамда 2022 йил 17 майдаги ЎРҚ-770-сон «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2011 йил 11 апрелдаги 45-сон буйруғи (рўйхат рақами 2238, 2011 йил 29 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 26-сон, 275-модда) билан тасдиқланган Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва «Uzbekistan Airways» АЖ билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. МАХКАМОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 27 январь,
1-сон
Келишилди:
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш. ШАРАХМЕТОВ
2023 йил 16 январь
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси A. АЗИЗОВ
2023 йил 20 январь
«Uzbekistan Airways» АЖ бошқарув раиси И. МАХКАМОВ
2023 йил 17 январь
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. ШЕРМАТОВ
2023 йил 24 январь
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2023 йил 27 январдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 78-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«78. Йўловчига ҳаво кемаси салонида қўл юкидан ташқари ўзининг зарур эҳтиёжи учун керак бўладиган шахсий буюмларини (масалан портфел, аёллар сумкачаси, ҳужжатлар учун жилд, соябон, ҳасса, устки кийим, гулдаста, парвозда ўқиш учун босма нашрларни, бола учун озуқани ва болалар йўл бешиги, ногиронлиги бўлган шахслар учун ўриндиқли аравача ёки жисмоний имкониятлари чекланган йўловчиларнинг ҳаракатланишлари учун мослаштирилган анжомлар ва бошқалар) ташишга рухсат берилади.».
2. 93-банднинг олтинчи хатбошисидаги «ногиронлар аравачаси» деган сўзлар «ногиронлиги бўлган шахслар учун ўриндиқли аравача» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 96-банддаги «Шахсий қурол, ов ва спорт мақсадларига мўлжалланган қурол» деган сўзлар «Фуқаровий қурол, хизмат қуроли, жанговар қурол» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2023 й., 10/23/2238-4/0087-сон)