Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 27 майда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномага амал қилиб,
икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантириш заруриятини тан олиб,
ҳамкорликнинг долзарб масалаларини маҳаллий даражада тезкор ҳал қилишда ҳамда тарихан шаклланган алоқаларни чуқурлаштиришда минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини эътироф этган ҳолда.
икки мамлакат минтақалари ўртасида фаолиятнинг турли соҳаларида ҳамкорликни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ривожланаётган алоқаларини фаоллаштиришга қодир бўлган минтақалараро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига ҳамда давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишларда минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда.
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«минтақалар» — Ўзбек томони тарафидан: Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари; Озарбайжон томони тарафидан: Озарбайжон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари;
«ваколатли органлар» — Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида ваколат берилган ҳокимият органлари;
«хўжалик юритувчи субъектлар» — Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ҳудудларида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар.
3-модда
Томонлар, шунингдек, ваколатли органлар минтақалараро ҳамкорликни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларга кўмаклашадилар:
минтақалар ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш;
мазкур Битимни амалга татбиқ қилишга йўналтирилган қўшма тадбирлар режалари, ҳаракат дастурлари ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда уни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича, зарурият бўлганда, минтақалар даражасида қўшма ишчи гуруҳлар тузиш ва мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш;
ҳамкорликнинг ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа шакллари.
4-модда
Мазкур Битим доирасида Томонлар минтақалараро ҳамкорликни қуйидаги шаклларда амалга оширадилар:
минтақавий инвестициявий сиёсатини амалга ошириш ва минтақаларда инвестициявий фаолликни ошириш;
минтақалар томонидан тадбиркор ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги учрашувлар, бизнес-семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ўтказишда кўмаклашиш;
минтақалараро ҳамкорлик масалалари бўйича маълумот алмашиш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан минтақаларни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш;
минтақаларнинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш;
минтақаларни ривожлантириш ва самарали бошқариш бўйича тажриба алмашиш;
миллатлараро муомала, маданиятлараро ва динлараро мулоқот, шунингдек, этник-маданий ривожланиш маданиятини мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;
иқлим сценарийларини тайёрлаш, агрометеорология ва эрта огоҳлантириш тизими соҳасида минтақалар ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш;
Томонлар келишуви билан аниқланадиган бошқа шакллар.
5-модда
Ваколатли органлар минтақалар ўртасида бевосита туристик алмашинувни ташкил қилиш, минтақалар жозибадорлигини оширишга қаратилган туризм соҳасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва минтақага туристик оқимни кўпайтириш мақсадида транспорт қатновини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашадилар.
6-модда
Ваколатли органлар минтақа маъмуриятлари ўртасида касб алоқаларининг ривожланишига ҳамда минтақаларда уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий бошқарувнинг илғор тажрибасини тарқатишга, шунингдек, уларнинг олдиларида турган ўхшаш вазифаларни ҳал қилишда тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар шаҳарсозлик ҳамда қурилиш бўйича тажриба алмашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
7-модда
Ваколатли органлар ўзаро яхшироқ тушуниш. ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашга эришиш учун тарих ва маданият билан ўзаро танишиш мақсадида турли даражаларда мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар.
Ваколатли органлар минтақаларнинг ижтимоий-маданий ва хўжалик-иқтисодий ҳаётини оммавий ахборот воситаларида холисона ёритишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар миллатлараро муомала, маданиятлараро мулоқот, этник-маданий ривожланиш маданиятини мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
8-модда
Томонлар мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
9-модда
Мазкур Битимга Томонлар розилиги билан унинг ажралмас қисми бўлган ва мазкур Битимнинг 10-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари ҳақида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар якунланмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 21 июнда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Матнлар ўртасида тафовутлар юзага келган ҳолларда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)