Арнасой туман Халқ депутатлари Кенгашининг
Қарори
Арнасой туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар ҳамда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар учун 2023 йилга белгиланган базавий солиқ ставкаси асосида ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6121-сонли «Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429 ва 437-моддаларига асосан 2023 йил учун туманда белгиланган базавий солиқ ставкаси асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахсларни мулк ҳуқуқига, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар учун 2023 йилга ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429-моддасига мувофиқ Арнасой тумани учун белгиланган базавий солиқ ставкаси асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 437-моддасига мувофиқ мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар (бундан деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар мустасно) бўйича мутлақ миқдорда 1 кв.м. учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Бунда, туманлар халқ депутатлари Кенгашлари, юқорида 1 ва 2-иловалар билан белгиланган солиқ ставкаларига 0,7 дан 3,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни белгилаш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилсин.
4. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (З. Исматов), туман молия бўлими (М. Эшбоев), туман Давлат солиқ инспекцияси (Х. Умуров)ларга 2023 йилдаги бюджет-солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
5. Мазкур қарор «Арнасой тонги» газетасида расман эълон қилинсин.
6. Қарор 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман Кенгашининг «Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари» доимий комиссияси ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (З. Исматов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Х. АЛИМАРДАНОВ
Арнасой т.,
2023 йил 10 январь,
VI-45-1-3-43-K/23-сон