Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойи бўйича бажарилиши якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2022 йил тўққиз ойи бўйича бажарилиши якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали ижро этиш борасида ҳукумат томонидан қатор ташкилий-амалий чоралар кўрилган.
Давлат дастурининг устувор йўналишларида назарда тутилган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли ишчи гуруҳлар тузилган, назорат режалари тасдиқланган, ҳафталик мониторинг юритилган, ҳар ойда муҳокама қилиб бориш тизими яратилган.
Ўтган даврда давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида жами 219 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг 7 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 64 та фармони ва қарори, Олий Мажлис палаталарининг 4 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 40 та қарори ва 104 та бошқа ҳужжат қабул қилинган.
Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгиланган устувор мақсадлар доирасида қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш мақсадида маҳаллаларда Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир ҳудуд учун алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, улар асосида 1,9 млн. нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган, 267 мингта лойиҳага 6,4 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ва 35 мингдан ортиқ ишсиз фуқароларга 112 млрд. сўм миқдорида субсидиялар ажратилган.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ҳамда зарур шартига айлантириш борасидаги мақсадларга эришиш бўйича қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-198-сонли Фармони қабул қилинган. Унга кўра жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинган.
Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш, мазкур жараённинг очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш бўйича модул яратилиб, унга тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинган.
Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган даврда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 105,8 фоизни ташкил этган.
Жорий йилги давлат бюджетидан 83,3 трлн. сўм маблағ ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, ушбу харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган.
Ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни самарали ташкил этиш мақсадида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали «Менинг йўлим» дастури ишга туширилган. Ушбу дастур доирасида 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун туман ва шаҳарларнинг Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига 1 трлн. сўм маблағ ажратилган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган. Жумладан, ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, мазкур жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида 463 та маҳаллада аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилган.
Тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 81 та оилавий шифокор пункти, 25 та оилавий поликлиника ва 1 002 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, 3,5 млн. нафар фуқарога бирламчи тиббий хизмат янада яқинлаштирилган.
Ҳудудларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилиб, уларда 740 минг нафар бемор «бир қадам» принципи асосида ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.
Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида аҳолининг соғлиғига жиддий зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли даромадларини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ишлар олиб борилган.
Жумладан, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш орқали ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф-муҳитга таъсири мониторинг қилинган ҳамда натижалари Ягона геоахборот электрон базасига киритилган.
«Олмалиқ кон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг мис эритиш заводига атмосфера ҳавосига чиқариладиган олтингугурт икки оксидини ва майда заррачаларни таҳлил қилувчи автоматик станция ўрнатилган.
Мамлакатимиз хавфсизлигини ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш соҳасида белгиланган устувор мақсадлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити юқори савияда ташкил этилган. Ушбу саммит доирасида жами 40 дан зиёд битим ва қарорлар қабул қилинган.
Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар билан 50 дан ортиқ олий ва 800 га яқин юқори даражадаги учрашув ва музокаралар амалга оширилиб, савдо-иқтисодий, транспорт ҳамда маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 218 та ҳужжат имзоланган.
Ўтган даврда давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича парламент ва ҳукумат ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги доимий тарзда таҳлил қилиб борилган, белгиланган вазифаларнинг жойларда ижро этилиши ҳолати Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, мунтазам равишда назорат-таҳлил тартибида ўрганилган. Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни ва мавжуд долзарб масалаларни ҳукумат билан биргаликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга давлат дастуридаги бажарилиши белгиланган жами 337 та банддан 233 тасининг ижроси тўлиқ бажарилган, 16 тасининг ижро муддати узайтирилган ва 88 тасининг ижросини таъминлашга доир ишлар якунланмаган.
Жумладан, транспорт ва логистика хизматлари бозорини ҳамда инфратузилмасини янада ривожлантириш, бу борада алоҳида концепция ишлаб чиқишга доир вазифалар ижроси ўз муддатида бажарилмаган (195-банд).
Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш билан боғлиқ ишлар кечиктирилмоқда (264-банд).
Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида тирбандлик юқори бўлган кўчаларда Йўл ўтказгичларни қуриш Концепциясини ишлаб чиқиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминланмаган (194.2-банд).
Шунингдек давлат дастуридаги айрим бандларнинг ижро муддати амалга оширилиши белгиланган вазифалар кўламидан келиб чиқиб, узайтирилган бўлса-да, қайта белгиланган даврда ҳам мазкур бандлар доирасида бажарилиши лозим бўлган ишлар якунига етказилмаган.
Жумладан, ҳудудларда йўловчи ташиш транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишга қаратилган қарор шу кунга қадар қабул қилинмаган (193.1-банд), сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланишга қаратилган тадбирларнинг ижроси кечиктирилган (166-банд).
Шу билан бир қаторда, давлат дастуридаги ижро муддати 2022 йилдан бошлаб режа асосида бажарилиши кўрсатилган айрим бандларга доир маълумотлар ҳисоботда етарлича акс эттирилмаган. Хусусан, 46 та туманлараро перинатал марказларни ташкил этиш, уларни тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича етарлича маълумот тақдим этилмаган (232 ва 233-бандлар).
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан давлат дастурининг айрим бандлари тегишли қарор, чора-тадбирлар дастури, тармоқ жадвалини тасдиқлаш орқали бажарилган деб кўрсатилган бўлса-да, бироқ ушбу бандларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, уларнинг натижадорлиги ҳақида етарлича маълумот тақдим этилмаганлигига эътибор қаратилди.
Жумладан, янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланган бўлса-да, ҳисобот даврида дастур доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилмаган (204-банд).
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш ва уларнинг нархи ошиб кетмаслигига эришиш чораларини кучайтириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек давлат дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли сарфланишини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойи бўйича бажарилиши якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат дастурининг ижро муддати узайтирилган ва бажарилиши якунланмаган бандларида белгиланган вазифалар ижросини якунига етказиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаш;
давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларини, айниқса, халқаро молия институтлари маблағларининг мақсадли ва ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликни янада кучайтириш;
давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш билан бирга бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлаш;
давлат дастурида маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган бандларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича тизимли равишда мониторингни йўлга қўйиш;
46 та туманлараро перинатал марказни ташкил этиш ҳамда уларни штат бирликлари билан таъминлаш, зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлашга доир ишлар юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида ҳукуматнинг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш жараёнида маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам иштирокини таъминлаш;
куз-қиш мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг ошиб кетмаслигини таъминлаш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
давлат дастурида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш борасидаги ишларни янада кучайтиришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш;
депутатларнинг ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округларидаги фаолияти давомида ўз партиявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларнинг самарали ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, давлат дастурининг ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларининг бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтирсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 25 октябрь,
2577-IV-сон