Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида тарихан шаклланган дўстона муносабатларни эътиборга олган ҳолда,
савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
бундай ҳамкорликни ривожлантириш учун саноат мулкини самарали ва муносиб муҳофаза қилиш заруратини тан олган ҳолда,
ўзаро фойда ва тенглик принципларидан келиб чиқиб,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун «саноат мулки» тушунчаси 1883 йил 20 мартда имзоланган, 1967 йил 14 июлда Стокгольмда қайта кўрилган, 1979 йил 2 октябрда ўзгартиришлар киритилган Саноат мулкини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Париж конвенциясининг (кейинги ўринларда — «Париж конвенцияси») 1-моддасида кўрсатилган мазмунда тушунилади.
2-модда
Саноат мулкини муҳофаза қилиш борасида Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик мазкур Битим, Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномалар ва Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
3-модда
Томонлар қуйида кўрсатилган йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:
саноат мулки объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлик масалаларни ҳал этиш;
Томонларнинг саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида халқаро конвенциялар нормалари ва қоидаларини Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига имплементация қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлиги;
саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида маълумотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, тажриба алмашинуви.
Томонлар, шунингдек, ҳамкорликнинг ўзаро келишилган бошқа йўналишлари бўйича ҳам ҳамкорликни амалга оширишлари мумкин.
4-модда
Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасида бир Томон давлатининг жисмоний ва юридик шахслари бошқа Томон давлати ҳудудида мазкур Томон давлатининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ унинг жисмоний ва юридик шахслари учун тақдим этиладиган ҳуқуқ ва ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланадилар.
Мазкур Битим билан тартибга солинмаган масалалар бўйича Томонлар Париж конвенциясининг қоидаларини қўллайдилар.
5-модда
Томонлар, Ўзбекистон Республикаси ёки Озарбайжон Республикасининг исталган жисмоний ёки юридик шахси қуйидаги ҳолларда лицензиявий шартнома тузмасдан туриб ихтиро ёки саноат намунасидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишини тан оладилар:
а) башарти муайян ихтиро ёки саноат намунасидан фойдаланиш бошқа шахслар томонидан СССР муаллифлик гувоҳномаси берилган ушбу ихтиро ёки саноат намунасига миллий патент бериш тўғрисидаги илтимоснома топширилган санага қадар қонуний тарзда бошланган бўлса;
б) башарти жисмоний ва юридик шахснинг ихтиро ёки саноат намунасидан фойдаланишга доир ҳуқуқи мазкур давлат қонунчилигида белгиланган нормаларга зид бўлмаса.
Бу ўринда муаллифларга мукофот пули тўланиши кўрсатилган ихтиро ёки саноат намунаси ҳудудида фойдаланилаётган ёхуд фойдаланилмоқчи бўлган Томон давлатининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6-модда
Бир Томон давлатининг жисмоний ва юридик шахслари бошқа Томон давлати ҳудудида ушбу Томон давлатининг саноат мулки объектларига тааллуқли патент фондлари, кутубхоналар, маълумотлар мажмуасидан жисмоний ва юридик шахсларга берилган шароитларда фойдаланадилар.
7-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш бўйича Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилардир (кейинги ўринларда — «Ваколатли органлар»):
Озарбайжон Республикасида — Озарбайжон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги.
Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.
8-модда
Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги мазкур Битимни амалга оширишга доир ёзишмалар рус тилида олиб борилади.
Муҳофаза ҳужжатларини бериш, муҳофаза ҳужжатларини олиш ва уларни ўз кучида сақлаб туриш учун сўровномаларни топширишда ҳар икки давлатнинг патент вакиллари ўзаролик принципи асосида бевосита ҳар иккала Томон давлатларининг саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли органлари билан, фақатгина миллий сўровнома топширган сўровнома берувчиларнинг манфаатларини ифода қилган ҳолда иш юритишлари мумкин. Бир Томон давлатининг сўровнома берувчиларига ва уларнинг қонуний вакилларига ўз давлати миллий қонунчилигида белгиланган тартибда муҳофаза ҳужжатларини бериш, муҳофаза ҳужжатларини олиш ва уларни ўз кучида сақлаб туриш учун сўровномаларни топширишга доир ишларни бевосита бошқа Томон давлатининг саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли органи билан ўзаролик принципи асосида иш юритиш ҳуқуқи ҳам тақдим этилади.
Бир Томон давлатининг сўровнома берувчилари тарафидан бошқа Томон давлатининг саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли органига топшириладиган патент бериш учун сўровнома саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича миллий ваколатли органга сўровнома топширилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, иккинчи Томон тарафидан қабул қилинади.
9-модда
Ҳар бир Томон миллий қонунчиликка мувофиқ мазкур Битим доирасида алмашиладиган махфий ахборотни ҳимоялаш бўйича, шунингдек, ушбу маълумотларни мазкур моддада кўрсатилган ахборотни тақдим этган Томоннинг ёзма розилигисиз учинчи томонга ошкор қилинишига ёки тарқатилишига йўл қўймаслик бўйича зарур чора-тадбирларни кўради.
10-модда
Мазкур Битимни кўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар Томонлар тарафидан маслаҳатлашувлар ва (ёки) музокаралар орқали ҳал этилади.
11-модда
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни молиялаштириш ваколатли органлар ўртасидаги келишувга мувофиқ Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ ҳолда олинган маблағлар асосида амалга оширилади.
12-модда
Мазкур Битим Томонлар давлатлари иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Томонларнинг ўзаро розилигига кўра мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда мазкур Битимнинг 14-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганлиги тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади, башарти Томонлардан бири навбатдаги муддат тугашига 6 (олти) ой қолгунга кадар бошқа Томонни мазкур Битимни тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши Томонлар давлатларининг жисмоний ва юридик шахсларига сўровномаларга биноан берилган ёки берилиши мумкин бўлган муҳофаза ҳужжатларининг амал қилишига дахл қилмайди.
Мазкур Битим кучга киргандан сўнг Тошкент шаҳрида 1997 йил 18 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг амал қилиши тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 21 июнда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчилик юзага келган ҳолларда, Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)