Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг вазифалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган давлатлардан бири сифатида унинг фаолиятида муҳим ва фаол роль ўйнамоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқаро нуфузини ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамиша хизмат қилиб келган.
Хусусан, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтказилган ва унда қабул қилинган кўплаб ҳужжатлар ушбу ташкилотнинг ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтказилган саммити кун тартибида минтақа мамлакатларининг ҳамкорликдаги иқтисодий, ижтимоий, савдо-саноат, рақамлаштириш энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, экология борасидаги ҳамда ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим йўналишларда алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умуман, Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар акс этган жами 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва қатор муҳим қарорлар қабул қилинганлиги ташкилот фаолияти тарихидаги салмоқли кўрсаткичлардан бири эканлиги эътиборга лойиқдир.
Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида баён этилган пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика, иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурслар танқислиги, озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдираётганлиги хусусидаги фикрлари саммит иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
Шу билан бирга, Президентимиз маърузасида «умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги» ҳамда ташкилотнинг 2040 йилгача ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуслари ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш орқали минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга хизмат қилиши ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шу нуқтаи назардан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг амалга оширилиши бўйича таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу эса Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатларда назарда тутилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда фаол тарғибот ишларини йўлга қўйиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб ҳамда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар тўлиқ қўллаб-қувватлансин.
2. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
3. Ишчи гуруҳ (Д. Файзиева):
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси олдида турган устувор вазифаларни белгилашга қаратилган «Йўл харитаси» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг муҳокамасига киритиш;
«Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш;
мониторинг натижалари тўғрисида ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига ахборот киритиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 сентябрь,
2489-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 20 сентябрда қабул қилинган 2489-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгаши 22-мажлисининг якуний ҳужжатларида белгиланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
|
Файзиева Дилором Хуснитдиновна |
— |
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг раиси |
|
Жумаев Нодир Хосиятович |
— |
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси |
|
Хусанова Мухтабар Акбаровна |
— |
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси |
|
Вафаев Улуғбек Назарович |
— |
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг аъзоси |
|
Сайдганиева Гулбахор Шарабидиновна |
— |
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг аъзоси |
|
Хушвақтов Ислом Норташович |
— |
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг аъзоси |