Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамини юксак ташкилий ва ғоявий даражада ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида белгиланган кенг кўламли вазифалар доирасида олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастуридан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сайлов округларида мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган қонунлар ва уларнинг жамият фаровонлигини таъминлаш ҳамда одамлар ҳаётини яхшилашда тутган ўрни ва аҳамиятини, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар режасида белгиланган тегишли тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ўтказилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев ва Девони раҳбари К. Эрназаров Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан Қонунчилик палатаси томонидан ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 3 август,
2382-IV-сон