Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисида
Мамлакатимизда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан самарали механизмлар яратилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва ташкилотларининг «Ишонч телефонлари» ташкил этилиши фуқароларнинг оғирини енгил қилиш билан бир қаторда турли хил ноқулайликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этилаётган сайёр қабуллар барча даражадаги раҳбарларнинг ҳудудлардаги муаммоларни ўз кўзи билан кўриб, аҳоли дардини яқиндан эшитишига замин яратмоқда.
Аҳоли муаммолари ҳамда ҳудудлардан кўтарилаётган масалалар тизимдаги камчиликларни аниқлаш билан бирга келгуси ислоҳотларни белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда айрим давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳудудларнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти салбийлигича қолгани маълум бўлди.
Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларга жами 773 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 66 мингтага ёки 8 фоизга камайган бўлса-да, муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш (17 мингтага ёки 3,7 баравар), фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари ижро этилиши (2,2 мингтага, 2,2 баравар), муҳтожларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш (1,7 мингтага, 2,3 баравар), табиий газ ҳисоблагичи ўрнатилиши (1,2 мингтага, 3,5 баравар), кадастр ходимларининг хатти-ҳаракатлари (981 тага, 3,9 баравар) билан боғлиқ масалалар кескин ошган.
Келиб тушган мурожаатлардан иқтисодий соҳа ташкилотларига 260 мингта, суд-ҳуқуқ соҳаси ташкилотларига 230 мингта, ижтимоий соҳа ташкилотларига 137 мингта, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 129 мингта, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси ҳамда марказий муассасаларга 5 мингтаси кўриб чиқиш учун юборилган.
Иқтисодий соҳада мурожаатлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида 13 мингтага ёки 48 бараварга, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 3,5 мингтага ёки 13 бараварга, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида 2 мингтага ёки 2,7 бараварга, Қурилиш вазирлигида 2,5 мингтага ёки 2,3 бараварга ҳамда Давлат солиқ қўмитасида 16 мингтага ёки 2 бараварга ошган.
Ижтимоий соҳада мурожаатлар сони Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида 288 тага ёки 108 фоизга, Ёшлар ишлари агентлигида 645 тага ёки 70 фоизга ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида 1715 тага ёки 67 фоизга кескин ортган.
Суд-ҳуқуқ соҳасида мурожаатлар сони Адлия вазирлигида 2,7 мингтага ёки 58 фоизга, Ички ишлар вазирлигида 13 мингтага ёки 20 фоизга ва Мажбурий ижро бюросида 10 мингтага ёки 20 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида мурожаатлар 52 мингтага ёки 29 фоизга камайган бўлиб, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳар, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари тизимига (14 — 18 мингта) келиб тушган.
Республика бўйича Виртуал қабулхона тизимида вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг 35 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, 63 фоизи юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда 2 фоизи кўрмасдан қолдирилган ёки тугатилган.
Ҳисобот даврида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида (6 фоиз), «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ (12 фоиз), Миллий гвардия (16 фоиз), Дин ишлари бўйича қўмита (18 фоиз), Олий ва ўрта махсус таълими ҳамда Қурилиш вазирликлари (19 фоиз), шунингдек, Андижон (11 фоиз), Наманган (15 фоиз), Навоий (16 фоиз) ҳамда Қашқадарё (19 фоиз) вилоятлари ҳокимликларида мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси паст бўлган.
Мурожаатларнинг таҳлили айрим давлат органлари ва ташкилотлари тизимида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларда мурожаатлар билан ишлаш фаолиятида муаммолар сақланиб қолаётганлиги ҳамда бир қатор тизимли камчиликларнинг мавжудлигини кўрсатди.
Жумладан, Мажбурий ижро бюроси фаолиятига нисбатан эътирозларнинг йилдан-йилга ортиб бораётганига ижро ҳужжатлари, шу жумладан, алимент ундириш ҳақидаги ижро ишларини юритишда қонун талабларига тўлиқ риоя этмаслик сабаб бўлган.
Шунингдек, ижро ҳужжати бўйича мурожаат қилинган ҳолатлардагина ундириш чоралари кўрилаётганлиги, акс ҳолда ижро ҳаракатлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, қарздорларга нисбатан таъсир чоралари кўрилмаганлиги оқибатида, жорий йилнинг 6 ойида Бюро органларига 62 мингта мурожаат келиб тушиб, ўтган йилга нисбатан 10 мингтага ёки 20 фоизга ошган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига оид мурожаатларда асосан соғлиқни сақлаш ходимлари хатти-ҳаракатларидан норозилик, ногиронлик гуруҳларини белгилаш, даволаш-профилактика, малакали тиббий кўрикдан ўтиш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ёрдам, дори-дармон билан таъминлашга доир масалалар кўтарилган.
Бундан ташқари, суд тизимига оид мурожаатларнинг асосий қисмини судьяларнинг хатти-ҳаракатлари ҳамда фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорлари устидан шикоятлар ташкил этиб, судларда фуқаролик ишларининг кўрилиши билан боғлиқ мурожаатлар 20 фоизга ўсган (26 мингта).
Фуқароларнинг ижтимоий нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризасининг рад этилиши, аввалроқ муайян муддатга тайинланган ижтимоий нафақа тўлови белгиланган муддат тугамасдан тўхтатилганлиги каби ҳолатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан муаллифлар иштирокида тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқилмаганлиги ва уларга батафсил жавоб хатлари берилмаганлиги оқибатида мурожаатчилар томонидан такрор-такрор мурожаат йўлланишига сабаб бўлмоқда.
Иш билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатларда муаллифнинг важлари турли ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилмаганлиги ҳамда мутахассислиги бўйича иш топилмаганлиги билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими масъуллари томонидан иш ҳақи миқдори паст бўлган, мурожаат этувчининг маълумоти ва мутахассислигига тўғри келмайдиган, узоқ ҳудудларда жойлашган иш ўринлари таклиф қилингани сабабли қаноатлантирилмаган.
Газ таъминотига оид мурожаатларда маиший газ баллонларини ўз вақтида алмаштириш, етказиб бериш ҳамда қўшимча газ баллонлари ажратилиши, шунингдек, куз-қиш мавсумида табиий газ босимининг тушиб кетиши билан боғлиқ эътирозлар билдирилган бўлса, электр энергияси билан боғлиқ мурожаатларда электр энергияси таъминотидаги узилишлар, электр тармоқлари ва трансформаторларнинг эскирганлиги ҳамда таъмирталаблиги каби муаммолар ўз аксини топган.
Банклар соҳасидаги мурожаатларда кредит ҳамда пластик карталари билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Мактабгача таълим соҳасидаги мурожаатларда фарзандини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиришдаги навбатнинг йиллар давомида келмаслиги сабабли аёлларни ишлаш имкониятлари чекланганидан шикоят қилинган.
Халқ таълими йўналишидаги мурожаатларда асосан фарзандини умумтаълим мактабига жойлаштиришдаги муаммолар, таълим сифати, ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари тақсимоти билан боғлиқ низолар, мактабда пул йиғилиши билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Олий ва ўрта махсус таълим йўналишидаги мурожаатларда талабаларни ётоқхона билан таъминлаш, таълим сифати, олий ва ўрта махсус таълим муассасасига қабул, ўқишни бошқа олий таълим муассасасига кўчириш билан боғлиқ муаммолар қайд этилган.
Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ мурожаатларда асосан мутасадди раҳбарлар томонидан аҳоли билан қўпол муомалада бўлиш, муаммоларни ҳал қилиш бўйича берилган ваъдалар бажарилмаслиги, жойларда биринчи раҳбарларнинг фуқароларни қабул қилмаслиги ва бошқа ҳолатлар кўрсатиб ўтилган.
Таҳлилларга кўра, ҳудудий раҳбарларнинг шахсий қабули бўйича аризалар 11 фоизга кўпайган бўлиб, Хоразм (51 фоиз) ва Фарғона (37 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (26 фоизга) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Шунингдек, давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар сони жами ҳудудлар бўйича 7 фоизга кўпайган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси (27 фоиз) ва Хоразм вилояти (23 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (22 фоиз) кескин ортган.
Ушбу турдаги мурожаатларнинг сони ошишида қуйидаги давлат органларининг ҳиссаси юқори бўлган.
Хусусан, кадастр (285 фоиз), мажбурий ижро бюроси (53 фоиз), прокуратура (38 фоиз), ички ишлар (35 фоиз), соғлиқни сақлаш (24 фоиз) тизимлари ходимлари хатти-ҳаракатлари бўйича шикоятлар кўпайган.
Энг кўп Тошкент (1 743 нафар), Наманган (705 нафар), Қашқадарё (688 нафар), Сурхондарё (681 нафар) ва Фарғона (650 нафар) вилоятларида яшовчи фуқаролар ўз муаммоларига яшаб турган ҳудудидан ечим топа олмаган.
Натижада фуқаролардан Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси каби юқори давлат органларига 17 мингдан ортиқ мурожаат қилинган.
Фуқаролар томонидан туман ёки вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар жойларда ўз вақтида ҳал этилмаганлиги аҳолининг сарсонгарчилигига ҳамда давлат идораларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотишига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4, 10 ва 22-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаровнинг давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Қишлоқ хўжалиги, Қурилиш вазирликлари, Миллий гвардия, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Мажбурий ижро бюроси, Дин ишлари бўйича қўмита, Кадастр агентлиги, Пенсия жамғармаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилсин.
Мазкур давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари доимий равишда:
мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда кўтарилган масала ва муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш чораларини кўрсин, бунда туман ҳамда вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган мурожаатларни жойида ҳал қилсин;
мурожаатларда энг кўп кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш тизими жорий қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиласин ва амалга оширсин;
ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар бир муаммо ва масалалар юзасидан ўз вақтида ҳамда асосли муносабат билдириб борсин;
мурожаатларни ўрганишда ходимларнинг масъулиятини янада ошириш ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли жавобгарлик чораларини белгиласин ҳамда ички назоратни кучайтирсин;
мурожаатларнинг такрорийлигини олдини олиш мақсадида, шу жумладан бир неча йиллар давомида ҳал этилмаган мурожаатлар ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганилиб, муаллифларга якуний жавоб хати берилишини таъминласин;
мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш ҳолатларига йўл қўймасин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келган мурожаатларни ҳал этиш натижалари тизимга ўз вақтида киритилишини таъминласин;
қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган мурожаатлар бўйича муаллифга хабардор қилиш тартибига сўзсиз риоя қилсин;
мурожаатлар бўйича юритиладиган ҳисоботлар, шунингдек, сайёр ҳамда шахсий қабуллар бўйича маълумотларни ҳаққоний ва тўғри юритилишини назоратга олсин ҳамда тасдиқланган режа-графиклар асосида сайёр қабуллар ўтказилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда вазирлик ва идораларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган тизимли муаммоларни кенгайтирилган йиғилишда муҳокама қилиб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
мурожаатларни қабул қилиш, ҳар ҳафтада сайёр қабуллар ўтказиш, натижаси юзасидан депутат сўрови ва эшитувлари амалиётидан самарали фойдаланиш;
тегишинча ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти юзасидан ахборотини танқидий жиҳатдан муҳокама қилиш ҳамда мазкур Қарорнинг 2-бандида қайд этилган масалаларга алоҳида эътибор қаратиш;
жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлган, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар юзасидан тезкор эшитувлар ташкил қилган ҳолда мутасадди шахслардан изоҳ талаб қилиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 13 сентябрь,
СҚ-622-IV-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.09.2022 й., СҚ-622-IV-сон)