Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг
буйруғи
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 14 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3123-2]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 13 декабрдаги 3-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3123, 2019 йил 18 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.01.2019 й., 10/19/3123/2504-сон) билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ШИН
Тошкент ш.,
2022 йил 31 август,
193-сон
Келишилди:
Молия вазири Т. ИШМЕТОВ
2022 йил 29 август
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг 2022 йил 31 августдаги 193-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон қарори билан тасдиқланган 2018-2019-йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳамда 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан мактабгача таълим ташкилотлари томонидан қуйидагилар бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин:
дам олиш кунлари ва мактабгача таълим ташкилотида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш, уни ўқитиш;
мактабгача таълим ташкилотининг ўқув дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш (карате, таэквондо, сузиш, шахмат, шашка, гимнастика, массаж ва бошқалар) тўгараклари, бадиий-эстетик (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳоказолар) тўгараклар, фанлар бўйича тўгараклар (чет тиллари, математика, ақлий арифметика, мантиқ, информатика ва бошқалар);
тўлиқ қувват билан ишламаётган мактабгача таълим ташкилотларида 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларга мактабгача таълим ва тарбия хизматлари.».
2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилган қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар, тўлиқ қувват билан ишламаётган мактабгача таълим ташкилотларида 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.09.2022 й., 10/22/3123-2/0822-сон)