Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг референдумида сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг референдумида сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 июль,
1179-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлдаги 1179-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг референдумида сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг 8 ва 9-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг референдумига (бундан буён матнда референдум деб юритилади) тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан қатнашадиган кузатувчиларининг (бундан буён матнда кузатувчи деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир референдум участкасида референдум куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.
2. Кузатувнинг мақсади референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан референдум куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
3. Референдум ўтказувчи комиссиялар кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
4. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин, бундан профилактика инспекторлари мустасно.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 13 майдаги 1254-сонли қарори таҳририда)
Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ташаббускор гуруҳи аъзоси ёки тарафдори ёхуд фуқаролар ташаббускор гуруҳига хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси фуқаролар ташаббускор гуруҳидан кузатувчи бўлиши мумкин.
II боб. Кузатувчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш
5. Сиёсий партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ташаббускор гуруҳи референдум ўтказувчи округ комиссияси (бундан буён матнда округ комиссияси деб юритилади) тузилганидан кейин ўз кузатувчилари тўғрисида тегишли округ комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.
6. Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида тегишли округ комиссиясига референдумга камида ўн кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.
7. Тегишли округ комиссияси сиёсий партия ташкилотининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.
8. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 28 июндаги 1171-сон қарори билан тасдиқланган низом билан белгиланади.
Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.
9. Сиёсий партия ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ташаббускор гуруҳи тегишли округ комиссиясидан мандатларни олгандан сўнг уларни ўз кузатувчиларига етказилишини таъминлайди.
10. Қуйидаги ҳолларда мандат бериш рад этилиши мумкин:
шахс 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
референдумга ўн кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кузатувчилари учун);
мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.
11. Кузатувчи референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек овоз бериш куни мандатни тақиб юриши шарт.
12. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва референдум якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
III боб. Кузатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Кузатувчи:
референдум ўтказувчи комиссияларнинг мажлисларида ҳозир бўлиш;
референдум участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
референдум куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
фуқаронинг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини, яширин овоз бериш принципини бузмаган ҳолда кузатиш;
овозларни санаб чиқишда ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг (бундан буён матнда участка комиссияси деб юритилади) овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённомасини тузишда ҳозир бўлиш;
овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли референдум ўтказувчи комиссия томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига ҳамда овоз бериш жараёнига халақит бермасдан ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
округ комиссияси томонидан участка комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин тегишли участка комиссиясини белгиланган тартибда хабардор қилиш;
агар референдум участкасида референдумга оид қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи референдум ўтказувчи комиссияларга хабар бериш;
референдум тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, шунингдек референдумга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.
Кузатувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
14. Кузатувчи:
ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунга, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши;
барча даражадаги референдум ўтказувчи комиссияларга, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши;
ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши шарт.
15. Кузатувчига қуйидагилар ман этилади:
овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиш;
референдум куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, референдум натижалари прогнозларини, ўтказилаётган референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
16. Кузатувчи «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонун талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, тегишли округ комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
IV боб. Якуний қоидалар
17. Кузатувчи референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
Кузатувчи шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиши мумкин.