Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида
БИТИМ
БИТИМ
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлатнинг ўзаро манфаати йўлида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истагида,
бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида қулай шарт-шароитларни яратиш ва қўллаб-қувватлашга интилиб,
мазкур Битим асосида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш иккала давлатда ишбилармонлик ташаббусини ривожлантириш, хусусий сармоялар кириб келиши ҳамда иқтисодий ривожланишга кўмак беришини эътироф этган ҳолда,
давлатлар миллий қонунчилигига мувофиқ, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари воситасида инвестицияларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмини таъминлаш муҳимлигини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Инвестициялар» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори тарафидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида фойда олиш мақсадларида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда киритилган мулкий қийматликларнинг барча турларини англатади, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) кўчар ва кўчмас мулк ҳамда бошқа мулкий ҳуқуқлар;
б) улушлар, акциялар ёки тижорат ташкилотларида иштирок этишнинг бошқа шакллари, шунингдек, облигациялар;
в) пул маблағлари ёки иқтисодий қийматга ва инвестиция белгиларига эга шартнома бўйича ҳар қандай мажбуриятларни бажаришга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари;
г) интеллектуал ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан, муаллифлик ҳуқуқлари, ихтиро патентлари, товар белгилари, саноат намуналари, товар чиқарилган жойни кўрсатиш ва технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш сирлари, фирма номлари, ноу-хау ва гудвилл, шунингдек, бошқа шунга ўхшаш ҳуқуқлар;
д) ҳудудида инвестициялар амалга оширилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ тақдим қилинадиган ёки шартномага асосан ваколатли орган томонидан бериладиган концессиялар, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки эксплуатация қилиш ҳуқуқлари;
е) ҳудудида инвестициялар амалга оширилаётган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ инвестициялар деб тан олинадиган ўзга шакллардаги бошқа инвестициялар.
Мазкур Битимга мувофиқ активни инвестиция сифатида таснифлаш учун у қуйидаги инвестиция белгиларига эга бўлиши лозим:
капитал ёки бошқа ресурсларни киритиш бўйича мажбурият;
даромад ёки фойда олишни кутиш;
таваккалчиликни қабул қилиш.
Мулкий қийматликларни инвестициялаш ёки қайта инвестициялаш шаклидаги ҳар қандай ўзгариш, башарти бундай ўзгариш тегишли Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига зид келмаса, уларнинг инвестиция хусусиятига дахл қилмайди.
Мазкур Битим мақсадлари учун «инвестициялар» атамаси қуйидаги активларни ўз ичига олмайди:
а) ҳукумат ёки давлат корхонаси ёхуд давлат томонидан назорат қилинадиган корхона томонидан чиқарилган қарз қимматли қоғозлари бўйича ҳар қандай фоизлар ёки ҳукуматга ёхуд давлат корхонасига ёки давлат томонидан назорат қилинадиган корхонага берилган қарзлар;
б) қабул қилувчи давлатда корхонанинг иш операциялари бошлангунига қадар юзага келган, корхонага рухсат олиш, уни ташкил қилиш, сотиб олиш ёки кенгайтириш билан боғлиқ ҳар қандай операция олди харажатлари, башарти инвестор билан Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўртасидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса;
в) фақатгина товарлар сотиш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича тижорат битимларидан келиб чиқадиган пул маблағларини талаб қилиш ҳуқуқлари;
г) фақатгина ҳар қандай тижорат битими билан боғлиқ кредит беришдан келиб чиқадиган пул маблағларини талаб қилиш ҳуқуқлари.
Мазкур модданинг 1-банди тўртинчи қисми б) кичик бандида сўз юритилаётган иш операциялари деганда, ташкилот қуйидаги барча ҳаракатларни истисносиз амалга ошириши тушунилади:
а) қабул қилувчи давлатда капитал қўйилмалари бўйича узоқ муддатли мажбуриятларни ўз зиммасига олади;
б) тадбиркорлик таваккалчилигини қабул қилади;
в) ўз фаолиятини қабул қилувчи давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширади.
2. «Даромадлар» атамаси Аҳдлашувчи Томон давлатида инвестициядан олинган ҳар қандай маблағлар, шу жумладан, фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва воситачилик мукофотлари, техник ёрдам, техник хизмат кўрсатиш учун тўловлар ва бошқа шакллардаги мукофотларни англатади.
3. «Инвестор» атамаси бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестицияларни амалга оширадиган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсини англатади:
а) жисмоний шахс — Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати қонунчилигига мувофиқ унинг фуқароси;
б) Аҳдлашувчи Томонларнинг исталган бирига нисбатан юридик шахс — ўз давлати қонунчилигига мувофиқ тузилган ёки таъсис этилган, шунингдек, бундай деб тан олинадиган ҳар қандай юридик шахс.
4. «Ҳудуд» атамаси Аҳдлашувчи Томон давлати суверенитети остида бўлган ушбу давлат миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ суверен ҳуқуқлари ёки юрисдикциясини амалга оширадиган ҳудудни англатади.
5. «Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилиги» атамаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқини ташкил этувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки Беларусь Республикасининг ҳуқуқини ташкил этувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни англатади.
2-модда
Мазкур Битимнинг қўлланилиши
Мазкур Битимнинг қўлланилиши
Мазкур Битим қоидалари бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ ушбу Битим кучга киргунга қадар ва ундан кейин амалга оширилган барча инвестицияларга нисбатан қўлланилади, бироқ инвестициялар, ҳаракатлар ёки фактлар бўйича мазкур Битим кучга киргунга қадар вужудга келган ҳар қандай низолар ёки ушбу Битим кучга киргунга қадар ҳал қилинган ҳар қандай даъволарга нисбатан қўлланилмайди.
3-модда
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига инвестицияларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни рағбатлантиради ва яратади ҳамда бундай инвестицияларнинг киритилишига ўз давлати қонунчилигига мувофиқ рухсат беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўзгармас тарзда адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, шунингдек, тўлиқ ва тегишли ҳуқуқий ҳимоя тақдим қилинади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларини бошқариш, сақлаш, улардан фойдаланиш ёки уларни тасарруф этишга асоссиз ёки камситувчи чоралар кўриш орқали тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини олади.
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига нисбатан олган ҳар қандай мажбуриятига риоя этишга мажбурдир.
4-модда
Миллий режим ва энг қулай режим
Миллий режим ва энг қулай режим
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестициялари ва даромадларига нисбатан ўз давлатининг инвесторлари ёки бошқа ҳар қандай учинчи давлат инвесторларининг инвестициялари ва даромадларига тақдим этилган режимлардан, инвесторнинг фикрига кўра, қай бири энг қулай бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига инвестицияларини бошқариш, сақлаш, улардан фойдаланиш ёки уларни тасарруф этишга нисбатан ўз давлатининг инвесторлари ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларига тақдим этиладиган режимлардан, инвесторнинг фикрига кўра, қай бири энг қулай бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
3. Мазкур модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари бир Аҳдлашувчи Томонни қуйидагиларга мувофиқ ушбу Аҳдлашувчи Томон тарафидан берилиши мумкин бўлган ҳар қандай режим, имтиёзлар ёки енгилликлардаги афзалликларни бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари ва уларнинг инвестицияларига татбиқ этиш бўйича мажбурият юклайдиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим:
а) эркин савдо, божхона иттифоқи, умумий бозор, иқтисодий ёки валюта иттифоқи тўғрисидаги битим ёхуд бошқа шунга ўхшаш халқаро битим, шу жумладан, биринчи Аҳдлашувчи Томон аъзо бўлган ёки келажакда аъзо бўлиши мумкин бўлган минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа шакллари;
б) икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим ёки тўлиқ ёхуд асосан солиққа тортишга тааллуқли бўлган бошқа халқаро битим.
4. Мазкур Битимнинг энг қулай режимга тааллуқли қоидалари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
а) бир Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари ўртасидаги низоларни ҳал қилишга;
б) ер участкаларини хусусийлаштиришга ва хусусийлаштирилган ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритишга нисбатан.
5-модда
Экспроприация
Экспроприация
1. Бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида национализация, экспроприация ёки амал қилиши бевосита ёхуд билвосита национализацияга ёки экспроприацияга тенг бошқа чоралар (кейинги ўринларда «экспроприация») қўлланилмайди, уларнинг жамоат манфаатларида камситилмайдиган асосда қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ, ўз вақтида, мутаносиб ва самарали компенсация таъминланган ҳолда қўлланилиши бундан мустасно.
2. Компенсация амалда экспроприация қилинган ёки келгусида экспроприация қилиш ҳақида расман маълум бўлган санада ҳисобланган экспроприация қилинаётган инвестицияларнинг бозор қийматига мос бўлиши лозим. Компенсация кечиктирилмасдан эркин айирбошланадиган валютада тўланади ва мазкур Битимнинг 8-моддасига мувофиқ бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига ўтказилади. Экспроприация санасидан бошлаб компенсация тўланган санага қадар компенсация суммасига бозор асосида белгиланадиган тижорат ставкасида, аммо олти ойлик доллар кредитлари бўйича Лондон банклараро таклиф ставкасидан (ЛИБОР) кам бўлмаган ставкада фоизлар ҳисобланади.
3. Агар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган ёки таъсис этилган тижорат ташкилотининг мол-мулкини ёхуд унинг бир қисмини экспроприация қилса ҳамда бу ташкилотга бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари инвестициялар киритган, шу жумладан, унда улушли иштирок этган бўлса, ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига мазкур модданинг қоидалари уларнинг инвестицияларига нисбатан ўз вақтида, мутаносиб ва самарали компенсацияни таъминлаш учун зарур бўлган ҳажмда қўлланилиши кафолатланиши лозим.
4. Инвестициялари экспроприация қилинадиган инвестор экспроприацияни амалга оширувчи Аҳдлашувчи Томон давлатининг суди ёки бошқа ваколатли органи томонидан мазкур моддада белгиланган тамойилларга мувофиқ, ўз ишининг тезкор кўриб чиқилиши ва ўз инвестициялари баҳоланишининг таҳлил қилиниши ҳуқуқига эгадир.
6-модда
Зарарларни қоплаш
Зарарларни қоплаш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига уларнинг инвестициялари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида уруш, қуролли тўқнашув, мамлакат даражасидаги фавқулодда ҳолат, инқилоб, қўзғолон ёки исён оқибатида зарар кўрган бўлса, ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан уларни тиклаш, зарарларни қоплаш, компенсация ёки ўзгача тарзда тартибга солишга нисбатан, мазкур бошқа Аҳдлашувчи Томон ўз давлати инвесторларига ёки энг қулай режимдан фойдаланадиган инвесторларга тақдим этадиган режимлардан, инвесторнинг фикрига кўра, қай бири энг қулай бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режим тақдим этилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандига дахл қилмаган ҳолда, ушбу бандда назарда тутилган ҳар қандай вазиятларда бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторлари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида:
а) ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон қуролли кучлари ёки ҳокимият органлари томонидан уларнинг инвестициялари тўлиқ ёки қисман реквизиция қилиниши натижасида зарар кўрса;
б) ушбу бошқа Аҳдлашувчи Томон қуролли кучлари ёки ҳокимият органлари томонидан вазият тақозоси талаби билан боғлиқ бўлмаган ҳолда уларнинг инвестициялари тўлиқ ёки қисман йўқ қилиниши натижасида зарар кўрса,
инвесторларга бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан товон тўлови ёки компенсация тақдим қилинади, бунда улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз вақтида, мутаносиб ва самарали амалга оширилиши лозим, компенсация эса реквизиция ёки йўқ қилиниш пайтидан бошлаб ҳақиқатда тўлов санасига қадар мазкур Битимнинг 5-моддаси 2 — 4 бандларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
7-модда
Умумий истиснолар
Умумий истиснолар
1. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Аҳдлашувчи Томонни қуйидаги камситмайдиган ҳуқуқий чораларни қўллашдан чекламаслиги лозим:
а) инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит, шунингдек, тарихий ва маданий қадриятларни муҳофаза қилишга қаратилган чоралар;
б) қазиб олинадиган табиий ресурсларни сақлаш билан боғлиқ чоралар.
2. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида қуйидаги мақсадларда талқин қилинмаслиги лозим:
а) исталган Аҳдлашувчи Томондан у ошкор этилиши ўзининг муҳим хавфсизлик манфаатларига зид деб ҳисоблайдиган ҳар қандай маълумотларни олиш имкониятини таъминлашни талаб қилиш;
б) исталган Аҳдлашувчи Томонга ўзининг хавфсизлик манфаатларини ва муҳим иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, башарти бундай ҳаракатлар:
1) ҳарбий ёки бошқа хавфсизлик муассасаларини таъминлаш мақсадида бевосита ёки билвосита амалга ошириладиган қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва бошқа товарлар, материаллар, хизматлар ва технологиялар савдоси билан боғлиқ бўлса;
2) уруш ёки халқаро муносабатлардаги бошқа фавқулодда ҳолатлар вақтида амалга оширилса; ёки
3) ядро қуролини ёки бошқа ядровий портловчи қурилмаларни тарқатмасликка доир миллий сиёсатни юритиш ёки халқаро шартномаларни бажариш юзасидан амалга оширилса; ёки
4) ноқонуний фаолиятга нисбатан амалга оширилса.
8-модда
Эркин ўтказмалар
Эркин ўтказмалар
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигида белгиланган тартибда тўлаганларидан сўнг, ўз инвестициялари билан боғлиқ тўловларни чет элга эркин ўтказишларини кафолатлайди, бундай ўтказмалар, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади, аммо булар билан чекланиб қолмайди:
а) мазкур Битимнинг 1-моддаси 2-бандида белгиланган даромадлар;
б) инвестицияларни сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлган асосий ва қўшимча ҳиссалар;
в) иккала Аҳдлашувчи Томон инвестиция сифатида тан олган қарзлар ва кредитларни қайтариш учун тўланадиган маблағлар, шунингдек, уларга ҳисобланган фоизлар;
г) инвестицияларни қисман ёки тўлиқ тугатиш ёхуд сотиш муносабати билан олинган маблағлар;
д) мазкур Битимнинг 5 ва 6-моддаларида назарда тутилган компенсация;
е) ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ инвестициялар билан боғлиқ ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун чет элдан ёлланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа мукофотлари;
ж) қўлга киритилган қимматли қоғозлардан олинган фоиз ва (ёки) дисконт, дивидендлар шаклидаги, шунингдек, уларнинг тасарруфдан чиқарилиши ва (ёки) сўндирилишидан олинган даромадлар.
2. Мазкур Битим бўйича тўлов ўтказмалари инвестициялар ҳудудида амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ, ўтказма санасидаги айирбошлаш курси бўйича эркин айирбошланадиган валютада кечиктирмасдан амалга оширилади.
9-модда
Суброгация
Суброгация
Башарти бир Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли ташкилоти бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвесторнинг инвестицияларига нисбатан берилган кафолат ёки суғурта шартномаси бўйича тўловни амалга оширса, бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу инвесторнинг ҳуқуқи ёки талаб қилиш ҳуқуқининг биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг ваколатли ташкилотига ўтказилишини ҳамда биринчи Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли ташкилотининг ҳуқуқ ва талаб қилиш ҳуқуқларини суброгация принципи асосида мазкур ҳуқуқларни тақдим этган шахс билан бир хил ҳажмда амалга ошириш ҳуқуқини тан олиши лозим.
10-модда
Бир Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасидаги низолар
Бир Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасидаги низолар
1. Бир Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасида инвестициялар билан бевосита боғлиқ бўлган низо ундаги томонлар ўртасида тинч йўл билан маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
2. Башарти низо томонлардан бирининг низони ҳал қилиш тўғрисидаги ёзма мурожаати пайтидан бошлаб олти ой ичида маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этилмаса, бунда инвестор мазкур модданинг 5-бандида назарда тутилган процедурага риоя этган ҳолда, низони кўриб чиқиш учун қуйидагилардан бирига топшириши мумкин:
а) ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг ваколатли судлари; ёки
б) 1965 йил 18 мартда Вашингтонда имзолаш учун очиқ бўлган Давлатлар билан бошқа давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал қилиш бўйича Конвенцияга мувофиқ таъсис этилган Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID), башарти иккала Аҳдлашувчи Томон давлати мазкур Конвенцияга қўшилган бўлса; ёки
в) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (UNCITRAL) Арбитраж регламентига мувофиқ таъсис этиладиган «ad hoc» арбитраж суди; ёки
г) илгари келишилган ҳар қандай бошқа «ad hoc» халқаро арбитраж суди.
3. Низодаги томонлардан бирининг сўровига кўра мазкур моддага мувофиқ арбитраж тарзида кўриб чиқиш 1958 йил 10 июнда Нью-Йоркда имзолаш учун очиқ бўлган Хорижий арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги Конвенция (Нью-Йорк Конвенцияси)га аъзо давлат ҳудудида амалга оширилади.
4. Агар инвестор низони халқаро арбитражга тақдим қилган бўлса, мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган учта арбитражлардан бирини танлаш якуний ҳисобланади.
5. Низодаги томон ҳисобланган Аҳдлашувчи Томон низони арбитражга топшириш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномани олган санадан бошлаб тўқсон (90) кундан сўнг низо халқаро арбитражга топширилиши мумкин. Халқаро арбитражга топшириш нияти тўғрисидаги хабарномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
а) мурожаатчининг номи ва манзили, башарти даъво ташкилот номидан берилаётган бўлса, корхона номи, манзили ва рўйхатдан ўтган жойи;
б) инвестор фикрига кўра мазкур битимнинг бузилган қоидалари;
в) ҳар бир даъво учун ҳуқуқий ва фактик асослар; шунингдек,
г) даъво талаби (даъво предмети), шу жумладан, даъво қилинаётган зарар ёки зиённинг тахминий суммаси.
6. Башарти инвестор низога олиб келган ҳолатлар ҳақида илк бор хабар топган санадан ёки хабар топиши лозим бўлган пайтдан эътиборан беш (5) йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, низо арбитражга топширилиши мумкин эмас.
7. Башарти мазкур Битимдаги қоидалар арбитраж қоидаларига зид бўлса, мазкур Битим қоидалари устувор ҳисобланади.
8. Суд қарори низодаги иккала томон учун якуний ва мажбурий ҳисобланади ҳамда ҳудудида суд қарори ижро этилаётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг процессуал қонунчилигига мувофиқ ижро этилиши лозим.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
1. Мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашга оид низолар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида имкон қадар музокаралар орқали ҳал этилиши лозим.
2. Башарти низони Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг бундай музокаралар тўғрисидаги талабномаси пайтидан бошлаб олти ой давомида юқорида қайд этилган усулда ҳал этишнинг имкони бўлмаса, ушбу низо Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабномасига биноан арбитраж судига топширилиши мумкин.
3. Арбитраж суди ҳар бир муайян ҳолат учун қуйида белгиланган тарзда таъсис қилинади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон арбитраж тарзида ҳал қилиш талабномаси олингандан сўнг икки ой ичида биттадан суд аъзосини тайинлайди. Ушбу икки суд аъзоси Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги билан суд раиси этиб тайинланадиган учинчи давлат фуқаросини аниқлайдилар. Раис бошқа икки суд аъзоси тайинланган санадан бошлаб тўрт ой ичида тайинланиши лозим.
4. Агар мазкур модданинг 3-бандида белгиланган муддатларда зарурий тайинловлар амалга оширилмаган бўлса ва башарти Аҳдлашувчи Томонлар ўзгача тарзда келишиб олмаган бўлсалар, зарурий тайинловларни амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома Халқаро суд Раисига йўлланиши мумкин. Агар Халқаро суд Раиси Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати фуқароси бўлса ёки у юқорида қайд этилган ҳаракатларни бошқа сабабларга кўра бажара олмаса, зарурий тайинловларни амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома бирон бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг фуқароси ҳисобланмайдиган ҳамда юқорида қайд этилган ҳаракатларни амалга ошира оладиган Халқаро суднинг лавозим жиҳатидан кейинги аъзосига йўлланади.
5. Арбитраж суди кўпчилик овоз билан қарор қабул қилади. Суд қарорлари иккала Аҳдлашувчи Томон учун якуний ва мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзи тайинлаган суд аъзоси ва ўз вакилларининг суд мажлисларидаги харажатларини қоплайди. Суд Раисининг харажатлари, шунингдек, бошқа харажатлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тенг тақсимланади. Суд харажатлар бўйича ўзгача қарор қабул қилиши ҳам мумкин. Бошқа барча масалалар бўйича арбитраж суди ўз ишининг регламентини белгилайди. Бунда регламент мазкур Битим нормаларига зид бўлмаслиги лозим.
12-модда
Бошқа қоидаларнинг қўлланилиши
Бошқа қоидаларнинг қўлланилиши
1. Башарти бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилиги қоидалари ёки халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳозирда мавжуд бўлган ёхуд кейинчалик Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида мазкур Битимга қўшимча тарзда ўрнатилган мажбуриятларда бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари амалга ошираётган инвестициялар мазкур Битимга мувофиқ ўрнатилган режимга нисбатан қулайроқ режимдан фойдаланишини назарда тутадиган умумий ёки махсус қоидаларга эга бўлса, бундай қоидалар инвестор учун янада қулайроқ бўлган қисмида мазкур Битимга нисбатан устувор кучга эга бўлади.
2. Мазкур модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг халқаро ҳуқуққа мувофиқ низоларни ҳал этиш соҳасидаги мажбуриятларига татбиқ қилинмайди.
13-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Зарур ҳолларда, Аҳдлашувчи Томонларнинг вакиллари мазкур Битимнинг амалга оширилишига дахл қиладиган ҳар қандай масала юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Ушбу маслаҳатлашувлар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг таклифига биноан, дипломатик каналлар орқали келишилган жойда ва муддатларда ўтказилади.
14-модда
Мазкур Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва амал қилишининг тугатилиши
Мазкур Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати ва амал қилишининг тугатилиши
1. Мазкур Битим ҳар бир Аҳдлашувчи Томон унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб ўттизинчи кундан кучга киради.
2. Мазкур Битим ўн йил муддатга тузилади. Башарти ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон тегишли муддат тугашидан камида ўн икки ой олдин мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабарнома юбормаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан навбатдаги ўн йиллик муддатларга узаяверади.
3. Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ёзма равишда келишилган ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин. Исталган бундай ўзгартириш ёки қўшимчалар кучга кириши учун мазкур Битим кучга кириши бўйича талаб қилинадиган процедура қўлланилади.
4. Мазкур Битимнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан 1 — 12 моддаларнинг қоидалари мазкур Битим тугатилган санадан бошлаб беш йил мобайнида ўз кучида қолади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, бунга лозим даражада ваколатланган вакиллар мазкур Битимни имзоладилар.
Минск шаҳрида 2019 йил 1 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)