Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директорининг
буйруғи
Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини яратиш ва уларни давлат сақловига топшириш бўйича йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 29 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1703-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ-5834-сон «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2007 йил 17 июлдаги 18-сон буйруғи (рўйхат рақами 1703, 2007 йил 13 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 33-34-сон, 350-модда) билан тасдиқланган Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини яратиш ва уларни давлат сақловига топшириш бўйича йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор У. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 28 июнь,
121-сон
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директорининг 2022 йил 28 июндаги 121-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини яратиш ва уларни давлат сақловига топшириш бўйича йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-бандда:
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ахборот ресурси — ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси, шу жумладан ахборот тизимларида очиқ шаклда жойлаштириладиган ёхуд эълон қилинадиган аудио-, видео-, график ва матнли ахборот;»;
тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«эксперт-текширув комиссияси (ЭТК)/эксперт-текширув услубий комиссияси (ЭТУК) — архив иши ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон миллий архивларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари ва ЭК фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;».
2. 3-банднинг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Йўриқнома ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади ва тегишли Ўзбекистон миллий архивларининг эксперт-текширув услубий комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаларининг эксперт-текширув комиссияси билан келишилади.».
3. 4-банддаги «ЭТКга» деган аббревиатура «ЭТК (ЭТУК)га» деган аббревиатуралар билан алмаштирилсин.
4. 25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«25. Ахборот ресурсларининг архив нусхалари мазкур ресурсни яратиш учун қўлланиладиган дастур воситалари, дастурий таъминот ва ЭҲ учун электрон рақамли имзонинг очиқ калити Билан бирга тегишли Ўзбекистон миллий архиви ЭТУК ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари ЭТКси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат архивига топширилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2022 й., 10/22/1703-1/0688-сон)