ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
БАНКЛАРНИНГ ОДДИЙ ВЕКСЕЛЛАРИ ВА ДЕПОЗИТ СЕРТИФИКАТЛАРИ БЛАНКАЛАРИНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 30 майда 1477-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 6 сентябрдаги 20/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-1, 23.09.2008 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 39-сон, 398-модда)
1. «Банкларнинг оддий векселлари ва депозит сертификатлари бланкаларини йўқ қилиш тартиби тўғрисида»ги янги таҳрирдаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Банкларнинг фойдаланилган ва яроқсиз ҳолга келган оддий вексель бланкларини йўқ қилиш тўғрисида»ги муваққат низоми (1998 йил 30 ноябрь, рўйхат рақами 555) ва ушбу Низомга 1999 йил 1 апрелдаги 555-1-сонли қўшимчалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан ўн кун ўтгандан сўнг амалга киритилсин.
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 12 май,
10/6-сон
Банкларнинг оддий векселлари ва депозит сертификатлари бланкаларини йўқ қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, банкларнинг оддий векселлари ва депозит (омонат) сертификатлари бланкаларини (кейинги матнда — қимматли қоғозлар бланкалари) йўқ қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 6 сентябрдаги 20/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-1, 23.09.2008 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 39-сон, 398-модда)
I. Қимматли қоғозлар бланкаларининг сақланиши
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қимматли қоғозлар деб ҳисобланадиган муомалага чиқарилган оддий векселлар ёки депозит (омонат) сертификатлар бўйича мажбуриятларнинг ижро муддати келганда ёки ижроси муддатдан олдин амалга оширилса, банк-эмитент мазкур қимматли қоғозларни тақдим этилишига қарши қонунчиликда белгиланган тартибда тўловни амалга оширади. Бундай қимматли қоғозлар сўндирилган деб ҳисобланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 6 сентябрдаги 20/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-1, 23.09.2008 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 39-сон, 398-модда)
2. Оддий векселлар ёки депозит (омонат) сертификатлар сўндирилгандан сўнг тижорат банкларининг филиаллари томонидан сўндирилган қимматли қоғозлар бланкалари уларнинг рўйхати билан бирга тижорат банклари ҳудудий бошқармалари орқали марказлаштирилган тарзда уларни сақлаш ва келгусида йўқ қилиш учун бош банкка юборилади.
Банкларнинг яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) фойдаланилмаган қимматли қоғозлар бланкалари ҳам бош банк омборхонасида сақланиши лозим. Тижорат банкларининг филиаллари томонидан яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) фойдаланилмаган қимматли қоғозлар бланкалари уларнинг рўйхати билан бирга тижорат банклари ҳудудий бошқармалари орқали марказлаштирилган тарзда уларни сўндирилган қимматли қоғозларнинг бланкалари билан биргаликда сақлаш ва келгусида йўқ қилиш учун бош банкка юборилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Сўндирилган қимматли қоғозлари бланкаларига, шунингдек яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) фойдаланилмаган қимматли қоғозлари бланкаларига «Сўндирилган» ёзуви билан белги киритилиши шарт.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/6-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-3, 10.06.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.06.2020 й., 10/20/1477-3/0733-сон)
4. Банкларнинг қимматли қоғозлар бланкалари бош банкдаги балансдан ташқари 90327-рақамли «Банкнинг қимматли қоғозлари бланкалари» ҳисобварағининг алоҳида шахсий ҳисобварағига кирим қилинади.
5. Полиграфия корхонаси (мазкур бланкаларнинг тайёрловчиси) томонидан топширилган қимматли қоғозлар бланкаларининг архив нусхалари бош банкдаги балансдан ташқари 90327-рақамли «Банкнинг қимматли қоғозлари бланкалари» ҳисобварағининг алоҳида шахсий ҳисобварағига кирим қилинади.
6. Банкларнинг қимматли қоғозлар бланкалари ҳисобини тўғри ташкил этиш ва сақлашнинг ўрнатилган тартибига риоя этиш борасидаги жавобгарлик банкнинг раҳбари, бош бухгалтери ва касса мудири зиммаларига юклатилади.
II. Қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш тартиби
7. Сўндирилган қимматли қоғозларнинг бланкалари қимматли қоғозлар сўндирилган ёки чиқарилиши бекор қилинган кундан бошлаб камида уч йилдан сўнг йўқ қилиниши лозим.
8. Банкдаги мавжуд оддий вексел бланканинг архив нусхаси полиграф корхонаси тайёрланган санадан бошлаб камида уч йилдан сўнг йўқ қилинади.
9. Банкдаги мавжуд депозит сертификат бланканинг архив нусхаси полиграф корхонаси тайёрланган санадан бошлаб камида тўрт йилдан сўнг йўқ қилинади.
10. Банклар Марказий банкка қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш ниятлари тўғрисида мўлжалланган йўқ қилиш санасидан камида 30 кун олдин хабар беришлари лозим.
11. Сўндирилган қимматли қоғозларнинг бланкалари қуйидаги ҳолатларда йўқ қилиниши мумкин эмас:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) агар қимматли қоғозлар бланкалари прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар томонидан қўзғатилган жиноий ишларига қўшиб қўйилган бўлса;
(11-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2017 йил 28 октябрдаги 29/3-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-2 16.11.2017 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.11.2017 й., 10/17/1477-2/0268-сон)
б) агар қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилиш вақтида суд муҳокамасида ёзма далиллар ҳисобланса;
в) агар мазкур қимматли қоғозлар бўйича даъво муддати суд қарорига биноан узайтирилган бўлса.
12. Бош банкда қимматли қоғозлар бўлинмаси раҳбарининг билдиришномасига мувофиқ банк Бошқаруви раиси имзоси билан йўқ қилишни ташкил этувчи комиссия таркиби, йўқ қилиш усули (ёқиб юбориш, қирқиб ташлаш, майдалаш) ва йўқ қилиш жойи кўрсатилган ҳолда буйруқ чиқарилади.
13. Қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиниши банк-эмитентнинг ўзи ёки шу мақсадлар учун махсус жалб қилинган бошқа ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин.
14. Комиссия таркибига қуйидаги ходимлар киритилиши лозим: Бошқарув раиси ўринбосари, хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш бўлинмасининг раҳбари, бош бухгалтер ёки унинг ўринбосари, бош банкнинг касса операциялари бошқарма (бўлим) бошлиғи, қимматли қоғозлар бўлинмасининг раҳбари ва банкнинг қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилинишини амалга оширадиган ташкилотнинг масъул ходими (агар бундай ташкилот жалб қилинган бўлса).
15. Банкларнинг қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилиш учун олинаётганда, 90327-рақамли «Банкнинг қимматли қоғозлари бланкалари» ҳисобварақ бўйича балансдан ташқари чиқим ордери расмийлаштирилади.
16. Қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилиш учун банк кассасидан олинаётганда, бланкалар бирма-бир қайта санаб чиқилади, шундан сўнг уч нусхада рўйхат тузилади. Рўйхатда қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилиш учун кассадан олинаётганлиги, буйруқнинг сони ва санаси, йўқ қилиш учун олинаётган қимматли қоғозлар бланкаларининг сони, номери, серияси ва номинали қайд этилади. Рўйхатнинг бир нусхаси тижорат банкининг кунлик касса ҳужжатларига, иккинчи нусхаси — банкнинг кунлик бухгалтерия ҳужжатларига тикилади ва учинчи нусхаси эса тижорат банкининг қимматли қоғозлар бўйича таркибий бўлинмасига берилади.
17. Қимматли қоғозлар бланкалари бирма-бир қайта санаб чиқилгандан сўнг, мазкур бланкалар комиссия аъзолари томонидан йўқ қилиш жойига етказиб бериш учун мўлжалланган махсус қопларга жойланади, уларга санаси, банкнинг номи, қимматликлар номи, қимматли қоғозлар бланкалари сони ва суммаси кўрсатилган ёрлиқчалар бириктирилади. Ёрлиқларга қуйидаги комиссия аъзолари имзолари қўйилади: Бошқарув раиси ўринбосари, касса операциялари бошқарма (бўлим) бошлиғи, бош бухгалтер (бош бухгалтер ўринбосари), шундан кейин қоплар касса мудири томонидан пломбаланади.
18. Йўқ қилиш жойига етиб келингач, комиссия аъзолари қопларнинг, пломбаларнинг ва ёрлиқларнинг бутлигини текширадилар. Агар қопларнинг бузилганлиги ёки қоплардаги пломба ва ёрлиқларнинг йўқлиги аниқланса, комиссия аъзолари томонидан қоплар ёки пломбалар бузилганлиги, қоплардаги пломба ва ёрлиқлар йўқлиги аниқланганлиги тўғрисида далолатнома тузилади ва бундай қоплар улардаги солинган қимматли қоғозлар бланкалари бутлигини текшириш учун банкка қайтариб юборилади.
19. Қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш жараёнида Комиссия аъзоларининг барчасини қатнашиши мажбурийдир.
20. Йўқ қилиш жараёни тугаганидан сўнг барча комиссия аъзолари томонидан имзоланган, уч нусхада (агар йўқ қилиш банк-эмитент томонидан амалга оширилмаган бўлса, тўрт нусхада), камида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиб ўтилган ҳолда далолатнома тузилади:
а) қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш бўйича комиссия аъзолари таркиби; уларнинг Ф.И.Ш. ва эгаллаб турган лавозимлари кўрсатилган ҳолда
б) банк-эмитентнинг тўлиқ номи;
в) қимматли қоғозлар чиқарилишининг рўйхатга олишни бекор қилинган санаси, агар у бекор қилинган бўлса;
г) қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилиш санаси;
д) қимматли қоғозларнинг тури, қимматли қоғозлар чиқарилишининг рўйхатга олиш рақами;
е) йўқ қилинган қимматли қоғозлар бланкаларининг умумий сони;
ж) қимматли қоғозлар бланкаларининг йўқ қилиш усули.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Далолатнома банк Бошқаруви раисининг имзоси билан тасдиқланади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/6-сонли қарори (рўйхат рақами 1477-3, 10.06.2020 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.06.2020 й., 10/20/1477-3/0733-сон)
22. Далолатномалар қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) биринчи нусхаси — бош банкининг кунлик касса ҳужжатларига тикиб қўйилади;
б) иккинчи нусхаси — бош банкнинг қимматли қоғозлар бўйича таркибий бўлинмасига берилади;
в) учинчи нусхаси — йўқ қилинган қимматли қоғозлар бланкаларининг балансдан ташқари ҳисобварағи ҳисобидан чиқарилганлигини тасдиқлаш учун касса операциялари бошқармасига (бўлимга) берилади;
г) тўртинчи нусхаси — қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилишни амалга оширадиган ташкилотга берилади (агар йўқ қилиш банк-эмитент томонидан амалга оширилмаган бўлса).
23. Банк қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилинганлиги ҳақида банкнинг қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш санасидан кейинги иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда Марказий банкка қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш бўйича комиссия тузилиши тўғрисида буйруқ нусхасини ва қимматли қоғозлар бланкаларининг йўқ қилиш тўғрисидаги далолатнома нусхасини тақдим этган ҳолда хабар бериши лозим.
24. Банкларнинг қимматли қоғозлар бланкалари ҳисобини юритиш дафтарида қимматли қоғозларнинг тури кўрсатилган ҳолда қимматли қоғозлар бланкалари йўқ қилинганлиги ва йўқ қилинган бланкаларнинг умумий сони ҳақидаги ёзув қайд этилади.
III. Йўқ қилиш ҳақидаги ҳужжатларни сақлаш муддати
25. Қимматли қоғозлар бланкаларини йўқ қилиш ҳақидаги ҳужжатларни (далолатномалар, рўйхатлар) сақлаш тартиби ва муддати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 22-сон, 163-модда; 2008 й., 39-сон, 398-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.11.2017 й., 10/17/1477-2/0268-сон; 10.06.2020 й., 10/20/1477-3/0733-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)