Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 7 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2022 йил 8 июлда маъқулланган
Сенат томонидан 2022 йил 8 июлда маъқулланган
Ушбу Қонун махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига фойда солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги солиқ имтиёзларини бериш шартларини, шунингдек мазкур имтиёзларнинг қўлланилиш тартибини ва муддатларини белгилайди.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1099-модда; 2022 йил № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:
1) 473-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари фойда солиғини тўлашдан ўзи киритган инвестициялар ҳажмига қараб:
3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестициялар учун — 3 йил муддатга;
5 миллион АҚШ долларидан 15 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестициялар учун — 5 йил муддатга;
15 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори миқдордаги инвестициялар учун — 10 йил муддатга озод этилади»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
учинчи қисмидаги «Ушбу модданинг биринчи қисмида» деган сўзлар «Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 474-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу Кодекс 473-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати махсус иқтисодий зона ҳудудида ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) объекти фойдаланишга қабул қилинган санадан эътиборан ҳисобланади»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
3) 483-модда қуйидаги мазмундаги ўн тўққизинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари томонидан фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг 2020 йил 1 январдан кейин фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчиларга нисбатан улар томонидан киритилган, 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб, мазкур иштирокчилар реестрга киритилган пайтдан эътиборан 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга тўлиқ қўлланилади. Ушбу қисмнинг қоидалари ушбу Кодекс 473-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатига нисбатан татбиқ этилмайди».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 12 июль,
ЎРҚ-783-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.07.2022 й., 03/22/783/0620-сон)