Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 21 октябрдаги СҚ-412-IV-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида юборилган парламент сўровига берилган жавобни муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар бажарилганлигини қайд этади.
Жумладан, 2030 йилга қадар «яшил энергетика» йўналишида қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш қувватини қарийб 16 минг МВтга етказиш режаси ишлаб чиқилган.
Республикамизда 2021 йилда саноат усулида илк бор Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида қуввати 100 МВт бўлган, йилига 360 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаришга ҳамда 110 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган лойиҳанинг қурилиши бошланган.
Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида саноат, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар жойларида 100 дан ортиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари ўрнатилган.
Жумладан, «Оролбўйи гидрогеология экспедицияси» давлат корхонаси, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси АЖ, «Тахиатош иссиқлик электр станцияси» АЖ, Қўнғирот ва Тулей магистрал газ қувурлари бошқармаларида 4 кВтли 2 тадан ҳамда «Қорақалпоқцемент» МЧЖда 2,4 кВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилган.
Ижтимоий соҳа объектлари қуввати 37,5 кВт бўлган 17 дона қуёш фотоэлектр станцияси ва қуввати 23 кВт миқдоридаги 11 дона қуёш сув иситиш қурилмаси билан таъминланган.
Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Хўжайли туманидаги «Кун нури», Қўнғирот туманидаги «Қанлы» ва Амударё туманидаги «Гулзор» маҳаллаларида кўп хонадонли уйларга қуввати 14,4 кВтдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилган.
2021 йилда ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш эвазига қуввати 9,5 минг кВт.соатга тенг бўлган электр энергияси тежалган.
2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов (1,6), Қўнғирот (1,5), Мўйноқ (2,6) ва Беруний (1) туманларида умумий қуввати 6,7 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Ушбу қарор лойиҳасида республикадаги йирик саноат корхоналари истеъмол қувватининг 25 фоизини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ҳамда «Титан Цемент» МЧЖ қайта тикланувчи энергия манбалари орқали таъминлаш режалаштирилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, парламент сўровига берилган жавоб таҳлили унда кўтарилган бир қатор масалалар аниқ ва батафсил акс эттирилмаганлигини, шунингдек, соҳада айрим камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Жумладан:
иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида, айниқса марказлаштирилган энергия таъминоти тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудларда қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш суръатлари давр талабига жавоб бермайди;
қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланадиган қурилмаларини ишлаб чиқаришга маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб этиш етарли даражада йўлга қўйилмаган;
қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан берилган солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялардан кенг фойдаланилмаган;
қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилаётган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисобини юритиш тўлиғича йўлга қўйилмаган, шунингдек, уларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш ишлари охирига етказилмаган.
Юқорида баён этилганларга асосан ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 21 октябрдаги «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги СҚ-412-IV-сонли Қарори ижроси бўйича Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алихановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
Парламент сўрови натижаларига кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан берилган имтиёзлар ва преференциялардан кенг фойдаланилмаётганлиги, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисобини юритиш етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, уларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилмаганлиги Вазирлар Маҳкамасига кўрсатиб ўтилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
жорий йилнинг 1 августига қадар Ўзбекистон Республикасининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланишини ташкил этсин;
қайта тикланувчи энергия манбалари объектларида фойдаланиладиган қурилмалар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:
қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилаётган энергиянинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг давлат ҳисоби юритилишини йўлга қўйсин, шунингдек, уларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантирсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш масаласини жойларда тизимли ташкил этсин;
қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларининг истиқболлилигига ва тарифларига таъсир қилмаган ҳолда, лойиҳалар танловига маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш шартларини киритиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ииновацион ривожланиш вазирлиги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ илмий-тадқиқот ва амалий ишларни молиялаштириш чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши:
иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида кичик қувватли қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияларини ташкил этиш юзасидан жорий йилнинг 1 октябрига қадар манзилли дастур ишлаб чиқсин, тасдиқласин ҳамда келгусида унинг бажарилишини таъминласин;
қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб этиш чораларини кўрсин;
янги ишга тушириладиган саноат корхоналари, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда турар жойларни лойиҳалаштиришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш масаласини назарда тутсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ташкил этишда дуч келинаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар устидан қатъий назорат ўрнатиш, тегишли ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органи раҳбарларининг ахборотини эшитиб бориш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2022 йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 28 май,
CҚ-544-IV-сон