Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, қуйи палатанинг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, мамлакатимиз Президентининг дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорлари, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастури асосида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) фаолиятини самарали ташкил этиш, жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган тегишли бандларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Ўтган даврда қонун ижодкорлиги фаолиятининг натижадорлиги ошиб, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари сони сезиларли даражада кўпайди. Хусусан, 63 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 14 таси алоҳида қонун сифатида, 11 таси эса 4 та қонунга бирлаштирилиб, жамланма қонун тариқасида қабул қилинди.
Шунингдек мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор яхлит қонунлар ҳам қабул қилинди. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Давлат қарзи тўғрисида»ги, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Қонунчилик палатаси томонидан давлат бошқаруви органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунлар ижроси, давлат дастурларининг сўзсиз бажарилиши, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишга доир фаолияти устидан таъсирчан парламент назорати олиб борилди.
Хусусан, Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти 8 маротаба «парламент эшитуви» тартибида эшитилди, 2 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилди, 1 та парламент сўрови ва 86 та депутат сўрови юборилди.
Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари юзасидан 30 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.
Бугунги кунда депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасини ўз сайлов округларида ўтказмоқдалар. Депутатларнинг сайлов округларида олиб борган фаолияти давомида жами 3 958 та хонадонга ташриф буюрилди, 2 442 та учрашув ўтказилди. Уларда 50 минг нафардан зиёд фуқаро, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг 4 702 нафар вакили билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди.
Сайлов округларида амалга оширилган ишларнинг якунлари сиёсий партиялар фракцияларида атрофлича кўриб чиқилиб, жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ўтган даврда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида ҳам муайян ишлар қилинди. Жумладан, келиб тушган жами 2 937 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Шунингдек қўмиталар мажлисларида мурожаатларда кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётганлиги бўйича давлат органлари раҳбарларининг 4 маротаба ахбороти эшитилди.
Қонунчилик палатасининг хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва самарали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилди. Жумладан, халқаро парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида жами 8 та халқаро учрашув ўтказилди ва 9 та чет эл делегацияси қабул қилинди. Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Қонунчилик палатасининг Таиланд Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи тузилди.
Шу билан бирга Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили айрим йўналишларда ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича фаоллиги сезилмади.
Сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг парламент назорати шаклларидан фойдаланишдаги ташаббускорлигини ҳам етарли даражада деб бўлмайди. Ўтган даврда депутатлар давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига парламент сўрови юбориш бўйича атиги 1 та таклиф киритган бўлса, мутасаддиларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитишга доир бирорта ҳам ташаббус кўрсатилмади.
Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан мурожаатчилар томонидан берилган таклифларни қўмиталар мажлисларида муҳокама қилиш йўлга қўйилган, бироқ ушбу амалиёт тизимли равишда амалга оширилмаяпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
фракциялар аъзолари томонидан қонун лойиҳаларини партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда киритиш ташаббуси билан чиқиш;
сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларни, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичига, шунингдек жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳар бир назорат-таҳлил тадбирига эксперт гуруҳларини фаол жалб этиш ва уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини тизимли равишда мониторинг қилиш;
назорат-таҳлил тадбирлари якунларига бағишланган қўмита мажлисларини ҳудудларда ҳам ўтказиш амалиётидан самарали фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни жойларга чиқиб, мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ўрганиш амалиётини тизимли равишда олиб бориш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 18 апрель,
2042-IV-сон