Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2021 йилда ўз фаолиятини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга, Қонунчилик палатасининг 2021 йилга мўлжалланган иш режасига, Қўмитанинг 2021 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ амалга оширган.
Ўтган даврда Қўмита халқаро тажрибадан унумли фойдаланган ҳолда, қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, шунингдек мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 7 та қонун ва 1 та кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ишлар олиб борилган. Қўмита қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритилган 7 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлган ва уларнинг барчаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича ишчи гуруҳнинг 97 та, экспертлар гуруҳининг 24 та йиғилиши ўтказилган.
Ўтган даврда Қўмита томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда ўрганишлар якунлари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур даврда назорат-таҳлил фаолияти доирасида 13 та тадбир ўтказилган ва улардан 9 таси қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 4 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар кўтарган масалалар асосида ҳамда жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият берилган.
Бу борада Қўмита ташаббуси билан 3 та парламент сўрови, шунингдек Қўмита аъзоларининг мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 35 та депутат сўрови юборилган.
2021 йилда Қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан 285 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек Қўмита аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти мобайнида фуқаролар томонидан тақдим этилган 354 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб боришга қаратилган 138 та йиғилиш ва 47 та тадбир ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 2061 маротаба чиқишлар қилинган ҳамда қонун ижодкорлиги ва Қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш, назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб бориш амалиётини давом эттириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита номига юборилган мурожаатларида кўтарилган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларда келтирилган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, кўтарилган муаммоларни тўлиқ бартараф этиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. Гаппоров зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 апрель,
2011-IV-сон