Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг
Буйруғи
ШНҚ 1.03.04-22 «Намунавий лойиҳа ҳужжатлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 25 апрелда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 78]
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 1.03.04-22 «Намунавий лойиҳа ҳужжатлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 апрель,
69-сон
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг 2022 йил 19 апрелдаги 69-сон буйруғига
ИЛОВАШНҚ 1.03.04-22 «Намунавий лойиҳа ҳужжатлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Ушбу шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (кейинги ўринларда — ШНҚ) фуқаровий, турар жой, ишлаб чиқариш бино ва иншоотларини (кейинги ўринларда — корхона, бино ва иншоотлар) қуриш учун намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва қўллаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари техник-иқтисодий асослардан келиб чиқиб ишлаб чиқилади.
2. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш қиймати Лойиҳа-тадқиқот ишларининг қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3180, 2019 йил 9 сентябрь) мувофиқ аниқланади.
3. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.
2-боб. Норматив ҳужжатларга ҳаволалар
4. Ушбу ШНҚда қуйидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар келтирилган:
ГОСТ 21.101-97. Қурилишда лойиҳалаш ҳужжатлари тизими (ҚЛҲТ). Лойиҳа ва ишчи ҳужжатларига асосий талаблар;
ГОСТ 21.114-95. ҚЛҲТ. Намунавий бўлмаган буюмларнинг умумий кўриниши бўйича эскиз чизмаларни бажариш қоидалари;
ГОСТ 21.501-93. ҚЛҲТ. Архитектура-қурилиш чизмаларини бажариш қоидалари;
ГОСТ 2.105-95. Конструкторлик ҳужжатлари ягона тизими (КҲЯТ). Матнли ҳужжатларга қўйиладиган умумий талаблар;
ШНҚ 1.03.01 Корхона, бино ва иншоотларни капитал қурилиши ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқаришнинг маъқулланиши ва тасдиқлаш тартиби;
ШНҚ 1.03.09 Лойиҳа бош муҳандиси (бош архитектори) қоидалари.
3-боб. Атамалар ва таърифлар
5. Ушбу ШНҚда қуйидаги атамалар ва таърифлар қўлланилган:
лойиҳа ҳужжатлари — ҳажмий-режали, амалий ва техникавий ечимларни, биноларни, иншоотларни ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлашнинг, шунингдек ободонлаштириш ишларининг қийматини белгилайдиган ҳамда ишчи лойиҳа, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ишчи ҳужжатларни ўз ичига олувчи ҳужжатлар тўплами;
намунавий лойиҳа ҳужжати — қурилишда кўп маротаба фойдаланиш мақсадида бино ва иншоотларни барпо этиш, конструкциялар, буюмлар ва тугунларни яратиш учун ҳажмий-режавий ечимларни унификациялаш ва типлаштириш асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжати;
намунавий лойиҳа — бино ва иншоотлар қурилиши, аниқ қурилиш майдонларига боғлаш ёки индивидуал лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун қўлланиладиган лойиҳа ҳужжати;
намунавий лойиҳа ечимлари — қурилиш объектларини лойиҳалашда ва намунавий лойиҳаларни жойига боғлашда қўлланиладиган архитектура, конструктив, муҳандислик, режалаштириш ва бошқа ечимлар;
намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунлари — лойиҳалаш ва қурилишда, шунингдек қурилиш индустрияси ва қурилиш майдонларида оммавий равишда ишлаб чиқариш мақсадлари учун қўлланиладиган қурилиш элементлари.
4-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартиби
6. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари буюртмачи томонидан берилган лойиҳалаш топшириғига асосан ишлаб чиқилади.
7. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари ушбу ШНҚ, ШНҚ 1.03.01, шунингдек ГОСТ 21.101-97, ГОСТ 21.114-95, ГОСТ 21.501-93, ГОСТ 2.105-95 ва бошқа стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.
8. Ҳар бир ишлаб чиқилаётган намунавий лойиҳа ҳужжатига хос рақам берилади.
9. Лойиҳа ташкилотида ҳар бир ишлаб чиқилаётган намунавий лойиҳа ҳужжати учун лойиҳа бош муҳандиси (бош архитектори) тайинланади.
10. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари қуйидаги икки босқичда ишлаб чиқилади:
бир босқичда — I-II хавф-хатар тоифасига мансуб корхона, бино ва иншоотлар учун — ишчи лойиҳаси;
икки босқичда — III ва IV хавф-хатар тоифасига мансуб корхона, бино ва иншоотлар учун — лойиҳа ва ишчи ҳужжатлар.
Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг чизмалари:
бир босқичда — уларнинг номенклатураси ва қўлланилиш соҳаси аниқ бўлганда — ишчи чизмалар;
икки босқичда — номенклатураси ва қўлланилиш соҳасини аниқлаш, шунингдек вариантлар бўйича ишлаб чиқиш талаб қилинса (мутлақо янги конструктив ечимлар учун), техникавий ечимлар ва ишчи чизмалари ишлаб чиқилади.
Намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш босқичи лойиҳалаш топшириғида белгиланади.
11. Намунавий лойиҳалар ҳужжатлари такроран қуриладиган, мунтазам технологияга эга бўлган корхона, бино ва иншоотлари қурилишида кўп маротаба фойдаланиш мақсадлари учун ишлаб чиқилади.
Ишлаб чиқариш технологияси тез-тез ўзгариб турадиган, лекин қатор такрорланувчи қурилиш ва технологик ечимга эга бўлган корхоналар қурилиши учун қурилиш-технологик секцияси, блок-секцияси, технологик линиялари ва бошқа таркибий қисмлари бўйича ҳам намунавий лойиҳа ечимлари ишлаб чиқилиши мумкин.
12. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва лойиҳалаш ишлари, патент тадқиқотлари ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги илғор миллий ва хорижий амалиёт тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек ишлаб чиқилган вариантлар ичидан энг оптимал ечимни танлаб олиш асосида лойиҳаланиши лозим.
13. Намунавий лойиҳа ҳужжатларида:
корхона, бино ёки иншоотнинг хавфсиз ишлаши ва кўзланган фаолият турини амалга ошириш усулларига қўйиладиган талаблар;
қурилиш конструкциялари, муҳандислик тизимлари ва тармоқлари хавфсизлиги;
атроф-муҳитга ва инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги;
турли қурилиш шароитларда (иқлим, геологик, сейсмик ва бошқалар) намунавий лойиҳа ҳужжатларининг боғланишини таъминлайдиган ечимларидан фойдаланиш;
бино ва иншоотларнинг қурилиш конструкцияларига, муҳандислик тизимлари ва тармоқларига эксплуатацион юкламаларнинг қийматларини меъёрдан ошиб кетмаслиги бўйича фойдаланувчилар ва техник хизматлар учун маълумотлар;
хавфли вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган яширин электр симлари, қувур тармоқлари ва бошқа қурилмаларнинг жойлашуви тўғрисида маълумотлар назарда тутилиши керак.
14. Намунавий лойиҳа ҳужжатининг буюртмачиси намунавий лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаш топшириғи тайёрланишини, тасдиқланишини ва лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотга тақдим этилишини таъминлайди, шунингдек ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатининг қабул қилинишини ва тасдиқланишини ташкил этади.
Намунавий лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқувчи бош лойиҳачи ташкилоти лойиҳаланган объектнинг ишончлилигини, хавфсизлигини, чидамлилигини, шунингдек атроф-муҳитга ва инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатмаслигини, лойиҳа ҳужжатларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда стандартларга мувофиқлигини таъминлайди.
Илмий-тадқиқот ташкилоти намунавий лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун берилган бирламчи маълумотларда янги технологик жараёнлар, ускуналар ва материаллар илғор илмий-техника тараққиёти даражасига мос келишини таъминлайди.
Субпудратчи лойиҳа ташкилоти шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда стандартларга мувофиқ лойиҳа ҳужжатларининг қисмларини ишлаб чиқади.
5-боб. Лойиҳалаш топшириғи
15. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғи буюртмачи томонидан, зарурат туғилганда эса лойиҳа ташкилотлари, илмий тадқиқот ташкилотлари ва конструкторлик ташкилотлари иштирокида, ушбу ШНҚнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ тузилади.
Лойиҳалаш топшириғи буюртмачи томонидан тасдиқланади.
16. Намунавий лойиҳа ҳужжатларни ишлаб чиқишда қўлланиши лозим бўлган, қурилиш шароитига оид маълумотлар (иқлим шароити, грунтлар ва бошқалар) қуйидаги кўрсаткичларда қабул қилиниши тавсия этилади:
ташқи ҳавонинг ҳисобий ҳарорати — 15°С;
шамол босими — Wо = 0,45 kPa (45 kgf/m2);
қор қатлами вазни — Sо = 0,5 kPa (50 kgf/m2);
ер рельефи — текис;
ер ости сувлари — йўқ;
грунтлар — кўпчимайди, чўкмайди.
Меъёрий тавсифлари қуйидагича ифодаланади:
меъёрий ички ишқаланиш бурчаги — φн = 0,42 rad ёки 24°;
меъёрий солиштирма ёпишиш — Сн = 13 kPa (0,13 kgf/sm2);
грунтларнинг деформация модули — Е = 16.0 MPа (160 kgf/sm2);
грунтнинг зичлиги — γ =18 kN/m3 (1,8 t/m3);
грунт бўйича ишончлилик коэффициенти — γg = 1, деб олинади.
17. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини бир неча вариантда ишлаб чиқиш зарурати бўлганда, бундай талаб лойиҳалаш топшириғида белгиланиши мумкин.
18. Намунавий лойиҳа ҳужжатларни технологик жиҳатларига кўра бошқа ташкилотлар билан келишиш зарурати бўлганда, ушбу талаблар лойиҳалаш топшириғида кўрсатиб ўтилади.
6-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари
1-§. Ҳужжатлар таркиби
19. Муайян намунавий лойиҳа ҳужжатининг мазмуни ва таркиби ҳамда ишлаб чиқилаётган бўлимлар рўйхати лойиҳаланаётган объект хусусиятига қараб, буюртмачи томонидан аниқлаштирилиши ва қисқартирилиши мумкин. Бундай ҳолатлар лойиҳалаш топшириғида белгиланиши керак.
Намунавий лойиҳа ҳужжатининг конструкциялар, ускуналар, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми, моддий ва бошқа ресурсларга доир ҳисоблари лойиҳа ташкилотида сақланади ва буюртмачининг сўровномасига кўра унга вақтинча фойдаланиш учун берилиши мумкин.
20. Намунавий лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган лойиҳа ечимлари тавсифлари, асослари, келтирилган кўрсаткичлар ва якуний ҳисоб натижалари жадвал кўринишида тузилади.
21. Намунавий лойиҳа ҳужжати қабул қилинган лойиҳа ечимларини асословчи қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши керак:
а) умумий тушунтириш хатида қуйидагилар баён этилиши зарур:
лойиҳалаш учун дастлабки маълумотлар;
намунавий лойиҳанинг қўлланиш соҳаси;
объектнинг қисқача тавсифи;
объектнинг лойиҳавий қуввати;
ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг номенклатураси;
сифат кўрсаткичлари ва техникавий даражаси;
ёқилғи, сув, иссиқлик ва электр энергия ҳамда меҳнат ресурсларига бўлган талаблар;
бажарилган иқтисодий ҳисоблар натижалари ва лойиҳада келтирилган техник-иқтисодий кўрсаткичлар салмоғи, шунингдек ушбу кўрсаткичларни аналог объектлари билан таққослаш натижалари;
ишлаб чиқариш иқтисоди, лойиҳада фан ва техника ютуқларидан фойдаланганлик ҳақида, қабул қилинган ечимлар юзасидан олиб борилган келишувлар, меъёрлар, қоидалар, йўриқномалар ва стандартлар талабларига, шу жумладан портлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши;
бош режа, ички майдон, транспорт, муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари тархларининг асосий ечимлари;
фуқаролар муҳофазаси тадбирлари;
қурилишни самарали ташкил этиш;
ишлаб чиқариш чиқиндиларидан, шунингдек иккиламчи энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган ечимлар;
маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилиши, бунёд этилаётган қувват бирлигига бўлган солиштирма харажат кўрсаткичлари ҳамда уларни аналог объектлар билан, шунингдек лойиҳалаш топшириғида белгиланган кўрсаткичлари билан таққослаш натижалари тўғрисида маълумотлар.
б) технологик ечимлар қуйидагилардан ташкил топади:
маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳисобий дастур;
ишлаб чиқариш технологияси ҳамда маҳсулот тайёрлашнинг меҳнат ресурсларига талаблар;
ишлаб чиқаришда технологик жараёнларни механизациялаш ва автоматлаштириш бўйича қисқача тавсифи ва ечимларини асослаш, уларни илғор техникавий ечимлар билан таққослаш натижалари;
маҳсулот сифатини текширишга доир таклифлар;
танланган ускуналар ва уларнинг прогрессивлигини баҳолаш кўрсаткичлари;
цех ва цехлараро коммуникацияларнинг тавсифи;
ишчилар сонини асослаш (яхлит корхона ва алоҳида цехлар бўйича);
иссиқлик ва электр таъминоти, электр ускуналаридан фойдаланиш усуллари;
лойиҳалаш топшириғида кўзда тутилган ҳолларда автоматлаштирилган технологик жараёнлар бўйича ечимлар;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари;
таъмирлаш хўжалигини ташкил этишга доир ечимлар;
чиқиндилардан фойдаланишга доир ечимлар;
асосий чизмалар — технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни механизациялашнинг принципиал схемалари;
корпуслар (цехлар) бўйича технологик ускуналарни жойлаштириш схемалари;
юк оқимлари схемалари;
корхонанинг тузилиши ва ташкилий тузилиш схемалари;
техника воситалари комплекси тузилишининг схемалари;
технологик жараёнларни автоматлаштириш (майдон ичкарисида) схемалари,
электр ва иссиқлик билан таъминлаш (майдон ичкарисида) принципиал схемалари,
алоқа ва сигнализация тизимларини ташкил этиш схемаларидан.
в) бино ва иншоотлар учун асосий ечимлар қуйидагилардан ташкил топади:
ҳар бир бино ва иншоот бўйича архитектура-қурилиш ечимининг қисқача тавсифи ва асосланиши, ушбу ечимларнинг прогрессивлиги, иш ўринларини яратиш, ишчиларга санитар ва маиший хизмат кўрсатиш бўйича ечимлар асосномаси;
электр, портлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари ва қурилиш конструкцияларини коррозиядан ҳимоя қилиш;
сув билан таъминлаш ва канализация;
иситиш, вентиляция ва ҳавони кондиционерлаш бўйича ечимлар;
фуқаролар муҳофазаси объектлари бўйича ечимлар;
қурилишни ташкил этиш қоидалари;
юк кўтарувчи ва тўсувчи конструкцияларнинг тасвири кўрсатилган бино ва иншоотларнинг тарҳлари (қаватлар бўйича), қирқимлари ва биноларнинг фасадлари;
қурилиш конструкцияларининг коррозиядан ҳимоя қилиш ечимлари.
Мураккаб бўлган иситиш, вентиляция ва ҳавони кондиционерлаш тизимлари, шунингдек сув таъминоти ва канализациянинг асосий иншоотлари учун техник ечимлар алоҳида тарҳлар ва қирқимлар кўринишида ишлаб чиқилиши мумкин.
г) смета ҳужжатлари:
Лойиҳада (унинг тегишли бўлимларида) якка тартибда ишланадиган, шу жумладан намунавий бўлмаган ва ностандарт ускуналар учун дастлабки талаблар келтирилиши лозим.
корхона, бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатлари таркиби ушбу ШНҚнинг 3-иловасида келтирилган.
2-§. Ишчи ҳужжатлар
22. Ишчи ҳужжатлар тушунтириш хати, ишчи чизмалар, ускуналар ва материалларга бўлган талаблар рўйхати, смета ҳужжатлари ҳамда намунавий лойиҳа ҳужжатларининг каталог варақларидан ташкил топади.
3-§. Ишчи лойиҳа
23. Ишчи лойиҳа қабул қилинган лойиҳа ечимлар ҳақида маълумот берувчи тушунтириш хатидан ва ишчи ҳужжатларидан ташкил топади.
4-§. Техник ечимлар
24. Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг техник ечимлари таркибига қуйидагилар киради:
а) лойиҳалаш учун бирламчи маълумотлар, ўхшаш конструкциялар, буюмлар ва тугунларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва қўллаш бўйича мавжуд тажрибалар ҳақида қисқача маълумотларни ўз ичига олган тушунтириш хати;
ҳисоблаш схемалари, катталиклар ва ҳисобий юкламалар жамланмаси ҳамда уларнинг асосномаси;
конструктив ечим вариантларининг қисқача тавсифи ва қабул қилинган вариантнинг асосномаси;
конструкция ва буюмларнинг (асосий ўлчамлари, вазни, материал сарфи кўрсатилган) номенклатураси ва қўлланиш соҳаси;
конструкция ва буюмларни тайёрлаш, тахлаш, ташиш ва монтаж қилиш усуллари, уларни коррозиядан ҳимоя қилиш ва ёнғинга чидамлилигини таъминлаш бўйича қисқача баённома;
асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар, уларни ўхшаш кўрсаткичлар билан таққослаш, ишлаб чиқариш ҳамда монтаж бўйича меҳнат ресурсларига талаблар;
б) асосий чизмалар — жойлаштириш схемалари, конструкция, буюм, тугунларнинг асосий таркибий қисмлари, туташув тугунларининг умумий кўриниши чизмалари (йиғма чизмалардан ташқари) ва лойиҳавий ечимини баҳолаш учун зарур бўлган бошқа чизмалар.
Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг ишчи чизмалари буюртмачи томонидан техник ечимлар маъқуллангандан сўнг ишлаб чиқилади.
5-§. Ишчи чизмалар
25. Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг ишчи чизмалари таркиби, уларни жамлаш ва расмийлаштириш бўйича стандартлар талабига мувофиқ бўлиши лозим.
Оммавий равишда ишлаб чиқаришга мўлжалланган қурилиш конструкциялари ва буюмларининг ишчи чизмаларини тайёрлаш билан бир вақтда, зарур бўлса, техник шартлар ҳам тузилади.
6-§. Смета ҳужжатлари
26. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари таркибида смета ҳужжатлари ишлаб чиқилганда, лойиҳалаштирилаётган корхона, бино ва иншоотларнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда қурилиш қийматини жорий нархларда аниқлаш лозим бўлади.
27. Смета ҳужжатлари ШНҚ 4.01.01 ва ШНҚ 4.01.16 га мувофиқ ишлаб чиқилади.
Смета ҳужжатларини тайёрлашда конструкция, буюм ва материаллар нархлари смета ҳужжатларини тайёрлаш вақтида амалда бўлган, қурилишда фойдаланиладиган моддий-техник ресурсларнинг жорий нархлари бўйича қабул қилинади.
28. Намунавий лойиҳа ҳужжатларининг сметалари қуйидаги иш турлари ва харажатлари бўйича алоҳида тузилиши лозим:
умумий қурилиш (бинонинг ер ости ва ер усти қисмлари) ишлари;
санитар-техника ишлари;
электр монтаж ишлари;
алоқа, сигнализация, автоматика ускуналарини олиш ва ўрнатиш;
ишлаб чиқариш;
хўжалик жиҳозлари ва мебеллар.
Намунавий лойиҳа ҳужжатларида лойиҳавий ечимлари турли вариантлардан ташкил топса, бу вариантлар учун қабул қилинадиган ишлар таркиби, ҳажми ва қиймати, шунингдек сметаларнинг шифри, тартиб рақами ва бирлик нархлари умумий тузилган смета ҳужжатларида келтирилади.
Намунавий лойиҳа ечимларининг смета ҳужжатлари, уларни ишлаб чиқиш учун берилган лойиҳалаш топшириғида кўрсатилган ҳажмда бажарилади.
Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг чизмалари учун смета ҳужжати тузилмайди.
7-§. Алоҳида талаблар
29. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари таркибига компьютерда ҳисоблаш дастурлари ва ҳисоблаш учун зарур бўлган дастлабки маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Улардан намунавий лойиҳаларни жойларга боғлаш ва таҳрир қилишда қўлланиш тавсия этилади.
30. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари ГОСТ 21.101-97, ГОСТ 21.501-93, ГОСТ 2.105-95 ҳамда ҚЛҲТ ва КҲЯТ тизимларига кирувчи стандартлар талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.
Лойиҳа ҳужжатлар ГОСТ 21.101-97 га мувофиқ мутасадди ходимлар томонидан имзоланади.
Шу билан бирга:
бош режа тарҳлари — бўлим бошлиғи ва ижрочи;
бошқа материаллар — лойиҳанинг бош муҳандиси (архитектори), бўлим бошлиғи, сифат назорати тафтишчиси ва ижрочи;
смета ҳужжатлари — уларни ишлаб чиқишда иштирок этган бўлим бошлиғи ва ижрочилар томонидан имзоланади.
Техник ечимлар ва ишчи чизмалар лойиҳани тайёрлашда иштирок этган лаборатория раҳбари, бўлим бошлиғи ва ижрочилар томонидан имзоланади.
7-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш
31. Корхона, бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг чизмалари буюртмачи ташкилот томонидан тасдиқланади.
Намунавий лойиҳалар ва намунавий лойиҳа ечимлари «лойиҳа» (ишчи лойиҳа) босқичида ва намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг чизмалари эса «ишчи чизма» босқичида тасдиқланади.
32. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор (буйруқ)да ушбу ШНҚнинг 4-иловасига мувофиқ маълумотлар киритилади.
8-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари фонди
33. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланганидан сўнг лойиҳа ташкилоти томонидан Намунавий лойиҳа ҳужжатлари фондига (кейинги ўринларда — Фонд) топширилади.
34. Фонд Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ёки унинг номидан тайёрлаш, сақлаш, нашр қилиш ва тарқатиш учун масъул этиб белгиланган лойиҳа ташкилоти томонидан юритилади.
35. Амалдаги меъёрларга мос келмаслиги сабабли намунавий лойиҳа ҳужжатларига тузатиш киритиш ёки уларни амалиётдан чиқариш ишлари уларни тасдиқлаган ташкилот томонидан амалга оширилади.
36. Фондга киритилган, амал қилиш муддати узайтирилган ҳамда Фонддан чиқарилган намунавий лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинади.
37. Фонддан чиқариб ташланган намунавий лойиҳа ҳужжатларидан тавсиявий маълумот сифатида фойдаланиш мумкин.
9-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини нашр этиш ва тарқатиш, эскирганларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш
38. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини нашр этиш ва тарқатиш ишлари Фондни юритувчи ташкилот томонидан буюртмаларга кўра амалга оширилади.
39. Буюртмачилар ва Фондни юритувчи ташкилот қурилиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлардаги ўзгаришларни ҳисобга олиш мақсадида намунавий лойиҳа ҳужжатларини мунтазам равишда кўриб чиқишлари зарур.
40. Эскирган намунавий лойиҳа ҳужжатни бекор қилиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уларга ўзгартириш киритиш масалалари ҳужжатни тасдиқлаган идоралар томонидан кўриб чиқилади.
10-боб. Намунавий лойиҳа ҳужжатларини қўллаш
41. Намунавий лойиҳа ҳужжатлари қурилиш майдони ва ҳудуди хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда аниқ қурилиш майдонига боғланиши лозим. Намунавий лойиҳа ҳужжати қурилиш учун ишчи ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида боғланади.
42. Намунавий лойиҳа ҳужжатини боғлашда лойиҳа ташкилоти:
бино ва иншоотларнинг координаталари ва баландлик сатҳларини аниқлаши;
қурилиш майдонининг геологик ва гидрогеологик хусусиятларидан келиб чиқиб пойдеворларнинг ўлчамлари, ўрнатиш чуқурлиги ва конструктив ечимларига аниқлик киритиши ва қўшимча конструктив чора-тадбирларини ишлаб чиқиши;
бинонинг ярим ертўла (цоколь) ёки ертўла қаватлари ечимини аниқлаштириши, шунингдек қурилиш майдонининг рельефига қараб, тонель, галерея ва шу каби иншоотларни туташув тугунларини ҳал этиши;
ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб тўсувчи конструкцияларнинг иссиқлик ўтказишга қаршилигини меъёрий талабларга мувофиқлаштириши, зарур ҳолларда тўсувчи ва юк кўтарувчи қурилиш конструкцияларнинг қабул қилинган ечимларига, шунингдек иситиш жиҳозлари ва вентиляция ускуналарининг турларига ва сонига аниқлик киритиши;
маҳаллий шароитни эътиборга олган ҳолда ишлар ҳажмини ва қурилишнинг смета қийматини қайта аниқлаши;
лойиҳада кўзда тутилган ускуналар, конструкциялар ва буюмлар ишлаб чиқаришдан олиб ташланган бўлса, шунингдек норматив ҳужжатларда қоида ва талаблар ўзгарганда намунавий лойиҳа ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиши;
лойиҳа ҳужжатининг сифатини, шунингдек унинг замонавий фан-техника даражасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, стандартларга, портлаш, ёнғин ва техник хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини таъминлаши лозим.
43. Лойиҳа ҳужжатининг ишчи чизмаларида намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларига ҳаволалар келтирилиши лозим.
Агар қўлланиш шароитида бундай чизмаларга ўзгартиришлар киритиш лозим бўлса (масалан, қўшимча қуйилма деталлар ўрнатиш кўзда тутилса), ишчи ҳужжатлар таркибига қўшимча ва ўзгартиришлар акс эттирилган чизмалар ва қўлланилган намунавий буюмлар рўйхати илова қилинади.
Ўзгартирилган буюмларга қўлланилган намунавий буюм маркаси берилади ва унга ҳарфли ёки рақамли индекс қўйилади.
44. Бекор қилинган намунавий лойиҳа ҳужжатларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
ШНҚ 1.03.04-22 Намунавий лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
1-ИЛОВА
(тавсиявий)
I. Корхона, бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғига умумий талаблар
Корхона, бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғи ушбу ШНҚ талабларига мувофиқ равишда тузилиб, қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
намунавий лойиҳа ҳужжатининг (намунавий лойиҳа ечимининг) тўлиқ номи;
ишлаб чиқиш учун асос;
бош лойиҳа ташкилоти ва бу ишда қатнашадиган бошқа лойиҳа ташкилотларнинг номи, улар орасидаги иш тақсимоти;
ишлаб чиқиш босқичлари;
тасдиқлаш учун топшириш муддати ва тасдиқловчи орган номи;
объектнинг фойдаланиш мақсади, таркиби ва асосий тавсифлари (қуввати, сиғими, ўтказиш қобилияти ёки бошқа кўрсаткичлари, номенклатураси ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда уларнинг сифатига қўйиладиган талаблар;
қурилиш-иқлим шароитлари ва уларга нисбатан намунавий ҳужжатлар ишлаб чиқилган шартли қурилиш майдонларининг маълумотларини кўрсатган ҳолда намунавий ишчи ҳужжатлар рўйхати;
атроф-муҳит шароитлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари;
сув, энергия, газ ва иссиқлик таъминоти (иссиқлик ташувчининг тури, қиймати, параметри) ҳамда канализация шароитлари;
корхона, бино ва иншоотларнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
меъморий-бадиий, ҳажмий-режавий ечимлар бўйича талаблар, бир-бирига жипслаштириш талаблари (корхона, бино ва иншоотларнинг турлари бўйича);
корхона, бино ва иншоотлар ҳамда конструкцияларнинг параметрларини унификация қилиш бўйича кўрсатмалар;
конструктив ечим, йиғма конструкция элементларининг чегаравий вазни, юк кўтарувчи ва тўсувчи конструкцияларнинг материали ва пардозлашга оид талаблар;
смета қийматини ҳисоблашга оид шартлар;
намунавий лойиҳа ҳужжатини ёки унинг алоҳида қисмларини, шунингдек алоҳида ечимларини танлов асосида ишлаб чиқиш талаблари;
алоҳида лойиҳа ечимларини манфаатдор идора ва ташкилотлар билан келишиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар;
буюртмачи томонидан бош лойиҳачи ташкилотига ва субпудратчи ташкилотларга тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар таркиби;
ишнинг махсус шартлари, шу жумладан тадбирлари, табиий ва техноген характерга эга бўлган фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазасига қўйиладиган талаблар;
корхона, бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар.
II. Корхоналарнинг бино ва иншоотлари намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғига қўйиладиган қўшимча талаблар
Корхоналарнинг бино ва иншоотлари намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаш топшириғи ушбу илованинг I-бўлимида белгиланганлардан ташқари қуйидаги талабларни ва дастлабки маълумотларни ўз ичига олади:
ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологияси ва усулларига талаблар;
хом ашё ва ёқилғи хусусиятларига талаблар;
ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ва автоматлаштириш бўйича талаблар;
саноат оқова сувларини тозалаш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини зарарсизлантириш ва йўқ қилиш ҳамда иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш оид талаблар;
қурилиш ва фойдаланиш шароитлари (иқлим ва грунт шароитлари, ҳарорат-намлик режими ва хоналардаги ҳаво тозалиги, товуш босими даражаси ва бошқалар);
технология, ускуналар, қурилиш конструкциялари ва материаллари соҳасидаги илмий-техника ютуқларидан фойдаланиш бўйича топшириқ.
III. Турар жой ҳамда фуқаровий бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғи мазмунига қўйиладиган қўшимча талаблар
Турар жой ҳамда фуқаровий бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғи ушбу илованинг I-бўлимида белгиланганлардан ташқари қуйидаги талабларни ва дастлабки маълумотларни ўз ичига олади:
бино ва иншоотларнинг функционал фойдаланиш мақсади;
турар жой биноларининг турлари (қаватлар сони, блок-бўлимлар сони ва бошқалар), турар жой бинолари таркибида қўшиб қурилган хизмат кўрсатиш муассасалари, уларнинг функционал фойдаланиш мақсади, турлари, қуввати, ҳажми, қабул қилиш имконияти, ўтказувчанлиги ва бошқалар;
квартираларнинг турлари, уларнинг аҳоли демографик таркибига ва қурилиш ҳудудига мувофиқлиги;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини таъминлашга қўйиладиган талаблар;
лойиҳа ечимлари учун вариантларни ишлаб чиқиш, лойиҳа доирасида қўшимча ҳужжатларни ва тақдимот материалларини тайёрлаш билан боғлиқ кўрсатмалар.
ШНҚ 1.03.04-22 Намунавий лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
2-ИЛОВА
(тавсиявий)
Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунлари чизмаларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғига қўйиладиган умумий талаблар
Намунавий қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунлари чизмаларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа топшириғи ушбу ШНҚ талабларидан келиб чиқиб тузилиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
чизмалари ишлаб чиқиладиган конструкциялар, буюмлар ва тугунларнинг номи;
ишлаб чиқиш учун асос;
чизмаларни ишлаб чиқадиган бош лойиҳа ташкилоти номи;
чизмаларни ишлаб чиқишда иштирок этувчи лойиҳа, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ташкилотлари номи ва улар ўртасидаги ишлар тақсимоти (агар бундай маълумот бўлса);
ишлаб чиқиш босқичлари;
қурилиш конструкциялари, буюмлари ва тугунларининг мақсади, вазифаси ва материаллари хусусиятлари;
ҳисоблаш ва конструкциялаш бўйича махсус кўрсатмалар;
конструкциялар ва буюмларни унификациялаш, ишлаб чиқариш технологик талаблар ва ишлаб чиқариш шароитлари;
фойдаланиш, ташиш, сақлаш ва қўллаш шартлари;
техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
лойиҳа ишларининг натижалари ва ишларнинг таркиби (серия ва нашр);
лойиҳа чизмаларини манфаатдор идора ва ташкилотлар билан келишиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар.
ШНҚ 1.03.04-22 Намунавий лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
3-ИЛОВА(тавсиявий)
Корхона, бино ва иншоотларнинг намунавий лойиҳа ҳужжатлари таркиби
I-босқич — лойиҳа:
1. Умумий тушунтириш хати қуйидагиларни ўз ичига олади:
ишлаб чиқилаётган намунавий ҳужжатлар шартлари;
меъморий-режалаштириш ва конструктив ечимлар;
муҳандислик ва технологик ускуналар ечимлари;
биноларни пардозлаш бўйича ечимлар;
техник хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар (турар жой бинолари учун);
техник-иқтисодий кўрсаткичлар ва бошқа маълумотлар.
2. Асосий чизмалар:
қурилиш майдонининг бош режа чизмаси (М 1:500, 1:1000);
фасадлар (М 1:100, 1:200);
қаватларнинг технологик режаси (турар жой бинолари учун мебель жиҳозларини жойлаштириш вариантлари билан) (М 1:50, 1:100);
қаватлар режаси (М 1:100, 1:200);
блок-бўлимлар режалари (М 1:50, 1:100);
характерли жойлар бўйича қирқимлар (М 1:50).
3. Смета ҳужжатлар.
4. Қўшимча ҳужжатлар (мавжуд бўлганда).
5. Тақдимот материаллари (лойиҳалаш топшириғига кўра).
II-босқич — Ишчи лойиҳа:
1. Умумий тушунтириш хати қуйидагиларни ўз ичига олади:
бино ва иншоотларнинг функционал фойдаланиш мақсади;
меъморий-режавий ва конструктив ечимлар;
муҳандислик ва технологик ускуналар ечимлари;
биноларни пардозлаш бўйича ечимлар;
техник хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар (турар жой бинолари учун);
техник-иқтисодий кўрсаткичлар ва бошқа маълумотлар.
2. Чизмалар:
қурилиш майдонининг бош режаси, жумладан объект ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш участкалари акс этилган бош режа (М 1:500, 1:1000);
фасадлар (М 1:100, 1:200);
қаватларнинг технологик режаси (турар жой бинолари учун — мебель жиҳозларини, жамоат бинолари учун — технология ускуналарини жойлаштирган ҳолда) (М 1:50, 1:100);
қаватлар режаси, жумладан меъморий-режавий ечимлари (0.000 баландлик сатҳидан пастки ва устки қисмлари алоҳида) (М 1:100, 1:200);
блок-бўлимлар режалари (М 1:50, 1:100);
характерли жойлар бўйича қирқимлар (М 1:50);
иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш, ички сув, газ ва электр таъминоти ҳамда канализация, алоқа, сигнализация ва автоматлаштириш тизимлари ҳамда муҳандислик ускуналари бўйича ишчи ҳужжатлари тўплами;
якка тартибда ишлаб чиқариладиган (ностандарт) қурилиш конструкциялари ва буюмларининг ишчи чизмалари, буюртма рўйхатлари ва сўроқ варақлари (зарурат бўлса);
намунавий бўлмаган конструкциялар ва буюмлар, муҳандислик жиҳозлари ҳамда ускуналарнинг умумий кўриниши чизмалари.
3. Смета ҳужжатлар.
4. Қўшимча ҳужжатлар (мавжуд бўлганда).
5. Тақдимот материаллар (лойиҳалаш топшириғига кўра).
ШНҚ 1.03.04-22 Намунавий лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
4-ИЛОВА
(тавсиявий)
Намунавий лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжатга киритиладиган асосий маълумотлар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар
Маълумотлар ва техник-иқтисодий кўрсаткичлар таркибига қуйидагилар киритилиши керак:
корхона, бино ва иншоотнинг номи;
асосий техник-иқтисодий маълумотлар ва кўрсаткичлар;
қуввати (йиллик маҳсулот чиқариш ҳажми, сиғими, қабул қилиш имконияти, хизмат кўрсатиш ҳажми ва шу кабилар) ҳисобий бирликларда ёки млн.сўмда;
хизмат қилувчи ходимлар ҳамда ишчилар сони (ишлаб чиқариш объектларида);
бино ва иншоотнинг майдонлари (корхоналар учун — ишчи майдони, турар жой ва фуқаровий бинолари учун — фойдали майдони, қурилиш майдони, кв.м);
бино ва иншоотнинг қурилиш ҳажми, куб.м.
смета қиймати (умумий), млн.сўм, шу жумладан, қурилиш-монтаж ишлари;
ҳисобий бирликка умумий смета қиймати, сўм;
маҳсулот ҳисобий бирлигининг таннархи, сўм (ишлаб чиқариш объектлари учун);
меҳнат унумдорлиги (киши бошига йиллик маҳсулот ҳажми), минг.сўм.
ҳисобий бирликка энергия ресурслари (иссиқлик ва электр энергияси) сарфи;
қурилишда меҳнат сарфининг ҳисобий бирликлари — одам-соат;
қурилиш-монтаж ишлари — млн.сўм;
ҳисобий бирлик учун қурилиш материаллари (цемент, металл, ёғоч материаллар ва бошқалар) сарфи;
ишчи ҳужжатларни тайёрлашга доир кўрсатмалар (зарурият бўлса);
намунавий лойиҳа ҳужжатининг амал қилиш муддати (зарурият бўлса).