Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиб, ташқи сиёсий алоқаларни янада ривожлантириш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида олий даражадаги 8 та хорижий ташриф ва 150 га яқин турли учрашувлар, онлайн мулоқотлар ташкил этилган.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани туфайли БМТ ва ЕХҲТ доирасида мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ халқаро ташаббуслари бўйича 5 та махсус резолюция қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлиги бўйича ташаббусларини илгари суришда муайян ишлар қилинган.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурларига киритилган 756 та лойиҳани амалга оширишга ҳамда 8,1 млрд долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштиришга кўмаклашилган.
Барча дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳар бир лойиҳа ташаббускорлари ва хорижий ҳамкорлар билан «лойиҳабай» тизимда ишлар ташкил этилган.
Шунингдек, хорижий давлатларнинг салоҳиятли инвесторлари ва ишбилармон доира вакилларининг мамлакатимизга 1 100 дан ортиқ ташрифлари ташкил этилган.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари кўмагида умумий қиймати 686,3 млн долларга тенг бўлган 912 та савдо шартномаси тузилган.
Корея, Япония, Германия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий соҳалардаги умумий қиймати 1,5 млрд доллар ва 203,1 млн еврога тенг бўлган молиявий-техникавий ҳамкорлик (грант, кредит) бўйича халқаро шартномалар имзоланган.
Шунингдек, 2021 йилда умумий ҳисобда 300 мингга яқин консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилган. 5 700 дан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинган ва 21 нафар фуқарога ижтимоий ёрдам кўрсатилган. 58 та консуллик фаолиятига доир халқаро шартномалар ва миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (1 та қонун) имзоланган.
Коронавирус пандемияси даврида белгиланган чекловлар сабабли хорижий давлатларда қолиб кетган 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтарилган.
Шу билан бирга, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш бўйича соҳада айрим тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни ривожлантириш йўналишида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари бирдек самарали ишламаяпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Туркия, Германия, Хитой, Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг иқтисодий дипломатия соҳасидаги самарали ташаббусларини қайд этиш мумкин. Ўзбекистоннинг Бельгия ва Испаниядаги дипломатик ваколатхоналари ушбу мамлакатларнинг мавжуд салоҳиятидан етарли даражада фойдаланмаяпти.
Айрим элчихоналаримизнинг бириктирилган ҳудудлардаги фаолияти қониқарсиз. Хусусан, Исроилдаги элчихона Бухоро вилоятида, Франциядаги элчихона Жиззах вилоятида, Эрондаги элчихона Қашқадарё вилоятида, Япониядаги элчихона Сурхондарё вилоятида ўзлари илгари сурган бирорта инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаганини қайд этиш мумкин.
Қатор дипломатик ваколатхоналарнинг бириктирилган иқтисодиёт тармоқларидаги лойиҳаларни татбиқ этиши талабга жавоб бермаяпти. Жумладан, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси томонидан инвестиция, илғор технологияларни жалб этиш, нефть ва газ саноатида янги савдо битимларини тузиш борасида бирор-бир салмоқли иш амалга оширилмаган. Тоғ-кон сектори ва металлургияга Ҳиндистон инвестицияларини жалб қилиш йўналишидаги ишлар ҳам бажарилмаган.
Дипломатик ваколатхоналар томонидан таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари пухта ишлаб чиқилмаганлиги оқибатида кейинчалик истиқболсиз деб топилмоқда.
Хусусан, сенаторлар томонидан ҳудудлардаги ўрганишлар шуни кўрсатдики, инвестиция лойиҳаларининг тахминан тўртдан бир қисми амалга ошириш босқичига етиб бормаган.
Қорақалпоғистон Республикасида элчихоналар томонидан илгари сурилган, 2022 йилдан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган 50 тадан ортиқ турли инвестиция лойиҳаларининг 13 таси истиқболсиз ҳисобланади. Тошкент вилоятида элчихоналар 41 та инвестиция лойиҳаси ташаббускори бўлган, улардан 11 таси истиқболсиз деб топилган.
Дипломатик ваколатхоналарнинг ресурсларни тежайдиган илғор технологияларни жалб қилиш, мамлакатимиз ҳудудларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосида юқори қўшимча қийматга эга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаолияти ҳам талаб даражасида эмас.
Бундан ташқари, вазирлик фаолиятида эътибор қаратилиши зарур бўлган муайян муаммо ва масалалар ҳам сақланиб қолмоқда.
Тузилган шартнома ва келишувларга қарамасдан, минтақалараро ҳамкорлик ва шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ривожлантириш йўналишида тизимли ишлар ҳамда амалий натижалар мавжуд эмас.
Меҳнат муҳожирларимиз кўп бўлган мамлакатлар (Туркия, Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари)да консуллик муассасалари ва консуллик ходимларининг етишмаслиги Ўзбекистон фуқароларига сифатли консуллик хизматларини кўрсатишда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш лозим. Ўрганиш натижаларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали вазирликка 1 974 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 110 тасини кўриб чиқишда белгиланган муддатлар бузилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 26 августдаги СҚ-367-IV-сонли Қарорида кўрсатилган қатор топшириқлар ижроси таъминланмаган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги фахрий консуллари институтидан фойдаланиш бўйича ишлар амалга оширилмаган.
Чет элда доимий ёки вақтинча яшайдиган фуқаролар учун электрон шаклда давлат хизматларини олиш имконини берадиган дастурий таъминот тизими жорий этилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарига бириктирилган ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари билан ишлаш самарадорлигини ҳамда ваколатхоналар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сонли Фармони 25-иловасининг 33-бандидаги чет элда доимий ёки вақтинча истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун электрон давлат хизматларини яратиш бўйича белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;
мазкур банд ижроси тўғрисида маълумотни бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги уч ой муддатда:
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда вазирлик фаолиятини қайта кўриб чиқсин;
экология соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, атроф муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилишни назарда тутадиган Марказий Осиё бўйича Минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишга қаратилган ишларни ташкил этсин;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
маҳаллий маҳсулотлар самарадорлиги, сифати ва қўшимча қийматини оширишга хизмат қиладиган илғор хорижий технологияларни жалб қилиш соҳасида хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритсин;
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг уларга бириктирилган республика ҳудудларининг ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишдаги шахсий жавобгарлигини оширсин;
вазирликка келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, умумлаштиришнинг марказлашган тизимини ташкил этган ҳолда уларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш бўйича «рақамли назорат»ни ўрнатсин;
БМТнинг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистоннинг фахрий консуллар институтидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш ва кенгайтириш чораларини кўрсин;
Термиз шаҳрида Афғонистон учун кадрлар тайёрлаш маркази фаолиятини ташкил этишга техник кўмак кўрсатиш ва хорижий грант маблағларини жалб этиш масаласини ўргансин;
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорида таклиф этилаётган туризм маҳсулотини, жумладан, зиёрат туризми ва тарихий саёҳатларни диверсификация қилиш масаласини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олиш, хатловдан ўтказиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишга мўлжалланган электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро шартномалар ва келишувларни қайта ўрганиб чиқиш, унинг якунлари бўйича аввал имзоланган шартномаларни янгилаш ва бошқа шартномалар тузиш бўйича таклиф киритсин;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Марказий Осиё давлатларида мухбирлик пунктларини очиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда Россиядаги мавжуд иқтисодий вазиятнинг меҳнат мигрантларига таъсирини комплекс таҳлил қилиб, Сенатга ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда дипломатик ваколатхоналарни Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари ва минтақаларининг инвестиция ва экспорт салоҳияти бўйича зарур ахборот материаллари (тақдимотлар, флайерлар, видеоматериаллар ва ҳ.к.) билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги уч ой муддатда:
МДҲга аъзо давлатларнинг маданий мероси виртуал музейини ташкил этиш бўйича ишларни якунласин;
Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари музейлари ва архивлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, минтақа мамлакатлари тарихи ва маданияти акс этган каталогларни нашр этиш бўйича Ташқи ишлар вазирлигига таклифлар киритсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда:
хорижий давлатлар ҳудудлари ва шаҳарлари билан эришилган келишувларнинг қатъий бажарилишини таъминласин, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифларни Ташқи ишлар вазирлигига киритсин;
ҳудудга бириктирилган дипломатик ваколатхона билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини, шу жумладан, ҳар ойда онлайн форматда ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари ҳамда савдо шартномаларини амалга ошириш масаласини муҳокама қилишни назарда тутувчи механизмларни жорий этсин;
халқаро талабларга жавоб берадиган истиқболли инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантирсин ва уларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳамда Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 1 июлга қадар мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида умумлаштирилган ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритсин.
9. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 17 март,
№ СҚ-492-IV.