Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2904-3]
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2017 йил 18 июлдаги 01-02/12-24-сон қарори (рўйхат рақами 2904, 2017 йил 27 июль), (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 30-сон, 755-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Раис А. МАВЛОНОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 4 март,
12/02-22-00437-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси биринчи ўринбосари И. ДЖАСИМОВ
2022 йил 25 февраль
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2022 йил 4 мартдаги 12/02-22-00437-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 4-бандда:
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«экспорт» божхона режимида божхона юк декларацияси «яшил» ва «сариқ» йўлаклар орқали расмийлаштирилган ҳолларда, бундан мазкур Қоидаларнинг 5-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мустасно;»;
олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. 5-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Экспорт» божхона режимида божхона юк декларацияси «яшил» ва «сариқ» йўлаклар орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, товарлар Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини расмийлаштирилган ҳолда олиб чиқилаётганда, шунингдек юк жўнатувчилар ва (ёки) ташувчиларнинг талабига кўра махсус божхона пломбалари чегара божхона постларида транспорт воситаларининг юк бўлимларига ўрнатилади.».
3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Махсус божхона пломбаси тўғрисидаги маълумот товар ва транспорт воситаларига расмийлаштирилган транзит декларациясида ёки Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасида, шунингдек олиб чиқиладиган товарлар ортилган транспорт воситалари учун божхона юк декларациясида қайд этилади.».
4. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2022 й., 10/22/2904-3/0247-сон)