Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри ва Ўртачирчиқ туманининг чегараларини ўзгартириш, Тўйтепа шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш, шунингдек Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудини қисман ўзгартириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 8 ва 10-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифи қабул қилиниб:
Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри ва Ўртачирчиқ туманининг чегаралари ўзгартирилсин ҳамда Ўртачирчиқ тумани ҳудуди 48 792,8 гектар ва Тўйтепа шаҳри ҳудуди 3248,2 гектар этиб белгилансин;
Тўйтепа шаҳри вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилсин;
Тўйтепа шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилансин;
Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудининг бир қисми — Ўртачирчиқ тумани ҳудудидаги анклав бўлган Чиғириқ шаҳарчасининг 122 гектар майдони Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри таркибига ўтказилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри таркибига ўтказилаётган Ўртачирчиқ тумани сайлов округларидан (11-Қорасув, 14-Дўстлик, 15-Тўйтепа, 16-Тўйтепа, 17-Тўйтепа, 18-Янги турмуш, 22-Янги ҳаёт, 23-Янги ҳаёт, 25-Истиқлол, 26-Истиқлол) сайланган халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман Кенгашининг депутатлари ҳамда Ангрен шаҳар сайлов округидан (30-Чиғириқ) сайланган халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг депутати халқ депутатлари Тўйтепа шаҳар Кенгашининг депутатлари ҳисобланади.
3. Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳри чегарасининг тавсифи ва график чизмаси ҳамда Ўртачирчиқ тумани чегарасининг график чизмаси Тошкент вилояти Ангрен шаҳрининг ўтказилаётган ҳудуди ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 1 — 3-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 август,
1050-III-сон