Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббий экспертиза муассасаларида суд-тиббиёт экспертизаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 13-бандига ўзгартириш киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 17 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2259-2]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 26 июндаги 21-сонли ««Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббий экспертиза муассасаларида суд-тиббиёт экспертизаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2259-3, 10.07.2023 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 октябрдаги ПҚ-5263-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2011 йил 25 июлдаги 227-сон буйруғи (рўйхат рақами 2259, 2011 йил 28 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 34-35-сон, 360-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-тиббий экспертиза муассасаларида суд-тиббиёт экспертизаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 13-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суд-тиббиёт экспертизасини тайинлаган ва суд-тиббий экспертиза муассасасининг хизмат кўрсатиш минтақасидан ташқарида жойлашган органлар (шахслар) учун суд-тиббиёт экспертизаси, мазкур органлар (шахслар) жойлашган ҳудуддаги суд-тиббий экспертиза муассасасида тегишли экспертиза турини ўтказишнинг имкони бўлмаган ҳолларда (текширишларни ўтказиш учун тегишли мутахассислар ёки зарур моддий-техник база ёхуд махсус шароитлар бўлмаса), ушбу муассаса томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин.».
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 24 февраль,
6-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2022 й., 10/22/2259-2/0235-сон)